ЖАВОБСИЗ ТАҚДИМНОМАЛАР…

34

Ёхуд қонунчиликдаги бўшлиқ қачон тўлдирилади?

Газетанинг жорий йил 19 ноябрдаги сонида «Гулзода ишга қайтди» сарлавҳали мақола чиқди. Унда Сирдарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси ховослик Гулзода Соибованинг меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилиб, Ховос тумани тиббиёт бирлашмасига тақдимнома киритгани, бироқ тақдимнома эътиборсиз қолдирилгани, шундан сўнг бирлашма ҳуқуқшунослари фуқаронинг талабларини суд тартибида қаноатлантиришга эришгани баён этилган.

Уни ўқиб, суд бирлашманинг даъво аризасини қаноатлантиришни рад этмаганидан хурсанд бўлдим. Бунинг боиси шуки, касаба уюшмаларидаги узоқ йиллик фаолиятим мобайнида вилоят тугул республика тармоқ касаба уюшмасининг ҳам даъво аризасини ҳам рад этиш ҳолатларига дуч келганман. Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, аксар иш берувчи касаба уюшмалари тақдимномаларини бажармаса, ўзига нисбатан бирорта чора кўрилмаслигини жуда яхши билади. Аксинча, прокуратура, суд ёки меҳнат ҳуқуқи инспекциялари тақдимномалари бўлса, иш берувчилар дарҳол ижро этишади. Чунки уларда ваколат бор, бажармаса, жазоланиши аниқ.
Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 9-моддасида меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилишини текшириш ва назорат қилишни махсус вакил қилинган давлат органлари ва уларнинг инспекциялари, касаба уюшмалари ҳамда прокуратура идоралари амалга оширади, деб аниқ-равшан қилиб ёзиб қўйилган. Табиийки, мазкур қонун талабига мувофиқ касаба уюшмаларининг ҳуқуқлари меҳнат инспекция­лари ва прокуратура идоралари билан тенг таъминланган. Амалиётда эса касаба уюшмаларида иш берувчини қонунни бузгани учун бирор-бир жазолаш механизми йўқ. Буни қуйидаги мисол ҳам яққол тасдиқлайди.
2016 йилда «Оҳангароншифер» АЖ раҳбари корхона бош энергетиги Д.Холмуродовни ариза ёзмаса-да лавозимидан озод қилиб, оддий энергетик вазифасига ўтказиб қўйди. Корхона касаба уюшма қўмитаси ва Тошкент вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси иш берувчига бу қонунга зид экани ҳақида тақдимнома киритди. Аммо иш берувчи уларни писанд қилмади. Шундан сўнг вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро судига даъво аризасини киритди, бироқ суд иш берувчининг ҳаракатини тўғри деб топиб, даъво аризани қаноатлантирмади. Бундан норози бўлган бирлашма, фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилояти судига кассация шикояти киритди. Кассация инстанция­­си фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро судининг қарорини бекор қилди ва Д.Холмуродовни ўз вазифасига тиклади.
Бундай мисолларни яна кўп­лаб келтириш мумкин. Мазкур корхонада иш берувчи шу йилнинг 28 август куни ишдан бўшаш тўғрисида ўз хоҳиши билан ариза ёзган Г.Эркабоева, Н.Фозилова, С.Рисқуловани шу куниёқ ишдан бўшатган. Ҳолбуки, Меҳнат кодексининг 99-моддасига мувофиқ, ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ чиқариш учун орадан икки ҳафта ўтиши шарт эди. Шу боис, корхона касаба уюшма қўмитаси иш берувчига бу ҳақда тақдимнома киритди, бироқ унга жавоб бўлмади. Энг қизиғи, Оҳангарон шаҳар прокуратураси ҳам шу мазмунда йўлланган хатга муносабат билдирмади. Шундан сўнг корхона касаба уюшма қўмитаси Меҳнат кодексининг 23-моддасида кўзда тутилган ваколатларидан фойдаланиб, фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро судига даъво аризаси киритди. Тез кунларда мазкур масала ижобий ҳал бўлади, деган умиддамиз.
Ҳақли савол туғилади: қонуний тақдимномаларга нега жавоб берилмайди? Бунга ким айбдор? «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун лойиҳасида ҳам негадир бу ҳақда ҳеч нарса дейилмаган. Бу борада самарали бирор тизим ишлаб чиқилмас экан, меҳнат қонунчилиги талабларини бузиш ҳолатлари ­такрорланавериши тайин. Шундай экан, қонун ижодкорлари ва мутасаддилар бу ҳақда қандай фикрда?

Озод ХУШНАЗАРОВ,
«Оҳангароншифер» АЖ касаба уюшма қўмитаси раиси

Бошқа хабарлар