Бизга дурдона асарлар керак

50

Бадиий адабиёт намуналарига нисбатан «яхши» деган таъриф анчайин нисбий. Негаки, ҳар кимнинг қаричи, савияси, билими, ­дунёқараши турлича бўлгани боис, яхши асар дея ҳар хил даражадаги ижодий ишлар тушунилади.

Сўз санъатига сал-пал қизиқадиган, озми-кўпми мутолаа қиладиган кишилардан тортиб бадииятнинг асл ошуфталарига қадар жамики китобхон якдиллик-ла қабул қилган яхши асарнинг қандайлиги бўйича ягона модель ёки мезон йўқ. Энг қизиғи, бу гап «ёмон асар» тушунчасига ҳам тегишли. Биров учун яхшидек туйилган битикни бошқа бир киши бутунлай яроқсиз деб ҳисоблаши мумкин ва ёки аксинча.
Асарни яхши-ёмонга ажратишда нафақат ўқувчининг даражаси, балки ёши, жинси, эътиқоди, қизиқиш­лари, ҳаётий тутуми, феъл-атвори, муаллифга руҳан-маънан яқин ё узоқлиги, қолаверса, мутолаа чоғидаги кайфияти ҳам муҳим аҳамиятга эга. Сервантеснинг кекса дворян Дон Кихотдек мияси айниган, хаёлпараст ва ғирт консерватор қаҳрамони рицарлик романларига берилганини, Флобернинг Эмма Бовариси ва Қодирийнинг Кумуши ишқий, романтик асарларни суйганини бир эсланг. Яхшигина китобхон бўлган аллома Эйнштейн эса нисбийлик назариясини яратишда ­Достоевский ижодидан илҳомланганини эътироф этган. Фикримизни Генрих Гейне ҳақидаги ушбу латифа ҳам қувватлайди: Улуғ олмон ижодкоридан «Нега амакингиз бадавлат банкир-у, ўзингиз шоир бўлдингиз?» деб сўришибди. Шунда у «Болалигимда ойим менга шеър ўқиб берарди. Амакимга эса онаси қароқчилар ҳақидаги эртакларни айтиб берган», деб жавоб қилибди.
Баъзан тасаввурингда яхшидек кўринган асар мутолаадан кейин тамоман ўзгача таассурот, ҳаттоки, салбий таассурот қолдириши ҳам мумкин. Кўп йиллар олдин «Хазиналар ороли»ни ўқишга орзу­манд эдим. Аммо ниятимга етгач, ҳафсалам пир бўлди. Стивенсоннинг ушбу машҳур асари бойлик илинжида ҳеч нарсадан қайтмайдиган бир тўда қароқчиларга йўлиқиб, денгиз-у оролда турфа хил саргузаштларни бошдан кечирган бир ўсмир кечмишининг ишонарсиз тафсилотидек ёдимда қолди.
Ёқимли таассурот қолдирган асарнинг эса такрор-такрор мутолааси ҳам кишига айрича фароғат бағишлайди.
Албатта, қай бир китобда акс этган оламга шўнғиб кетсангиз, ўша асарнинг яхши-ёмонлиги билан ишингиз бўлмайди. Унинг керак-нокераклигини ўйламайсиз ҳам. Аммо маълум вақт ўтади-ю, мутолаа эҳтиросининг қизғин тафти бир қадар тушгач, ҳаётий ­тажриба ортиб, дунёқараш ўзгариши асносида шуурингизда ҳис-туйғу ўрнини ақл ва мантиқ эгаллайди. Шунда «яхши» асарни ҳам, «ёмон»ини ҳам сарҳисоб қиласиз.
Табиийки, аксар ўқувчилар қўлларига олган китобларининг ўзлари кутгандек яхши бўлишини исташади ва бундай истак замирида, аслида, ҳар кимнинг нуқтаи назари ётади. Ҳақиқий адабий асар эса ўн нафар китобхон ўқиб, ўн хил хулоса олган китобдир. Уларни вақт ўтиб яна қўлига олганда янги хулосалар чиқарса, бундай асарларни ДУРДОНА асарлар деб атаса бўлади. Бизга эса ана шундай асарлар керак…

Рустам ИБРОҲИМОВ

Бошқа хабарлар