Ҳайрон бўлманг, aслида у Менделеев эмас

46

Менделеев – жаҳон илм-фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган буюк олимлардан бири. Кўпчилигимиз уни одатда, мактаб кимё хонасидаги серсоқол портрети ҳамда, унинг номи билан аталувчи, кимёвий элементлар даврий жадвали орқали биламиз.

Дмитрий Менделеев, Тобол шаҳри гимназиясининг директори лавозимида ишлаган Иван Павлович Менделеев оиласидаги 17-фарзанд бўлган, ўша вақтларда, бунчалик кўп болали оилага эга бўлиш, рус зиёлилари орасида ниҳоятда кам урф бўлган ҳодиса сифатида қаралган. Аслида у Менделеев эмас. Ҳайрон бўлманг, ҳақиқатан ҳам Дмитрий Ивановичнинг асл фамилияси Менделеев эмас. Бу ҳатто тахаллус ҳам эмас. Аксинча, Менделеев – Иван Павловичларнинг қўшнисининг фамилияси! Гап шундаки, уларинг оиласининг асл фамилияси Соколов бўлган. Бироқ, Дмитрий Ивановичнинг бобоси, яъни Павел Максимович, ўзининг ҳудожўйлиги туфайли, черков хизматига кириб, у ерда маълум мартабага эришгач, ўша замон анъаналарига кўра, ўз ўғилларига бошқа фамилиялар берган. Хусусан, катта ўғли Александрга фамилияни, черков жойлашган қишлоқ номини – Тихомандритский деб ўзгартирган бўлса, Иванга, яъни, машҳур олимнинг отасига, қишлоқдаги қўшнилари – Менделеевларнинг фамилиясини берган экан. Ана шунақа, ҳозир биз Менделеев эмас, балки, Соколов даврий жадвали ҳақида гаплашаётган бўлишимиз мумкин эди…

Дмитрий Менделеев гимназияда унчалик яхши ўқимаган. У айниқса лотин тили ва илоҳиёт дарсларини умуман хушламаган. Петербургдаги педагогика институтидаги ўқиш чоғида у яхши ўзлаштирмаганлиги учун, бир марта курсдан курсга ҳам қолдирилган. У биринчи курсда, математикадан ташқари бошқа барча фанлардан қониқарсиз баҳо олган экан. Математикадан ҳам у зўрға 3га топширган… Бироқ, юқори курсларга ўтиб, бўлажак олимнинг ишлари юришиб кетди: у барча фанларни аълога ўзлаштириб, ўртача 4.5 балл билан институтни якунлади, фақат илоҳиёт дарсларидан Менделеев 3 баҳо олган. 1855 йилда, Дмитрий Менделеев институтни олтин медал билан якунлайди ва Симферопол гимназиясига катта ўқитувчи қилиб ишга тайинланади.

Менделеевнинг асосий ишидан ташқари, қўшимча ҳунари, ёки хоббиси – китобларни муқовалаш, портретлар учун рамкалар тайёрлаш ва чамадонлар ясаш борасида етук уста бўлганлигини кўпчилик яхши билмаса керак. У ясаган чамадонлар, Москва, Қозон, Петербург ва бутун шарқий Европа бозорларида харидордир бўлиб, ўзига хос оғзаки бренд – «айнан Менделеевники» номи остида, савдогарлар орасида маълум ва машҳур бўлган. Бундан ташқари, олим, ўз даври учун ғоят мукаммал ва мустаҳкам саналган клей маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича ҳам донг таратган. У ўз клей тайёрлаш ретсептини қаттиқ сир сақлаган.

Биз даврий жадвал муаллифи сифатида танийдиган Дмитрий Менделеев, шунингдек, нефтни тармоқланган қувурлар системаси орқали, қазиб олиш жойларидан қайта ишлаш корхоналарига узатиш ғоясининг муаллифи ҳамдир. Айнан Менделеев, нефтнинг келиб чиқиши органик кимёга бориб тақалишини, ва уни таркибий қисмларга парчалаш орқали, бензиндан бошқа яна кўплаб фойдали маҳсулотлар олиш мумкин бўлишини таъкидлаган. У нефтнинг иккиламчи қолдиқларини шунчаки ёқиб юборишни жиноят сифатида баҳолаган эди. У ўз замонаси нефт магнатларига, нефтни араваларда ва мешларда ташишдан кўра, систерна ва қувурларда узатиш иқтисодий ва хавфсизлик нуқтаи назарларидан фойдали эканлигини аниқ амалий мисоллар ва математик ҳисоб-китоблар билан исботлаб берган.

Дмитрий Менделеевнинг номзоди, жаҳондаги энг нуфузли илмий мукофот бўлмиш – Нобел мукофоти учун уч марта 1905, 1906, ҳамда, 1907-йилларда илгари сурилган. Бироқ ҳар сафар, мукофот унинг рақобатчиларига топширилган.

Менделеев шарафига, муаллифи унинг ўзи бўлган, кимёвий элементлар даврий жадвалидаги 101-елемент, «Менделеевий»деб аталган. ғалати жойи шундаки, илк бора 1955-йилда сунъий равишда олинган мазкур 101-елемент учун рус кимёгари номини, русларнинг ўзи ёки уларга қардош миллат олимлари эмас, балки, уларнинг океан ортидаги ашаддий рақобатчилари – АҚШнинг Калифорния штати, Беркли университетининг Г.Сиборг бошчилигидаги кимёгар олимлари гуруҳи таклиф этган!Совуқ уруш айни авжига чиққан замонларда ҳам, илм-фан фидойиларининг бундай толерант ва беғараз позитсия тутишлари таҳсинга сазоров ҳолатдир…

Сурайё Салаева,

Хоразм вилояти, Урганч туманидаги 38 сўнли мактабнинг кимё фани ўқитувчиси

Бошқа хабарлар