«Тез ёрдам» – шошилинч кўмакка тайёр

48

Кейинги уч йилда тиббиётнинг турли йўналишлари каби шошилинч ва «тез ёрдам» тизимини ривожлантиришда туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунда Президентимизнинг ушбу йўналишдаги қатор фармон ва қарорлари дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.

Инновациялар хизматда

Соҳанинг моддий-техника базаси янгиланяпти. Хусусан, 2018-2019 йилларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази филиалларида қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 62,33 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилди. Бухоро, Самарқанд, Жиззах ва Тошкент вилоятлари филиаллари учун янги бинолар қурилди, эски бинолар капитал реконструкция қилинди. 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастури доирасида ажратилган 202,1 миллиард сўм маблағ ҳисобидан жорий йилда РШТЁИМ ҳудудида кардиохирургия, трансплантология ва нейро-қон томир хирургияси бўлимлари учун янги беш қаватли бино қурилиши бошланди. Қабул бўлими реконструкция қилинди.
Шошилинч тиббий ёрдам шифохоналарида суяк синиши ва жароҳатларида янгича жарроҳлик ҳамда эндопротезлаш амалиётлари, асаб ва юрак қон-томир тизими касалликларида янгича операциялар, ошқозон-ичак касалликларида юқори технологияли амалиётлар ва бошқа илмий-амалий янгиликлар жорий этилмоқда.
Тиббиётимизга трансплантация амалиётининг кириб келиши бу борада янада муҳим ютуқларга замин бўлмоқда. Ҳозирда марказда трансплантология бўлими ташкил этилиб, яқин қариндошдан буйрак кўчириб ўтказиш операцияси йўлга қўйилди. Ҳозирги кунгача 80 тадан ортиқ буйрак трансплантацияси амалиёти бажарилди.

Халқаро талабларга яқинлашмоқда

Кейинги йилларда «тез ёрдам»нинг ҳам махсус санитар автотранспорт парки янгиланди. Тизимда икки ярим минг­­га яқин замонавий тез ёрдам машиналари аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Янги харид қилинган 281 та реанимобиллар зарур асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозланди. Жорий йилда яна 150 та тиббий асбоб-ускуналар ва алоқа воситалари билан тўлиқ жиҳозланган «Ford» русумидаги реанимобиллар харид қилинди. Илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда, тез тиббий ёрдам кўрсатиш талаб этиладиган 52 та касаллик тури бўйича ягона стандартлар ҳамда тез тиббий ёрдам станцияси диспетчери учун чақириқларни қабул қилиш протоколи жорий этилди.
Бундан ташқари, тез ёрдам бригадалари дислокацияси қайта кўриб чиқилиб, аҳоли яшаш пунктларига яқинлаштирилди. Бугунги кунда 844 та қишлоқ оилавий полик­линикасида тез тиббий ёрдам таянч пунктлари ташкил этилди. Бунинг натижасида тез ёрдам бригадаларининг хизмат кўрсатиш радиуси 15-20 километрдан 8-12 километргача қисқарди. Эндиликда юртимизда ҳар 13 минг нафар аҳолига битта махсус тез ёрдам машинаси хизмат кўрсатади. Бу борада ривожланган давлатлар тажрибасини кузатсак, уларда 20-25 минг нафар кишига битта махсус автотранспорт воситаси тўғри келади. Демак, бу жиҳатдан мамлакатимиз тиббиёти халқаро андозалар даражасига кўтарилди.

Қанча мурожаат қондирилади?

Бундай кенг қамровли ислоҳотлар натижасида аҳолининг тез тиббий ёрдам хизматига бўлган ишончи ортмоқда, мурожаатлар йил сайин ошиб бораяпти. Масалан, таққослаш учун айтадиган бўлсак, 2016 йилда чақириқлар сони 7,2 миллионни ташкил қилган бўлса, 2017 йилда – 8,7 миллион, 2018 йилда эса 9,8 миллионга етган. Жорий йилнинг ўтган 10 ойи ичида эса мурожаатлар сони тўққиз миллиондан ошган.
Маълумки, юртимизда шошилинч ҳолатларда кечиктириб бўлмайдиган биринчи тиббий ёрдам илгари фақат давлат тиббиёт муассасаларида бепул кўрсатилар эди. Эндиликда мулк шаклидан қатъи назар, хоҳ давлат, хоҳ хусусий тиббиёт муассасалари бўлсин, фуқароларга шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам бепул кўрсатилиши белгилаб қўйилди. Бу ҳам аҳоли учун катта қулайликдир.

Эътирозлар ўринлими?

Сир эмас, кўпинча фуқаролар томонидан «Тез ёрдам»нинг ўз вақтида етиб келмаслиги юзасидан эътирозлар учраб туради. Шу ўринда, «тез ёрдам» ўзи қанча вақтда етиб келиши керак, бу борада халқаро ёки миллий мезонлар борми, деган савол туғилиши табиий. Ҳа, албатта. Мамлакатимизда бу борада белгиланган меъёрларга мувофиқ, тез тиббий ёрдамга тушган чақириқлар устуворлик бўйича икки гуруҳга ажратилади.
Беморнинг ҳаёти ва соғлиғига жиддий хавф соладиган жароҳатлар ва касалликлар, яъни йўл-транспорт ҳодисалари, баландликдан йиқилиш, фавқулодда ҳолатлар, беморнинг ҳушдан кетиши, турли шок ҳолатлари, профуз қон кетиши, туғруқ, терининг термик куйиши ёки совуқ уриши, беморнинг кимёвий моддалар ёки дори воситаларидан ўткир заҳарланиши, ток уриши шошилинч ҳолатлар ҳисобланиб, бундай чақириқларга 20 дақиқадан кечикмай етиб бориш зарур.
Иккинчи тоифага шошилинч бўлмаган, бироқ тезкор тиббий ёрдам кўрсатилиши зарур бўлган чақириқлар киради. Беморнинг юрак ритми бузилиши (аритмия), астма хуружи, ҳаракат фаолиятининг тўсатдан бузилиши, ўрта ва енгил тан жароҳатлари, аллергия, бош оғриғи, қорин, ­кўкрак қафасидаги оғриқлар, психиканинг ўткир бузилиши, буйрак хуружи, қусиш, тошма, юқори иситма (перорал дори воситалари қўлланилганда ҳам иситма тушмаса), ўткир пешоб ажралмаслиги ҳолатлари бўйича «тез ёрдам» чақирилганда, 30 дақиқа ичида етиб бориб тиббий ёрдам кўрсатиш лозим. Ҳозирги кунда мамлакатимизда бу стандартлар бўйича аҳолига шошилинч ва тез ёрдам кўрсатиш борасида барча имкониятлар мавжуд.

Асоссиз чақириқлар ҳам бор

Агар аниқ рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, бугунги кунда «тез ёрдам»га тушаётган чақириқларнинг 30-40 фоизи асоссиз чақириқлардир. Аксарият ҳолатларда у ёки бу сурункали касаллиги бор беморлар гоҳ қон босимини ўлчатиш, гоҳида қайсидир уколни олиш учун ҳам «тез ёрдам»ни чақираверади. Йилига минг маротабадан кўп мурожаат қилган шундай беморлар ҳам бор.
Республика бўйича чақириқларнинг атиги 15 фоизи госпитализация қилиниши, яъни бемор шифохонага олиб кетилиши, 85 фоизига эса жойида хизмат кўрсатилиши ҳам «тез ёрдам» чақирадиганларнинг аксарияти, аслида, тез ёрдамга муҳтож эмаслигини англатади. Агар халқаро тажрибага назар солсак, масалан, Европада чақириқларнинг 85 фоизида госпитализация қилинади.

Таҳдидлар ҳам йўқ эмас

Кейинги пайтларда интернет сайтлар, ижтимоий тармоқларда беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан тиббиёт ходимларига ғайриқонуний равишда тажовуз ҳамад таҳдид қилиниши билан боғлиқ хабарлар кўпайиб боряпти.
Афсуски, шифокорларга қилинаётган бундай қонунбузарликларга етарли даражада ҳуқуқий чора кўрилмай келинмоқда. Кўп ҳолатларда томонлар кечирим сўраш билан яраштирилган. Баъзи ҳолатларда умуман ҳуқуқий таъсир чоралари кўрилмаган. Масалан, 2017-2019 йилларда биргина шошилинч ва тез ёрдам тизими шифокорларига беморларнинг яқинлари ҳамда қариндошлари томонидан 266 марта зўравонлик қилиш, уларга тан жароҳати етказиш каби ҳаракатлар содир этилган. Бундан 340 нафардан кўпроқ тиббиёт ходимлари жабр кўрган. Ушбу вазиятда бор йўғи 40 ҳолатда жазо чораси қўлланилган. 109 ҳолатда яраштирув билан иш тугалланган, 128 ҳолатда шифокорларга таҳдид қилган шахсларга нисбатан қонуний жазо кўриш масаласи ҳал этилмаган.
Шундан келиб чиқиб, юқоридаги каби ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун жавобгарликни кучайтириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилди ва биринчи ўқишда қабул қилинди. Айни пайтда соҳа мутахассислари ва экспертлари ҳамкорликда иккинчи ўқишга тайёрланмоқда.
Қонун лойиҳасида тажовузларни содир этган шахс­ларга нисбатан уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини қўллаш кўрсатилмоқда. Ўйлаймизки, у қабул қилинса, бу ҳозирда қарийб ҳар куни содир бўладиган ҳодисага айланиб улгурган тажовузларнинг олдини олишда катта профилактик таъсир кучга эга бўлади.

Обиджон ДИЛМУРОДОВ,
Шошилинч ва тез тиббий ёрдам
масалалари бўйича маҳаллий
координатор


Бошқа хабарлар