Барчаси кўнгилдагидекми?

20

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши Раёсатининг 2018 йил 2 октябрдаги «Бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари куни»ни жорий этиш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ҳар ойнинг иккинчи сешанбаси «Бошланғич ташкилотларга амалий ёрдам кўрсатиш куни» деб эълон қилинган.

Ортда қолган бир йил давомида кенгашимиз ходимлари ўттиздан ортиқ бошланғич ташкилотда бўлиб, уларнинг фаолияти билан яқиндан танишди. Энг аввало, чекка-чекка қишлоқлардаги бошланғич ташкилотларга амалий ёрдам кўрсатишга эътибор қаратилмоқда. Масалан, тумандаги 100-умумтаълим мактабида бўлганимизда «Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида»ги йўриқномада кўрсатилган «Меҳнат дафтарчаларини сарф қилиш китоби», «Меҳнат дафтарчаларининг ҳисобини олиб бориш китоби» юритилмагани маълум бўлди. Бунинг устига, касаба уюшма қўмитаси учун алоҳида хона йўқ экан. Иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси томонидан қайд этилган меҳнат шартномаларини бекор қилиш буйруқларида асослар нотўғри кўрсатилган. Ходимларнинг меҳнат таътилига чиқиш жадвали қилинмаган. Ходимларга хос чиқарилаётган буйруқлар уларга таништирилмаган. Меҳнатни муҳофаза қилиш вакилига доир ҳужжатлар талаб даражасида эмас. Касаба уюшма қўмитаси йиғилишларининг маълумотномаси йўқ. Ходимларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида касаба уюшмасининг режасида ўқувлар ташкил қилиш киритилган бўлса-да, улар ўтказилмаган, фуқароларнинг мурожаатлари бўйича дафтар тутилмаган…
Юқоридаги камчиликлар юзасидан касаба уюшма қўмитаси раиси Умида Каримовага тушунтириш берилди. Туман кенгаши томонидан бошланғич ташкилотга меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома, меҳнатни муҳофаза қилиш, бошланғич касаба уюшма ташкилотлари етакчилари хизмат фаолиятида фойдаланишлари учун услубий қўлланмалар, тармоқ келишуви, низом ва шу каби муҳим ҳужжатлар тақдим этилди.
Тумандаги 77-ўрта мактабда 76 нафар ходим ишлайди. Уларнинг 60 нафари аёллар. Ёшлар 16 нафар. Касаба уюшма қўмитаси раиси Ўктам Аҳадов 2015 йилда сайланган. Бу жамоада касаба уюшма қўмитасининг ўрни ва иши сезилади. Касаба уюшма қўмитаси хонаси бор. Касаба уюшма бурчаги ташкил этилган. Қўмита йиғилишлари мунтазам равишда ўтказилган. Жамоа шартномаси бажарилишига доир муҳокама йиғилишлари ўтган бўлиб, иш берувчи ва касаба уюшма қўмита раисларининг ҳисоботлари бор. Бироқ туман кенгаши томонидан юборилган раёсат қарорлари тўлиқ қайд этилмаган. Таълим муассасасидан «Энг намунали бошланғич ташкилот», «Ўз касбининг моҳир эгалари» кўрик-танловларида ҳеч ким иштирок этмагани қайд этилган сусткашликлардан биридир. Бу мактабда ҳам «Меҳнат дафтарчаларини сарф қилиш китоби» юритилмагани аниқланди ва зарурий тавсиялар берилди.
2018-2019 йилларда бошланғич ташкилотга 8 нафар ходим моддий ёрдам сўраб мурожаат этган ва уларнинг барчасига туман кенгаши томонидан кўмак кўрсатилган. Ходимлар тиббий кўрикдан ўтказилган ва бу ходимларнинг ўз ­маблағи ҳисобидан амалга оширилган.
Мактабда уч нафар аъзодан иборат «Ёшлар билан ишлаш комиссияси» мавжуд. Аммо иш режаси ишлаб чиқилмаган. Фаолияти талаб даражасида эмас. Комиссияга ҳам тегишли тавсиялар берилди.
Бундан ташқари, нодавлат секторига мансуб муассасаларни касаба уюшмасига жалб этиш бўйича ишлар ҳам қизғин. Ортда қолган октябрь-ноябрь ойларида 12 та нодавлат мактабгача таълим муассасасида касаба уюшма ташкилоти тузилиб, етакчилар сайланди. Янги фойдаланишга топширилган 97- умумтаълим мактаби, «Magic well», «Яккабоғ юлдузчалари» ва қатор оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаларида йиғилишлар ўтказилиб, ходимларга касаба уюшмаси аъзолик афзалликлари ҳақида тушунчалар берилди. Якка турдаги тадбиркорлар саъй-ҳаракатлари билан иш бошлаган оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасалари ходимлари манфаатларини ифода этишга масъул қилиб Яккабоғ туман мактабгача таълим бўлими касаба уюшма қўмитаси раиси Тўхтамурод Хуррамов бириктирилди.
Мухтасар айтганда, жойларда бўлиб, ходимлар билан яқиндан мулоқот жараёнларида кўпгина қилиниши лозим бўлган ишлар аниқланди. Ходимлардан бўлаётган мурожаатлар, юзма-юз учрашувлар эса бошланғичлар аҳволини чуқур ўрганиш, аниқланган муаммо ҳамда камчиликларни бартараф этишга ҳисса қўшиши аниқ…

Алишер ХОННАЗАРОВ,
Таълим, фан ва маданият ходимлари
касаба уюшмаси Яккабоғ тумани
кенгаши раиси

Бошқа хабарлар