Интернет қарамлиги ундан халос бўлиш мумкинми?

82

Бугун ҳаётимизни Интернетсиз тасаввур қилиш мушкул. Унда тармоқлар, сайтлар, ўйинлар, мулоқот турлари кўп. Аммо чегарадан ўтиб, охир-оқибат тўрга қарамлик балосига учраганлар ҳам йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Хўш, ушбу «хасталик»дан қутулиш йўллари борми?

Кишининг асосий вақтини Интернет тўрида ўтказиши — интернетга қарамлик ҳисобланади. Бу тиббиётда руҳий касалликлар рўйхатига киритилган. У интернетдан фойдаланишда бузилиш ёки мажбурий тарзда тармоқдан узлуксиз фойдаланишга бўлган иштиёқни англатади. Бошқа манбаларда эса интернетдан фойдаланишдаги бузилиш компьютердан фойдаланишдаги патологик жараён ҳам деб номланади.

Интернетга қарамлик иккига бўлинади:

1) Интернетда кўнгилочар фаолиятни амалга ошириш асосида қарам бўлиш. Бунга компьютер ва онлайн ўйинлар ўйнаш, ижтимоий тармоқлардан узлуксиз фойдаланиш кабилар киради.
2) Интернетга киришга ўзи истамаган ҳолда мажбур бўлиш.

Илк марта Интернетга қарамлик ҳолатини 1995 йилда АҚШлик руҳшунос Айвен Голдберг қайд этган. Кейинги йилларда эса ушбу муаммо юзасидан илмий изланишлар бошлаб юборилган. 2009 йилда дунё бўйи­­ча «Интернетга қарамлик» номли симпозиум ўтказилган. Шундан сўнг кўплаб руҳшунос, социолог, шифокорлар бу борада турли китоблар ёзишган.

Бугунги кунда дунё бўйича Интернетдан фойдаланувчиларнинг бир фоизи унга қарам инсонлар ҳисоб­ланади. Финляндияда Интернетга қарам йигитлар ҳарбий хизматга олинмайди. 2008 йили Хитойда ушбу ҳолат хасталик деб тан олиниб, касалхоналар очилди. Бир йилдан сўнг бундай клиникалар АҚШда ҳам иш бошлади.

Кузатувлардан маълум бўлдики, виртуал қарамлик 6 турга бўлинар экан.
– турфа сайтлардан янгиликлар излаш, ўқишга интилиш;
– виртуал дўстлар билан тинимсиз хабар алмашиш;
– интернетда ўйин ўйнаш;
– интернет дўконлар, аукционларда пул сарфлаш;
– фильмлар юклаб олиш ва томоша қилиш;
– беҳаё сайтларга интилиш.

Интернетга қарам инсонларда қуйидаги айрим белгилар кузатилади. Булар:
– атроф-муҳитга бефарқлик, хоҳиш-истак камайиши;
– бирдан асабийлашиш;
– қарор чиқаришга қийналиш;
– Интернет учун пулни аямаслик;
– уй ишлари, дарс қилиш, учрашувларни унутиб қўйиш;
– ташқи кўриниш, гигиенага эътиборсизлик;
– кўп қаҳва ва энергетик ичимликлар ичиш;
– компьютер қаршисида тамадди қилиш;
– тунда ухлашга қийналиш;
– бош оғриқлари;
– бел ва елка бўғимларининг қотиши.
Агар сизда ушбу белгилардан камида учтаси кузатилса, у ҳолда қарамликка қарши курашишни бошланг.

Нега ёшлар интернетга қарам бўлиб қолишяпти? Бунга асосий сабаб сифатида ёшларнинг ўзини паст баҳолаши, тез-тез тушкунликка тушиш, депрессияга мойиллик, муаммоларни еча олмаслик каби ҳолатларни кўрсатиш мумкин. Бундай инсонлар жамиятда ўз ўрнини топишга қийналади, одамлар билан мулоқотдан қочади, жамоатчиликка мослашиши мушкул кечади. Шу тариқа интернетга боғланади, чунки у ерда ўзини хавфсиз, кучли ва ҳамма нарсага қодирдек ҳис этади. Тармоқда нотаниш дўстлар билан ўзини уларга керакли сезиб, тобора тўрга боғланиб боради. Оила аъзолари, яқинлари тарафидан ўсмирга эътибор берилмаса, меҳр кўрсатилмаса, муаммолари тингланмаса, у ўзини интернетга уради. Ташқи кўринишидан кўнгли тўлмайдиган кишилар ҳам интернетга тез қарам бўлади.
Интернетга қарамлик ривожланган сари қуйидаги касалликлар намоён бўлиши мумкин: депрессия, шизофрения, эътибор сустлиги, хотира пасайиши, иштаҳасизлик ва ҳоказо. Ушбу касаллик бошқа салбий иллатлар бўлмиш – чекиш, ичкиликбозликдан кўра тезроқ ривожланади.
Ота-оналар фарзандлари «касаллик»ка чалинмаслиги учун уларга кўпроқ эътибор ажратиши, улар билан кўпроқ мулоқот қилиши, бўш вақтни унумли ташкил этиши керак. Оғир ҳолатларда психотерапевтдан маслаҳат олиш лозим. Интернетдан бирданига узиб қўйиш ҳам акс натижа бериши мумкин, шунинг учун буни босқичма-босқич амалга ошириш керак.

Ўн беш ёшдаги ўсмирларнинг 33 фоизи доимий равишда интернетдан фойдаланади. Ҳар олти ўсмирдан биттаси интернетга қарамликдан азият чекади. Беҳаё сайтларни асосан 12-17 ёшли ўсмирлар томоша қилиши аниқланган.

Интернетга қарамликни даволаш учун аниқ бир концепция ишлаб чиқилмаган. Чунки ҳар бир инсон ўзига хос бўлиб, ундан халос бўлиш учун шахснинг характери, ёши, жинси инобатга олинади. Биз ушбу савол билан юртдошларимизга мурожаат қилдик.
Умида Жуманиёзова: Бирор иш билан банд бўлиш – Интернетга қарамликдан қутулишнинг осон йўли. Интернетга киришни тақиқлаш билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди, тақиқланган нарсага қизиқиш кучаяди. Интернетнинг фойда ва зарарини тушунтириб, тўғри йўналтириш керак.
Нозима Маҳмудовна: Ота-онасининг кўз ўнгида бола интернетга кирмаслиги мумкин. Бундай вазиятда улар, болам интернетга кирмаяпти, деб хотиржам бўлишади. Лекин фарзандининг дўстлари билан интернет кафеларга бормаслигига ким кафолат беради?! Шунинг учун, энг аввало, фарзанднинг дўстлари ким, кимлар билан гаплашади, шунга эътибор бериш керак.
Дарё Мирзо: интернетга муккасидан кетиб, реал ҳаётдан узоқлашиб кетаётган ёшларимиз йўқ эмас. Интернет қарамлигидан қутулиш чораларини, аввало, оиладан излаш керак. Оила аъзолари ёрдам бериши зарур. Одам оиласига, яқинларига керак эканини ҳис этса, ҳеч қачон бегоналардан меҳр изламайди.
Нилуфар Шерматова: интернетда турли инсонлар, дунёқарашлар бор. Бу ерда инсон ҳаётда ўзининг кўрсата олмаган, кўрсатмоқчи бўлган томонларини намоён эта олади.
Дилнур Комилов: интернетга қарамлик ёш, масофа танламас экан. Баъзида 10 нафар дўстингиз билан чойхонада ўтириб, гапингизни тугатиш мушкул иш бўлиб қолади. Интернет домида минглаб таниш, нотаниш­лар билан суҳбатни тарк этишни айтмай қўя қолай…
Абдусалом Орипов: Интернетга қарам бўлмаслик учун кунни тўғри режалаштириш керак. Инсон кунлик режасини ёқимли ва зарур машғулотлар билан тўлдириши керак.
Байрам Али Қўлдошев: интернетга қарамлик… Ундан халос бўлишнинг кўплаб чоралари бор. Масалан, китоб ўқиш, ўзига бирор хобби ўйлаб топиш, у ёки бу усул билан ҳаёт тарзларини ўзгартиришга уриниш… Яна бир самарали усул – табиатга яқинлашиш. Ҳа, айнан табиатга яқинлик инсонни ҳар томонлама ўзгартиришга тарбиялашга қодир.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, дўст ва суҳбатдошни интернет тармоғидан эмас, атроф-муҳитдан, одамлар орасида излашга ҳаракат қилайлик. Ана шунда ҳамма иш жойига тушади.

Нодирабегим ИБРОҲИМОВА

Бошқа хабарлар