Шароит бор жойда шикоят бўлмайди

24

Навоий вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси ташаббуси билан ишчи-ходимларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш, ижтимоий ҳимоя ҳамда хавфсизлик чораларини кучайтиришга бағиш­ланган семинарлар ташкил қилинди.

«Қизилқумцемент» АЖда бўлиб ўтган семинар «Хавфсизлик, саломатлик ва келажакдаги меҳнат» деб номланди. Унда бирлашма кенгаши раиси Назира Тоғаева йиғилганлар эътиборини мамлакатимизда муносиб ва хавфсиз меҳнат қилиш учун яратилаётган кенг имкониятлар кўлами, кучли ижтимоий ҳимоянинг халқимиз учун нақадар фойдали бўлаётганига қаратди.
Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрия­­си ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси ўринбосари Баҳодир Султоновнинг ишчи-ходимлар саломатлигига жиддий хавф солувчи омилларни бартараф этиш механизмларини кучайтириш, муносиб ва хавфсиз меҳнат қилишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш билан боғлиқ фикрлари ҳам қизғин мунозараларга сабаб бўлди.
Тадбирда қатнашчилар иш берувчилар ва ходимлар ўртасида соғлом меҳнат муҳитини яратиш, меҳнатни муҳофаза қилиш борасида жамоатчилик назоратини янада юқори даражага олиб чиқиш масалаларида бир тўхтамга келишди.
Бирлашма мажлислар залида бўлиб ўтган «Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар» мавзусидаги давра суҳбатида эса Йил дастури ижроси, аҳоли банд­лигини таъминлаш, меҳнат муносабатларини такомиллаштириш, буюджет ташкилотларида меҳнатга ҳақ тўлаш, ижтимоий ҳимоя каби масалаларга эътибор қаратилди. Касаба уюшмалари, иш берувчилар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида тузилган ҳудудий келишувлар натижалари муҳокама қилинди.
Тадбирда иштирокчилар ходимга таътил пайтида даволаниши учун моддий ёрдам бериш, хизмат доирасидаги сафар харажатларини молиялаштириш, мукофотлаш, нафақага кузатиш борасидаги янгиликлардан бохабар этилди.

Нормурод
МУСОМОВ

Бошқа хабарлар