Халқаро фан олимпиада ғолиблари тақдирланмоқда

22

Жорий йилда Ўзбекистон терма жамоаси Халқаро олимпиадаларда жами 8 та медални қўлга киритди. Жумладан, 11-22 июль кунлари Буюк Британиянинг Бат шаҳрида бўлиб ўтган 60-Халқаро математика олимпиадасида (IMO) Ўзбекистон жамоаси 1 та бронза медаль (2018 йилда медал олинмаган) ва 3 та диплом, 14-21 июль кунлари Венгриянинг Сегед шаҳрида бўлиб ўтган 31-Халқаро биология олимпиадасида (IBO) Ўзбекистон жамоаси 2 та бронза медаль (2018 йилда медал олинмаган), 21-30 июль кунлари Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтган 51-Халқаро кимё олимпиадасида (ICHO) Ўзбекистон жамоаси 2 та кумуш ва 2 та бронза медаль (2018 йилда 2 та бронза медали) соҳиби бўлди.

Халқ таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган маросимда асосан ушбу олимпидаларда кумуш медални қўлга киритган ўқувчилар 66 млн. 900 минг сўм, уларнинг ўқитувчилари 55 млн. 750 мингсўм пул мукофоти билан, бронза медалини қўлга киритган ўқувчилар 44 млн 600 мингсўм, уларнинг ўқитувчилари 33 млн 450 минг сўм пул мукофоти билан тақдирланди.
Мазкур ўқувчилар Олий таълим муассасаларига кириш имтиёзига эга бўлди. Бундан ташқари, 8 нафар халқаро олимпиада ғолиблари иқтидорли ўқувчилар захирасига киритилди.

Айтиб ўтиш жоизки, жорий йилдан бошлаб янги турдаги республика олимпиадалари ҳамда онлайн олимпиадалар таъсис этилди.
Шу йил 22 октябрда биология фанидан Абу Али Ибн Сино номидаги, 30 октябрда кимё фанидан Абу Райҳон Беруний номидаги, 25-26 октябрда математика фанидан Мирзо Улуғбек номидаги, 9 ноябрда физика фанидан Аҳмад Ал-Фарғоний номидаги, 16 ноябрда информатика ва ахборот технологиялари бўйича Ал-Хоразмий номидаги қўшимча республика фан олимпиадалари ўтказилди. Ҳар бир фан бўйича 1-, 2-, 3-ўринларни эгаллаган ўқувчилар энг кам ойлик иш ҳақининг 100 (22 300 000 сўм), 85 (18 955 000 сўм), 70 (15 610 000 сўм) баравари миқдорида, уларнинг ўқитувчилари эса энг кам ойлик иш ҳақининг 80 (17 840 000 сўм), 65 (14 495 000 сўм), 50 (11 150 000 сўм) баравари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланди.
Шу билан бирга, Халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан барча босқичдаги олимпиадалар бўйича статистик маълумотларни тўплашни автоматлаштирадиган, жумладан, олимпиада учун танланган назорат материаллари, иқтидорли ўқувчилар захираси, олимпиада иштирокчилари, ғолиблари, уларга бириктирилган ўқитувчилар ҳисобини юритувчи ахборот тизими ишга туширилди.

Жорий йилдан умумтаълим фанлари бўйича онлайн фан олимпиадаси умумий ўрта таълим муассасаларининг 4-11-синф, академик лицейларнинг 1-2-босқич ва касб-ҳунар коллежларининг 3-босқич ўқувчилари ўртасида онлайн фан олимпиадаси ташкил этилиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, онлайн фан олимпиадасида иштирок этишни истаган ўқувчилар olympiad.uzedu.uz сайти орқали рўйхатдан ўтиши мумкин.

Озода РЎЗИҚУЛОВА
ishonch.uz

Бошқа хабарлар