«Параллелeпипед»ни излаб…

24

Ўқувчининг миясини чарчатишдан нима наф?

Мактабда бошланғич синф ўқувчиларига дарс бераман. 22 йиллик меҳнат стажим бор. Унга асосан айтишим мумкинки, ҳамма ўқувчи дарсни бир хил ўзлаштиролмайди. Бугун мен ва мен каби педагогларни қийнаётган муаммо ана шу жараёнга бевосита боғлиқ бўлган дарсликлар ҳақида…

Масалан, 3-синф математика фани режасини тузиш учун қўлимизга дастур келди. Унда назорат ишлари учун жуда кам соат ажратилган. Яъни, йиллик 170 соат дарсдан 10 соати назорат иши учун. Бу жуда кам…
Бир синфда 22 нафар ўқувчи ўқиса, шуларнинг 15 нафари яхши ўзлаштирадиган, қолган 7 нафари эса ўзлаштириши суст ўқувчилардир. Биргина математика фанини олсак, ўқувчилар билан асосий сабоқлардан ташқари, ҳафтада уч кун беш соатдан қўшимча равишда ишлаймиз. Шундай қилмасак, улар берилган мавзуларни ўзлаштира олмайди. Чунки ҳар соатда янги мавзу ўтиляпти. Дарсликда бу мавзуларни мустаҳкамлаш учун мавзулар ажратилмаган.
Мисол учун, 3-синф ўқувчиларига 17 сентябрь санасида «Комбинаторлик масалалар» мавзусини ўтгандик. Мана, ноябрь ойи тугаяптики, ҳали бирор марта шунга ўхшаш масала кўрмадим. Ёки бир масалада «параллелeпипед» ҳақида машқ берилган. Аммо шу синф дарслигида у ҳақида маълумот йўқ. Биз нима қилдик? Юқори синфлар учун мўлжалланган «Геометрия» дарслигидан «параллелeпипед» қоидасини топиб, ўргатдик. Аммо «параллелeпипед» ҳақидаги мисоллар ҳам давомли эмас. Шу биргина мисол учун боланинг миясини чарчатишдан нима наф? Қаранг, бола олган янги тушунчасини мустаҳкамламасдан навбатдаги мавзулар қўйилган ва ўқувчи дарсликни яхши ўзлаштиролмай қолмоқда. Демак, дарсликларни қайта ишлашда бу жиҳатларга жиддий эътибор қаратиш лозим.
Биз ўқитувчилар ўқувчиларнинг дарс­ларни пухта ўзлаштириши тарафдоримиз. Аммо дарс мавзуларининг ўта мураккаблашиб бораётгани ва мавзуни мустаҳкамлаш учун давомли машқлар берилмаётгани, узвийликнинг йўқлиги педагоглар ва ота-оналарни ташвишга солмоқда. Унутмаслик керакки, ўрта мактабларда ҳамма ўқувчи ихтисослаштирилган мактабларга саралаб олинган ўқувчилар сингари бирдек иқтидорли эмас. Ўрта мактабларда ўзлаштириши паст болалар ҳам бор. Масаланинг ана шу томони ҳам, албатта, инобатга олиниши зарур.
Шундай экан, дарсликларни тайёрлаётган ва ўқув дастурлари тузаётган олимларимиз жараёнларнинг асосий эгалари бўлмиш биз ўқитувчилар билан фикрлашиб, қўлланмалар тайёрлашса, ўқувчиларга берилаётган сабоқлар беиз кетмасмиди?..

Гулбаҳор ҚАРШИЕВА,
Касби туманидаги 58-умумтаълим
мактаби бошланғич таълим
ўқитувчиси

Бошқа хабарлар