Иш жойида ёнғин содир бўлганда нима қилиш керак?

55

Куз-қиш мавсуми кириб келиши билан корхона ва ташкилотларда иситиш тизимларидаги носозликлар, эътиборсизлик сабаб кўнгилсиз ҳодисалар рўй бериши хавфи ортади. Бундай ҳолат рўй берган тақдирда иш берувчи ва ходимлар амал қилиши керак бўлган қоидалар ҳақида ҳамма ҳам тўлиқ маълумотга эга эмас.

Тошкент шаҳар касаба убшма ташкилотлари бирлашмаси «Меҳнат муҳофазаси ойлиги» доирасида Юнусобод туманидаги корхона ва ташкилот раҳбарлари, меҳнат муҳофазаси хизмати ходимлари ҳамда бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раислари иштирокида ташкил этган семинарда айни шу мавзуда сўз юритилди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги,
Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда иш жараёнида меҳнат хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш, куз-қиш мавсумида иситиш тизимларининг созлигини назорат қилиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлашда иш берувчи ва ходимнинг масъулияти, нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш борасида мутасаддилар томонидан тушунтириш бериб ўтилди.

– Иш жойида ёнғин содир бўлганда, аввало, ваҳимага тушиб қолмаслик жуда муҳим, – деди Тошкент шаҳар Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси катта муҳандиси Умид Йўлдошев. – Чунки бу вазиятни енгиллаштирмайди. Шу боис зудлик билан «101» телефон рақами орқали ёнғин хавфсизлиги хизматига хабар бериб, уларнинг жанговар экипажи келгунга қадар имконият борича инсонларни, моддий бойликларни ёнғиндан сақлаб қолиб, қўл остида бўлган ёнғин ўчиргичлар, ички ёнғин ўчириш асбоб-анжомлари билан ёнғинни ўчиришга ҳаракат қилиш керак.

Аъзам АБУЛФАЙЗОВ,
Ishonch.uz

Бошқа хабарлар