ЎЗГАРИШЛАРНИ ҲИС ҚИЛДИНГИЗМИ, ЗАМОНДОШ?

46

Янгиланишлар моҳиятини чин дилдан англаш учун кузатувчи эмас, фаол иштирокчи бўлиш зарур

2017 йилда қабул қилинган Ҳаракатлар стратегия­­си кўпгина соҳалардаги депсинишлар, амалиётга татбиқ этилган ислоҳотларнинг кутилган натижа бермагани оқибатида иқтисодиётимизда юзага келган турғунликни бартараф этишга қаратилган муҳим дастур сифатида мамлакатимиз ҳаётида янги ва ёрқин саҳифаларни очди.
Мамлакатимизнинг тарихан илм-фан, маданият қадр топган, кейинги йилларда эса саноат, ишлаб чиқариш, туризм, қишлоқ хўжалиги каби етакчи соҳалар жадал суръатда ривож­ланаётган Хоразм вилояти аҳолиси ҳам ушбу янгиланишлардан баҳраманд бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг вилоятга ҳар бир ташрифи воҳа қиёфасини, одамлар ҳаётини ўзгартирмоқда. Мана оддий мисол: Президентимизнинг 2017 йил 27-28 январдаги ташрифида билдирилган фикр ва тавсиялари асосида ўша йили республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-­амалий тиббиёт маркази Хоразм филиалида болалар кардиожарроҳлигига асос солинди. Филиал поликлиникасида ҳар йили 1000 нафарга яқин бола туғма юрак нуқсони билан кўрикдан ўтказилишини, улардан 400-450 бола оператив даволанишга муҳтожлигини, ҳар ойда 5-6 нафар янги туғилган чақалоқда туғма юрак нуқсони аниқланиб, ҳисобга олинаётганини инобатга олсак, филиалда болалар кардиожарроҳлиги бўлимининг ташкил қилингани қанчалик зарурат бўлганини англаш қийин эмас. Ҳозирда бўлим нафақат хоразмлик, балки қўшни вилоятлардаги болалар саломатлигини мустаҳкамлашга ҳам ҳисса қўшмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зонасининг ташкил қилиниши минглаб ёшларнинг ҳаётига ёрқин ранглар олиб кирди десак, муболаға бўлмайди. Яқинда ушбу ҳудудда Туркия давлати билан ҳамкорликда умумий қиймати 13,14 миллион АҚШ долларига тенг «Develop Textile» МЧЖ фаолият бошлади ва 660 та янги иш ўрни яратилди. Бу ерда йилига 6 минг тонна ҳар хил турдаги тайёр бўялган чоксиз трикотаж мато, 14 миллион дона ҳар хил турдаги трикотаж-тикув маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган. Маҳсулотлар Германия, Франция каби Европа давлатларига экспорт қилиниши режалаштирилган. Айни пайтда Малайзия тадбиркорлари билан ҳамкорликда умумий қиймати 250 миллион АҚШ долларига тенг «Серво Динамик» корхонаси қурилиши жадал давом этмоқда. Каустик сода ва суюқ хлор ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхона 2020 йилда иш бошлайди.
Вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида хусусий секторнинг ўрни мустаҳкамланиб бормоқда. Йил бошида кичик бизнес субъектлари сони 15092 тани ташкил қилган бўлса, йил охиригача 2 баробарга ошиши кутилмоқда. Бу йил хорижий инвестициялар иштирокида 62 та янги корхона ташкил қилиниб, улар сони 130 тадан ошди. «Ҳар бир оила тадбиркор» Давлат дас­тури доирасида жорий йилда 19 мингга яқин тадбиркорлик субъектига 268,6 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилиб, 18993 нафар ишсиз аҳолининг бандлиги таъминланди. Биринчи навбатда устувор равишда муҳтож ва кам таъминланган ­оилаларга эътибор қаратилиб, 13804 та эҳтиёжманд хонадонларга 116,4 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. Бу рақамлар вилоятдаги 30 мингдан зиёд оилаларнинг иқтисодий аҳволи ­ўнгланганидан далолатдир.
Ҳудуднинг туристик потенциали вилоят иқтисодий ривожида улкан аҳамиятга эга. Бироқ ундан самарали фойдаланиш механизмлари ишлаб чиқилмагани мавжуд имкониятлар эътибордан четда қолишига сабаб бўлаётганди. Президентимиз ушбу соҳага алоҳида эътибор қаратиб, уни ривожлантиришга доир фармон ва қарорлар имзолади, махсус дастурлар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди. Бунинг натижасида вилоятга ташриф буюраётган сайёҳлар сони икки баробарга ошди. Шу муносабат билан воҳада замонавий меҳмонхоналар бунёд этилди. Масалан, 2017 йилда 56 та меҳмонхона фаолият кўрсатган бўлса, ҳозирда 146 та меҳмонхона хизмат кўрсатмоқда. Улар меҳмонларга сифатли хизмат кўрсатиш баробарида юртимиз қиё­фасининг чирой очишига ҳам хизмат қилмоқда. Ушбу меҳмонхоналарда 1000 га яқин иш ўрни яратилди.
Хивада қисқа муддатларда темир йўл вокзалининг қурилиши ва темир йўли тортилиб келиниши ота-боболаримизнинг узоқ йиллар олдин бошлаб, тўхтаб қолган орзу-ниятларини рўёбга чиқарди.
Бугун халқимизнинг бошқа орзулари ҳам амалга ошмоқда. «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» Давлат дастурлари кундан-кун шаҳар тусига кириб, чирой очиб бораётган қишлоқларимиз аҳолисининг аллақачон лойиқ бўлган фаровон турмушларини кафолатламоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2017-2021 йилларда қишлоқ жойларида янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуришга оид қарорига асосан қишлоқ жойларда 3161 та, шаҳарларда 1101 та хонадонли уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилди ва 4262 та оила арзон уй-жойга эга бўлди. Қолаверса, 2017-2019 йилларда вилоят бўйича 622,3 километр ички йўллар таъмирлангани, 1262,8 километр ичимлик суви тармоқлари тортилгани, узоқ йиллар чироқ кўрмаган хонадонлар, кўчалар ёритилгани одамлар қалбига ҳам ёруғ ўй-хаёллар олиб кирди.
«Инсоннинг қадр-қиммати ўз вазифасини аъло даражада бажаришдан иборат: шунинг учун инсоннинг энг асосий вазифаси ва ўрни меҳнат билан белгиланади, инсон ўз хоҳишига меҳнат туфайли эришади», деган эди улуғ аждодимиз Абу Райҳон Беруний. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар улкан меҳнатлар самарасидир. Уни қадрлашимиз, бардавомлигига ҳисса қўшишимиз лозим. Касаба уюшмалари томонидан ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларда булар ҳақида кенг мушоҳада юритилмоқда. Ўз навбатида, янгиланишларга ўз ҳиссасини қўшаётган ишчи-ходимлар манфаатларини ифодалаш чоралари кучайтирилмоқда. Шу мақсадда янги барпо этилаётган корхоналар, кичик бизнес субъектлари ходимларини касаба уюшмаларига жалб қилиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, муносиб меҳнат шароитлари яратиш тадбирлари кўрилмоқда. Зеро, янгиланиш­лар моҳиятини чин дилдан англаш учун кузатувчи эмас, фаол иштирокчи бўлиш зарур.

Даврон АЛЛАҚУЛИЕВ,
Хоразм вилояти касаба уюшма
ташкилотлари бирлашмаси раиси

Бошқа хабарлар