ШИФОКОРДА ҚАНДАЙ ҚАСДИНГ БОР?

75

Ёхуд таҳдидлар сабаби нимада?

Кейинги вақтда ижтимоий тармоқларда шифокорларга нисбатан қўпол муносабатлар акс этган хабарларга кўп кўзимиз тушмоқда. Хўш, шифокорларнинг жамиятдаги обрў-эътибори тушиб кетишига сабаб нимада?

Бунга касалликлар кўпайиб бораётгани, ҳар бир инсон дардидан бир зумда халос бўлишни истаётгани, шифокорга саломатлик посбони сифатида эмас, шунчаки хизмат кўрсатувчи сифатида қарашлар шаклланаётгани, тиббий хизматлар нархи баландлиги ва бошқа қатор сабабларни рўкач қилиш мумкин.

Ушбу сабабларни таҳлил қилиб кўрсак, уларнинг ҳаммасида ҳам шифокор айбдор эмаслигини кўрамиз.
Қолаверса, мамлакатимизда тиббий хизмат кўрсатиш сифати жуда ҳам паст эмас. Оддийгина қишлоқ шифохоналарини олайлик. Ушбу муассасаларда тор соҳа мутахассислари фаолияти йўлга қўйилгани, шаҳар поликлиникаларида «электрон поликлиника» тизими жорий қилингани, патронаж хизмати такомиллаштирилгани, оммавий тиббий кўриклар уюштириш анъанага айлангани, рес­публика тиббиёт муассасаларининг етук мутахассислари чекка қишлоқларга ташриф буюришаётгани, соғлом турмуш тарғиботи кучайтирилаётгани, болалар ва ўсмирлар турли касалликларга қарши бепул эмланаётгани ва бошқа бир қатор саъй-ҳаракатлар айнан халқ саломатлигини мустаҳкамлаш йўлидаги дадил қадамлардир.
Биз эса буларни тан олишни истамаяпмиз.
Ижтимоий тармоқларда бирон шифокор бемор ҳаётини сақлаб қолгани ҳақида хабар бир йилда бир-икки марта тарқалиши мумкин. Шунда ҳам кўпчилик нима қилибди, иши шу, қабилида муносабат билдиради. Аслида, ҳар куни юзлаб шифокорлар минглаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолади. Бунга ҳам «иши-ку» қабилида қараймиз. Биттаси вазифасини лозим даражада бажармаса, барча интернет нашрлар, ижтимоий тармоқлар жар солади. Битта-иккита ходимни деб бутун бошли тизимни ёмонотлиққа чиқариш қанчалик адолатли?
Яна бир мулоҳаза. Бизда болаликданоқ шифокорлар ҳақида ёмон тасаввур шаклланади.
– Овқат емасанг, доктор чақираман.
– Докторга айтиб бераман, сенга укол қилади.
– Тўполон қилсанг, докторга бериб юбораман.
Айтинг-чи, ким болалигида мана шу «таҳдид»лардан узоқ бўлган? Ҳозир-чи, кунига неча бола шу усулда «тарбияланади»?
Бунинг натижасида кўпчиликнинг тасаввурида «шифокор – ёмон инсон» деган фикр ўрнашиб қолмаганми?
Шу билан бирга, узоқ вақт тиббиёт ходимларининг мажбурий меҳнатга жалб этиб келингани ҳам уларнинг билим ва малакаси, эл орасида мақоми тушишига сабаб бўлганди. Мана, бир неча йилдирки, шифокорлар бундай ғалвалардан қутулди, фақат ўзларининг ишлари билан машғул бўлмоқда.
Яқинда тиббиёт муассасаларидан бирида бўлганимда, меҳнат инспектори муассасада ўтказган мониторинг хулосаларидан сўнг, бош шифокорни жаримага тортганидан хабар топдим. Сабаби, ходимлар тиббий текширувдан ўтишда чиқимдор бўлган.
Касаба уюшмалари ушбу муаммони бир неча йилдан буён кўтариб келмоқда. Хўжалик ҳисобида фаолият кўрсатаётган муассасаларнинг айримларида муаммо секинлик билан бўлса-да ўз ечимини топмоқда. Бироқ, ходимларнинг ойлик маоши унчалик катта бўлмаган, аҳолига бепул тиббий хизмат кўрсатадиган бирламчи тиббиёт муассасалари учун молия идоралари ходимлар тиббий кўригига пул ажратмаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Иш ҳақи кам бўлган кичик тиббиёт ходимлари (фаррошлар) учун пуллик ўқув машғулотлари йўлга қўйилганига нима дейсиз? Камдан-кам муассасаларда тиббиёт ходимлари махсус кийимлар билан бепул таъминланади. Айрим тиббий воситаларни ўз ҳисобидан олаётганлар ҳам йўқ эмас.
Бу масалаларни қайта-қайта кўтариб чиқаётганимизга қарамасдан, мутасаддилар уларга ечим топишни исташмаяпти. Аслида, ечимни топишга ҳожат йўқ. Ҳаммаси қонунларда акс этган. Фақат ижросини таъминлаш керак, холос.
Яқинда қонунчиликдаги янги меъёрларга биноан шифокорларга нисбатан тазйиқ ўтказганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши ҳақида ўқиб, тўғриси, мамнун бўлдим. Бироқ, фақат қонун қабул қилиш орқали муаммони ҳал қилиб бўлмайди.
Одамларда шифокорга нисбатан холис муносабатни шакллантирмасдан уларнинг эл орасидаги обрўсини ошириб бўлмайди.

Рашид ЙЎЛДОШЕВ,
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси
Республика кенгашининг Хоразм вилояти
бўйича масъул ташкилотчиси

Бошқа хабарлар