Сувсиз қаҳратон қиров босган қишлоқларни оралаб…

68

Булунғур туманидаги «Эсонтурди» ва «Каттақишлоқ-1» маҳаллаларига табиий газ қувурлари тортилмаган. Суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлаш аҳволи ҳам ҳаминқадар. Аҳоли қишни ўтин-чўп қилиб, бир амаллаб ўтказиб келмоқда.

– Ҳудуддаги хонадонларнинг эллик фоизга яқини суюлтирилган газ баллонлари билан таъминланган, – дейди «Каттақишлоқ-1» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Санжар Болтабоев. – Яна 50-60 та хонадон соҳиби ана шундай имтиёзга эга бўлиш учун мурожаат қилганди. Аммо газ идоралари мутасаддилари «октябрнинг охирида», «ноябрнинг охирида» дея ваъда беришиб, қишни ҳам киритди. Боз устига, газ баллонларини алмаштириш 60-70 кунга чўзилиб кетмоқда. Кутишдан зада бўлган фуқаролар дардини, албатта, маҳалла идорасига айтди. Биз эса уларнинг илтимоси учун қатнайвериб, нечта этикнинг товонини тешдик.
«Эсонтурди» маҳалласида ҳам худди шу аҳвол. Ҳудуд аҳолиси суюлтирилган газ таъминотидаги узилишлардан зада бўлган. Суюлтирилган газ баллонларини имтиёзли олиш учун мурожаат қилган 40 хонадон соҳибининг эса аллақачон ҳафсаласи пир бўлган.
– Қишни-ку совуқ хоналарда қунишиб ўтказармиз, – дейди «Эсонтурди» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдунаби Маллаев. – Уйни-ку, таппи-тезак қилиб иситса бўлар. Аммо уйингда ичишга бир қултум сув топилмаса ёмон бўларкан. Маҳалла ҳудудидаги Бешбола-2, Бўйдоқ тўп, Ҳуркак, Ўғри тўп қиш­лоқларида тоза ичимлик суви «анқонинг уруғи». Бу қиш­лоқларда яшовчилар кўзига қарай олмайман. Шу чоққача лойқа бўлса-да ариқ сувини амаллаб туришганди. Совуқ тушгач ариқ сувлари ҳам бекитилди. Одамлар энди ҳовуз ва ҳандақлардаги сувни ичишга мажбур бўлмоқда.
Мазкур қишлоқларда яшовчи кексалар Кенжабой Омонов, Шоди Қодиров бош­чилигида сув муаммосини кўтаришган. Аммо уларнинг қайта-қайта қилган мурожаатларига қулоқ осадиган мутасаддининг ўзи топилмабди туманда.
Гапнинг очиғи, муаммолар гирдобида қолган маҳаллалар аҳлининг мурожаатлари наҳот мутасаддилар столида «музлаб ётган» бўлса…

Нурилла ШАМСИЕВ

Бошқа хабарлар