Сайёр хизматдан мамнунмисиз?

36

Давлат хизматлари агентлигининг Тошкент вилояти бош­қармаси ходимлари Бўка ва Пискент туманларининг олис ҳудудлари аҳолиси учун сайёр (мобиль) хизмат кўрсатди.

Дастлабки манзил – Бўка туманининг «Бўстон» маҳалласида 3 минг 200 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Туман марказидан олис масофада жойлашган ҳудуд аҳли оддий маълумотномани олиш учун ҳам туман марказига боришига тўғри келади. Табиийки, сайёр хизматни эшитгач, улар фойдаланишга ҳаракат қилишди.
– Маҳалламизга келган сайёр хизматга кадастр бўйи­­ча мурожаат қилдим, – дейди «Бўстон» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Юнусхон Валиев. – Очиғи, ишим бу қадар тез битади, деб ўйламагандим. Чунки, авваллари ҳужжатларни расмийлаштиришнинг ўзига кунлаб вақтимиз кетарди-да. Давлат хизматларини кўрсатиш борасида яратилаётган бундай қулайликлар мушкулимизни осон қилмоқда.
«Бўстон» МФЙ маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдуғофир Бекмуродовнинг айтишича, сайёр хизмат давомида юз нафардан ортиқ аҳоли давлат хизматларидан фойдаланибди.
Навбатдаги манзил – Пис­кент туманининг «Ғайрат» маҳалласида 318 хонадонда 1 минг 618 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ушбу маҳалла аҳлининг ҳам давлат хизматларига бўлган талаби юқори. Кимдир тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказмоқчи, бошқаси уй-жой қуришга рухсат олмоқчи. Яна биров фарзандини мактабгача таълим муассасасига жойламоқчи ёки электр тизимига уланмоқчи.
– Давлат хизматлари маркази ходимларининг маҳалламизга келиб, сайёр хизмат кўрсатишини эшитиб, жуда хурсанд бўлдик, – дейди Шаҳло Орифжонова. – Сабаби, кўпчилик ўз ташвишлари билан бўлиб, марказга боришга фурсат топа олмаётган эди. Ўзим ҳам анчадан бери боламни боғчага жойлашга ҳаракат қилиб юргандим. Ниҳоят, сайёр қабул туфайли муродим ҳосил бўлди. Фарзандимга 2-мактабгача таълим муассасасига йўлланма беришди.
Сайёр хизматдан фойдаланишга келган Ширин Беликованинг ҳам муаммоси қисқа фурсатда ҳал этилди. Унинг қувончи чексиз. Энди қизи София болалар боғчасига боради.
Шу куни «Ғайрат» маҳалласидаги эллик нафар фуқарога давлат хизматлари кўрсатилди. Марказ ходимларининг беминнат хизматидан аҳоли рози. Уларнинг кўнгли шод. Бугунги ислоҳотларнинг туб моҳияти ҳам шу-да, аслида.

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар