Кўз кўзга тушмайди деб ўйлашмоқда(ми?)

92

Айни кунларда Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Фарғона вилояти бўлимини бир муаммо қийнамоқда. Гап шундаки, кўзи ожиз ногиронларнинг мазмунли дам олишларини таъминлаш мақсадида 1990 йилда жамият маблағлари ҳисобига сотиб олинган «Шоҳимардон» дам олиш маскани ҳокимлик­лар томонидан тортиб олиниб, бошқа бир ташкилотга бериб юборилмоқда. Жамият вакилларининг уринишлари эса бесамар кетмоқда.

– 1990 йилдан 2009 йилга қадар юртимиздаги барча кўзи ожизлар «Шоҳимардон» дам олиш масканидан мунтазам фойдаланиб келишган, – дейди кўзи ожизлар жамияти Фарғона вилояти бўлими раиси Баҳодир Болтабоев. – Бироқ 2009 йилдан то 2018 йилгача бўлган давр­­да чегара билан боғлиқ муаммолар туфайли Шоҳимардонга кўзи ожиз ногиронларни юбориш ҳамда дам олиш ­масканини ободонлаштириш, таъмирлашнинг имкони бўлмаган.
Шу боис, бу вақт оралиғида Шоҳимардондаги кўпгина объектлар қаторида дам олиш маскани ҳам қаровсиз аҳволга келди. Чегаралар очилгач, 2018 йилдан бу маскан қисман бўлса-да, яна фаолият юрита бошлади. Масалан, ўтган йили 300 нафар, жорий йилда эса 300 нафардан зиёд кўзи ожиз ногиронлар масканда мароқли ҳордиқ чиқарди.
Минг афсуски, айни вақтда вилоят Идоралараро комиссиясининг хулосасида Кўзи ожизлар жамиятининг «Шоҳимардон» дам олиш мас­кани бугунги кунда фойдаланилмаётган, бўш турган объект сифатида қайд этилган.
«Шоҳимардон» дам олиш маскани бир неча марта хатловдан ўтказилган. Аммо бирор марта ҳам мулкдор – Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Марказий бошқаруви ёки вилоят бўлими расман хабардор қилинмаган. Жамият вакиллари иштирокисиз ҳужжатлар тайёрланган.
Жамият жорий йилнинг июль ойида вилоят идоралараро комиссиясининг хулосасини ҳақиқий эмас, ва комиссия­нинг хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф, деб топиш тўғрисидаги ариза билан маъмурий судга мурожаат қилади. Маъмурий суднинг шу йилнинг 16 сент­ябрдаги ҳал қилув қарорида Кўзи ожизлар жамиятининг барча даъволари асосли экани, комиссия хулосаси амалдаги қонунчиликка зид равишда қабул қилингани, «Шоҳимардон» дам олиш маскани кўзи ожизлар жамиятига тегишли мулк экани баён этилган.
Аммо шунга қарамасдан Фарғона тумани ҳокими жорий йилнинг 12 ноябрь куни «Шоҳимардон» дам олиш мас­кани республика «Маънавият ва маърифат маркази» Фарғона вилояти бўлими балансига ўтказилсин, деб қарор чиқарди. Мазкур қарорни бекор қилиш, «Шоҳимардон» дам олиш масканини Ногиронлар жамиятига қайтариб бериш бўйи­­ча мурожаат қилинмаган идора қолмади ҳисоб. Шу билан дам олиш ­маскани «зўрларча» тортиб олинди. Ҳозирча ёрдам берадиган идора топилмаяпти.
Балки, улар кўз кўзга тушмайди, деб ўйлашаётгандир?.. Аммо қалб кўзи-чи? Наҳот, улар инсон қадрини унутишаётган бўлса…
Ўйлаймизки, биз кўтарган мавзу мутасаддиларни бефарқ қолдирмайди.

Жамшид ЭРГАШЕВ

Бошқа хабарлар