Ўзбекистонда Туркия мудофаа вакиллари билан ҳамкорликда халқаро анжуман ўтказилди

31

Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясида «Туркия Куролли Кучларини замонавий ҳарбий можароларда, Афғонистон ва Яқин Шарқда юзага келаётган вазият шароитида қўллаш тажрибаси» мавзусида ҳалқаро ҳарбий-илмий анжуман ўтказилди.

Унда ҳар икки мамлакат Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари, Ўзбекистон Қуролли Кучлари академияси, Туркия Миллий мудофаа университети вакиллари, профессор-ўқитувчилар иштирок этди. Таъкидлаш керакки, Туркия Республикаси билан икки томонлама ҳамкорлик режасига мувофиқ ташкил этилган ушбу тадбирнинг асосий мақсади замонавий ҳарбий можароларнинг ҳусусиятлари бўйича маълумот ва фикр алмашиш учун майдон яратиш, уларда Қуролли Кучлар бўлинмаларини Туркия армияси мисолида қўллаш тажрибасини ўрганишдан иборат.

Анжуманда дунёда ва минтақада юзага келаётган ҳарбий-сиёсий вазият, Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорлик ҳамда замонавий ҳарбий можароларда Туркия Қуролли Кучларини қўллаш тажрибаси, ҳарбий машғулотлар мобайнида қўшинларни бошқариш, уларнинг ҳар томонлама таъминоти ва жанговар тайёргарлик тизимини такомиллаштиришга доир маърузалар йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.

Шунингдек, Туркия вакиллари билан икки томонлама учрашув ўтказилди, унда икки мамлакат олий ҳарбий таълим муассасалари билан ҳарбий кадрларни тайёрлаш ва педагогик фаолият бўйича тажриба алмашиш масалалари бўйича ҳамкорликни янада чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди. 

Ялпи мажлисдан сўнг куннинг иккинчи ярмида анжуман иши учта мавзувий шўъбага бўлинган ҳолда давом этди. Анжуман иштирокчилари ҳарбий бошқарув тизими ва уларнинг жанговар ҳаракатлардаги таъминотини ташкиллаштириш бўйича тажриба алмашиб, янги билимларга эга бўлди.

Ўзаро конструктив мулоқот ва қизғин муҳокама руҳида ўтган анжуман доирасида Туркия делегацияси вакиллари Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясида таълим олиш учун яратилган шароитлар, масофадан ўқитиш имкониятига эга бўлган мавзувий синфлар, ахборот-ресурс маркази ва академия музейидаги осори-атиқалар билан яқиндан танишди.

Мухтасар айтганда, икки давлат томонидан Марказий Осиё ва дунёнинг турли мамлакатлари ўртасида минтақавий ҳамкорликни жадал ривожлантириш, тинчлик тамойилини барқарорлаштириш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар юқори баҳоланди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

Бошқа хабарлар