Ўзни улуғ ишларга қайра…

86

Ўзбекэлнинг келиб чиқиш илдизини Олтин Ўрдага – Ўзбекхон ва Абулхайрхонга боғлаш унчалик ҳам тўғримас. Гарчи, иккала хон ҳам Ўзбек уруғидан бўлса-да. Гарчи, Олтин Ўрданинг давлат тили Ўзбек тили бўлса-да…

Олимлар билиб, билмай ёхуд шўро кўрсатмаси билан Ўзбек тарихини бузиб ёзишган. Ваҳоланки, Ўзбек Ўзбекхондан икки-уч минг йил ўнжа тарихга кириб келган.
«Ўз» (бек) УЗ ўзагидан ўсиб чиққан. Ўғиз ҳам, ғуз ҳам, юз ҳам, жуз ҳам УЗдан туғилган.
Энг қадимги битиклардаги «Уз»лар, «Аз»лар (Уз, Аз илдизи бир атама) қўшиқларини эсланг. Уз номи минг-минг йилларни кечиб келаётганига ишонч туясиз.
Олимлар теран излансалар: Қонгли, Қипчоқ, Қорлуқ, Олтибек, Қўнғирот, Уйғур, Қирғиз, Найманлар… ҳам «Ўздан унган» деган фикрга келадилар.
Ўрхун-Энасой битигида аниқ кўрсатилган: «УЗ», «Бек». Бу икки бирикмада юзйилликларда «Ўзбек» туғилган.
Милоддан минг йиллар олдинги Хитой солномасида шундай сўз бор: «Таи (Таиланд) ёзуви Хун ёзувига ўхшайди». Идрок қилинг, бундан чин ечим чиқади. Биласиз, Хун-Турк бир эл. Демак, ёзувимиз ҳам Чин, Рум, Юнон, Араб ёзувлари каби эски.
Агар Шумер (Сумер) тарихини кўз олдимизга келтирсак, Ер юзи эллари энди уйғонаётган замонда (7 минг йил аввал) Сумерлар биринчи ёзув, мактаб, давлат, қонун, мадҳия, шеър, қўшиқ, дин (Тангричилик дини), хастахона, аптека, ҳаммом, мусиқа, арава, эгар, узанги, омоч, ариқ – анҳор, экин экиш, экмек (нон), пирог (пишлоқ, пирог шундан олинган), узум, май (вино), қурол… яратишган.
Шумер туркий авлод. Буни Америка, Оврўпа олимлари (Роулсон, Кромер, Оперхайэм…) тўлиқ тан олишган ва кўплаб илмий китоблар ёзишган. Мен ҳам бир кезлари сумерлар тўғрисида «Дунё цивилизацияси бешиги» деган эссе ёзганман. У чет эл ­сайтларида, жумладан, «Дунё ўзбеклари»да ҳам босилган.
Сумер тили энг-энг эски тил. Буюк Туркий тил. Сумер граматикаси турк граматикаси билан бир хил. Ўзаги ўзгармайдиган агглюнатив тил. Шумерча сўзларга эътибор беринг: Тангри, Ўти (Қуёш), Туғ (Туғ-туғмоқ) ав (эв, уй, уй), Тир, Тири (Тирик), ама (она), ада (ота), мен, Билги (доно), кенг, энг (жуда) …
Биз Кошғарли Маҳмуд ва ҳатто Алишер Навоий тилини тушунишда қийналамиз. Буларга ҳали минг йил ҳам кечмаган. Шундан келиб чиқиб мушоҳада қилсак, сумер тилини англашимизнинг ўзи бир мўъжиза! Ахир, орадан 7 минг йил ўтяпти!
Яна ҳам ҳайратланарлиси, қондошларимиз қандай қилиб биздан (Марказий Осиёдан) Месопатамиянинг қуйи қисмига: Тигрет – Тифрет дарёлари оралиғига бориб қолишган ва очунга маданият уруғини тарқатишган? Ақл бовар қилмайди!
Шумер тили ўз замонида (бир неча юз йилликлар давомида) худди ҳозирги ­инглиз тилидай жаҳон тили ҳисобланган. Бу тўғрида очун олимлари аниқ далиллар билан асарлар битишган. Жумладан, ўзимизнинг академигимиз Зоир Зиёт («Шумерлар») ҳам, ўзимизнинг Ўлжас Сулаймонов ­ («Аз и я») ҳам қалин – қалин китоблар ёзишган. Ўзимизнинг Маҳкам Маҳмуд ҳам сумерлар ҳақида қалам тебратган.
Етти минг йил олдин, кейинги юз йилликларда 18 марта жаҳон тили даражасига кўтарилган тилимиз бугунги кунга келиб, яримжон ҳолга тушиб қолгани жуда ачинарли, жуда қайғули! Бунга ким айбдор?
Биринчи навбатда: Ўзимиз, Босқинлар, Ички сотқинлар.
«Ўзимиз» деганимнинг сабаби бизда бирлик етишмайди. Метин бирлик! Оқилларимиз, ойдинларимиз, онглиларимиз, қисқаси, миллатимиз жонкуярларини биржон, биртан бўлиб қўлламаймиз. Ўлимдан, зулмдан, қийноқдан, сургундан қўрқамиз. Менинг улуғ отам Аҳмат Оқсоқол айт­ган: «Ўлимдан қўрққан эл озод бўлолмайди».
Туркистоннинг бир бутунлиги учун курашган буюк ватансеварларимиз Мустафо Чўқай, Турар Рисқул, Мунаввар Қориларни қувватладикми?
Юртсевар, тилсевар бўлмиш Озодлик курашчиларини-чи?
Ватанимиз, миллатимиз, тилимиз учун жонларини фидо қилган Беҳбудий, Авлоний, Фитрат, Чўлпонларни қўллаб-қувватладикми?
Эй, Ўзбек, қадим, жуда қадим замонларда Уз номи билан донгли бўлган, Ўзбек, аҳилликни йўқотма! Йўқотсанг, ўзингни, тилингни, давлатингни йўқотасан!
Иноқ бўл, элим! Сергак бўл, элим!
Ким юртингга, элингга, тилингга таҳдид ва хиёнат қилса, кечирма элим! Асло кечирма!!! Кураш!!! Ўлимдан қўрқмай кураш!!! Бир жон, бир тан бўлиб кураш!!!
Биринчи галда тилнинг тозалиги учун кураш. Олмон, инглиз, рус каби.
Тил яшаса: Миллат яшайди, Давлат яшайди.
Менинг айрим ёзар, олим, йўлдош­ларим «Шавкат Мирзиёев Ота Туркдек иш тутади» дейишяпти. Балки Тангри оғзиларига солгандир? Фаришталардан омин-да…
Ер юзи халқлари орасида ўзбекнинг нуфузи ўсяпти. Шунга яраша залворли қадамлар ҳам бўляпти. Президент Шавкат ­Мирзиёев тилимиз камоли учун қутлуғ ишлар қилмоқда. Туркий тилли давлатлар КЕНГАШИга аъзо бўлиши ҳам шундан бир далолат.
Мана давлат раҳбари Тил кунида шундай деди: Она тилимиз – миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир.
Тангри насиб этди, Юртбошининг фармони билан Вазирлар Маҳкамасида Давлат тилини ривожлантириш тузилмаси ва «Тил кенгаши» – Атамалар комиссияси тузилди. Бу ЎЗЛИКни англашда муҳим восита бўлди.
Ўзбек тилини ёт сўзлардан имкон қадар тозалаш лозим. Инглиз, рус, олмонлар ўз тилларини ажнабий сўзлардан тозалашгани мисол. Ўзгалардан ибрат олиш айбмас. Балки фазилат.
Ҳар қандай ёт сўзининг ўзбекчаси бор. Мабода бўлмаса, Туркия турклари каби уни ясаш жоиз. Масалан, турклар: Конституцияни – «Онаяса», компьютерни – «Билгисаяр», мактабни – «Ўқул», матриархатни – «Онаэркли», патриархатни – «Отаэркли» дейишади.
Ўрганиш – билим булоғи.
Биз катта элмиз. Дунёда ҳам ўз ўрнимиз бор. Тилчиларимиз шунга яраша иш тутишлари лозим. Бироқ уларда фаоллик сезилмаяпти. Сезилса, аллазамонлар ишга шўнғиган бўлардилар. Шаҳар, туманлар ўзбек тушунмайдиган атамаларга тўлиб-тошмасди.
Ҳар қадамда «Супер маркет», «Карзинка Уз», «Дискотека»…
Бу Ўзбекюртми ё четюртми?!
Шаҳар, туман ҳокимлари қаерга қарашяпти? Уларнинг ичида Ватан, Миллат, Тилни ўйлайдиган саводлилар борми?
Ўзбекистондаги барча ажнабий атамалар «ТИЛ КЕНГАШИ» элагидан ўтади ва ўзбекчалаштирилади. Менимча, биринчи галда Ўзбекистон Ўзбекэл ёки Ўзбекюртга айлантирилади. «Истон» биздан эмас. Вилоят, ҳоким, вазирлар ҳам. Буларнинг ўрнига ўлка, бошқон, боқон…лар ишлатилса, мақсадга мувофиқ бўлар. Бундан-да мағизли ўзбекча-туркча атамалар бор. Ўйлаш, фикрлаш, изланиш лозим.
Жиззах ва Самарқанд ўлкаларининг тоғли туманларида, жумладан, Боғдонда ҳам якшанба, душанба, сешанба, чоршанба, пайшанба, жума…лар ишлатилмайди. Чунки сўз маъноларини билишмайди. Ўзимизнинг ота тилимизда булар оддий, тушунарли, гўзал жаранглайди: Биринчи кун, Иккинчи кун, Учинчи кун, Тўртинчи кун, Бешинчи кун, Олтинчи кун, Бозор…
Худди шундек, «Наврўз»ни ҳам ҳазм этишмайди. Уни соддагина қилиб, ўз тилимизда айтишади: ЙИЛБОШИ.
Ануштегин авлодлари – Хоразм ўғизлари ҳам кунларни айни шундай айтишади.
«Биз қадим миллатмиз!», «Бизнинг тилимиз буюк!» деб бонг ураётган, кир йўллар билан тилини тиқиштираётган ўпкаларга уч-тўрт савол бераман:
– Шумерлар замонида (7 минг аср ўнжа) сендан ном-нишон бормиди?
– Тўнғу Ҳоқон (Миллоддан 1200 олдин буюк Хун империясига асос солган йўлбош­­чи) даврида-чи?
– Ўғизхон (Эрадан 2 юз йил бурун марказлашган буюк Хун Салтанатини тузган, Ер юзини, жумладан, Хитойни ҳам олган очунолар) замонида-чи?
– Хоразмшоҳлар (буюк империя: 1097 – 1231. Аждодларимиз бундай 18 та империя яратган) даврида-чи?
– Темур Ҳоқон (14-аср. 29 та давлатни бир туғ остига бирлаштирган очунолар) замонида-чи?
– Истами Ҳоқон (6-аср, буюк турк салтанати ҳоқони) даврида ҳали исминг йўқ эди, шекилли?
– Навоий замонида (15-аср) тилинг чиққанмиди?
Ким ўзга элни, ўзга тилни ерга урса, у башарият душмани. Ўз халқининг ҳам ёви.
Аждодларимиз ўзбек тилини ривож­лантиришда мисли кўрилмаган даражада хизмат қилганлар. Ҳа, мисли кўрилмаган даражада…
Мана яна шундай кунлар келмоқда. Қутлуғ кунлар. Ўзни англаш вақти. Ўзни англасак, Ватан нелигини биламиз, Ватанга жонфидо бўламиз. Бу кунларни ТАРИХ унутмайди. Яна дунёга УЗ бўлиб, Ўзбек бўлиб СЎЗ айтамиз. Худди улуғ аждодлар мисол…

Эврил ТУРОН

Бошқа хабарлар