«КАСАБА УЮШМАЛАРИ ТЎҒРИСИДА»ГИ ҚОНУН СЕНАТ ТОМОНИДАН МАЪҚУЛЛАНДИ

45

2019 йил 30 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлисида «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун маъқулланди.

Амалдаги «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонун 1992 йил 2 июлда, яъни бундан 27 йил илгари қабул қилинган эди. 3 та боб ва 22 та моддадан иборат ушбу қонунга 2001 йил 7 декабрь, 2016 йил 28 ноябрда қўшимча ва ўзгартиш­лар киритилган.
Бироқ амалдаги Қонун нормалари анча эскирган ва Меҳнат кодекси, «Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги, «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги, «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги, «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги қонунлар нормаларини концептуал жиҳатдан акс эттирмайди. Шу муносабат билан ушбу соҳани тартибга соладиган янги Қонун ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарурати юзага келди.
Шу сабабли Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ ташаббускор депутатлари томонидан касаба уюшмалари мутахассислари иштирокида тубдан янги «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишланиб, жорий йил июнь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилди.
Шундан сўнг қонун лойиҳаси ташаббус­кор депутатлар ва касаба уюшмалари мутахассислари иштирокида тузилган ишчи гуруҳлар томонидан барча вилоятларда давлат ва нодавлат органлари, корхоналар вакиллари ҳамда касаба уюшмалари фаоллари ўртасида кенг муҳокама қилинди. Бундан ташқари, лойиҳа Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг веб-сайти, Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерацияси веб-сайти, «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталарида кенг муҳокамага қўйилди.
Билдирилган таклифлар асосида янада такомиллаштирилган лойиҳа жорий йил октябрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида қабул қилиниб, Олий Мажлис Сенатига юборилди. 2019 йил 30 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлисида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
9 та боб 56 та моддадан иборат бир қатор янги нормаларни ўз ичига олган ушбу қонунни ишлаб чиқишдан асосий мақсад қуйидагилар:
– Халқаро меҳнат ташкилотининг Конвенцияларига мос равишда касаба уюшмаларининг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш;
– касаба уюшмасига бирлашиш имкониятларини кенгайтириш;
– касаба уюшма органларини давлат рўйхатидан ўтказишни соддалаштириш;
– ходимларнинг меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилишда асосий институтлардан бири бўлган меҳнат инспекцияларини қайта тиклаш;
– меҳнат соҳасида ижтимоий шериклик ҳамда жамоатчилик назоратини амалга оширишни тартибга солувчи нормаларни қонуний мустаҳкамлаш;
– амалдаги қонунда бор бўлган ҳаволаки ва деклоратив характердаги нормаларни бартараф этиш.
Мазкур Қонун расман эълон қилинганидан 3 ой ўтгач, амалга киритилади.
Шуни қайд этиш лозимки, бу даврда касаба уюшмалари тизимидаги барча норматив ҳужжатлар инвентаризациядан ўтказилиб, янги қонунга мувофиқлаштирилади. Бу жараёнда тармоқ касаба уюшмалари ва Федерациянинг Уставлари ҳамда таъсис шартномалари, ташкилий тузилмага оид ҳужжатлар, қонун билан белгиланган янги талаблар бўйича тегишли норматив ҳужжатлар қамраб олинади.
Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшма ташкилотларининг жамоатчилик назоратини оширишда ҳуқуқларидан тўғри фойдаланишлари учун методик қўлланма, йўриқномалар ишлаб чиқилади.
Касаба уюшмаларининг меҳнат инспекциялари тузилиб, инспекторларнинг алоҳида дастур асосида малакаси оширилади. Касаба уюшмаларининг жамоатчилик назоратини амалга оширишига оид электрон дастурий таъминот тайёрланади.
Мухтасар айтганда, «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун ишчи-ходимларнинг меҳнатга оид ҳақ-ҳуқуқларини тўла ифода этиши ва замон талабларига тўла жавоб бериши билан аҳамиятлидир.

Ҳамидулла ПРИМҚУЛОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерацияси юридик бўлими мудири

Бошқа хабарлар