ТАШАББУС МАЪҚУЛЛАНДИ:

26

2020 йилдан бошлаб Тошкент вилояти
бюджет ташкилотлари ходимлари иш берувчи томонидан бепул тиббий кўрикдан ўтиш имкониятига эга бўлади.

Бу ҳақда вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши ташаббуси билан Нурафшон шаҳридаги 12-мусиқа ва санъат мактабида ўтказилган «Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар» мавзуидаги давра суҳбатида маълум қилинди.

«Меҳнат муҳофазаси ойлиги» доирасида ташкил этилган ушбу тадбирда бирлашма кенгаши раҳбар ва ходимлари, фаоллар, меҳнат муҳофазаси ҳамда техника хавфсизлиги вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўнгги йилларда инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, барча соҳаларда ходимларнинг меҳнат ­шароитини яхшилаш, уларнинг хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бу борада тизимли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.
– Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак, деган тамойил кундалик ҳаётимизга татбиқ қилингач, жуда кўп­лаб соҳаларда туб ўзгаришлар содир бўлмоқда, – деди бирлашма кенгаши раиси ўринбосари Ўткир Рашидов. – Хусусан, касаба уюшмалари, иш берувчилар бирлашмалари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан аҳолининг фаровон турмуш кечириши учун бир қатор янгиликлар жорий этилмоқда. Масалан, аввалги семинарларимизда фуқаролар томонидан бюджет ташкилотлари ходимларини бепул тиббий кўрикдан ўтказиш борасида таклиф тушган эди. Унга биноан зудлик билан чора-тадбирлар ишлаб чиқдик. Насиб қилса, келаси йилдан ушбу таклифлар амалиётга татбиқ этилади.
Семинарда тегишли мутахассислар томонидан «Аҳоли бандлигини таъминлаш ишлари ва меҳнат муносабатларини янада такомиллаштириш», «Касаба уюшмалари, иш берувчилар бирлашмалари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида тузилган ҳудудий (минтақавий) келишуви бажарилишининг дастлабки натижалари» каби бир қатор мавзуларда маърузалар қилинди.
Жонли мулоқот тарзида ўтган тадбирда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

Ғуломжон
МИРАҲМЕДОВ

Бошқа хабарлар