Қуламаса ҳисоб эмасми ?

77

Боланинг спортга қизиқишида мактабдаги муҳит муҳим аҳамиятга эга. Шу сабаб мактабларда жисмоний тарбия дарсларидан ташқари, турли спорт тўгараклари, мусобақалар ташкил қилинади. Бироқ ҳамма мактабларда ҳам бунинг учун етарли шароит йўқлиги кўплаб болаларнинг орзуларини армонга айлантирмоқда. Хонқа туманидаги 19-умумтаълим мактаби ўқувчилари ҳам ана шундай болалар қаторида…

Мактабга киришингиз билан димоғингизга зах ҳиди урилади. 1974 йилда фойдаланишга топширилган муассаса ўтган даврда бирон марта ҳам капитал таъмирдан чиқарилмаган.
Тўғри, тадбиркорлар, ота-оналар кўмаги билан мактабда ҳар йили имкон қадар таъмирлаш ишлари олиб борилган. 4 та синфхона тадбиркорлар ҳомийлигида таъмирланган. Янги эшик ва деразалар ўрнатилган. Янги столлар, замонавий доска ва мультимедиа воситалари билан таъминланган.

Бироқ мактабда 35 та синфхона бор. Уларда икки навбатда 1070 нафар ўқувчи таҳсил олади. Синфларнинг тешилиб қолган поллари, ҳар қанча ювган билан доғлари кетмайдиган доскалар, деворларга тушган ёриқларни ямаб йўқотиб бўлмайди.
Мактаб газ тармоғига уланган. Синф­хоналарда ҳаво ҳарорати илиқ. Бу қувонарли ҳолат, албатта. «Қишда шундан бош­­қа яна нима керак?» дейсизми? Йўқ, бу савол, бундай ўйлаш нотўғри. Ўқувчилар қиш фаслида ҳам барча фанларни тўлиқ ўзлаштириши, дарслар талаб даражасида ўтилиши шарт. Жумладан, жисмоний тарбия дарслари ҳам. Аммо, мактаб спорт залига қулф урилганига анча бўлган.
Илиқ кунлари мактаб стадионида шуғулланган ўқувчилар қиш ойларида жисмоний тарбия дарсларини ўз синфларида шахмат-шашка ўйнаб, турли машқлар бажариб ўтишга мажбур. Демак, мактабда бу дарс қарийб беш ой номигагина ўтилади. Бундай шароитда ўқувчилар чемпион бўлиш ҳақида ҳатто орзу ҳам қилолмайдилар.
– 5 нафар неварам шу мактаб ўқувчилари, – дей­ди Сотимбой Қиличев. – Улар дарсда пайти юрак ҳовучлаб ўтираман. Спорт зали тарафга умуман яқинлашманглар, деб кўп уқтирамиз. Худо кўрсатмасин, бино қулаб тушса, шу атрофдан ўтаётган болалар, ўқитувчиларга жиддий зиён етмаслигига кафолат борми?
Ҳақиқатан ҳам, том ва деворлардаги ўпирилишлар, улардан тушган лой бўлак­ларини кўриб, хавотир бежиз эмаслигига амин бўлдик.
Мактабнинг қулфланган тарафи фақат спорт зали эмас, фаоллар зали ва ошхона учун ҳам мўлжалланган бўлиб, улар ҳам фаолият кўрсатмаяпти. Қиш кунлари иссиқ овқат ёки қайноқ сувга эҳтиёж кучлилигини инобатга олсак, бу болалар саломатлигига зиён туғдиришини англаш қийин эмас. Фаоллар зали бўлмаса, маънавий-маърифий тадбирлар ҳам синф­ларда номигагина уюштирилиши кундай равшан.


Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Хонқа тумани кенгаши раиси Умрбек Абдуллаев билан суҳбатлашганимизда, вазиятдан хабардорлигини, ота-­оналар бир неча бор норозилик билдириб, мурожаат қилишганини, қолаверса, бу касаба аъзоларининг меҳнат муҳофазасига ҳам жиддий зиён етказаётгани, мактаб маъмурияти янги спорт зали қурилишида амалий ёрдам сўраб, маҳаллий ҳокимликка қилган мурожаатлари натижасиз қолганини айтди.

Янада ачинарлиси, ушбу муаммо яқин ўртада юзага келган эмас. Вилоят ДАҚН инспекцияси 2011 йилда спорт зали авария ҳолатига келиб қолгани сабабли, бузиб, янгидан қуриш ҳақида таклиф берган. Аммо, орадан қарийб саккиз йилдан зиёд вақт ўтганига қарамасдан, масала ечим топмаган.
Наҳотки, мутасаддилар бинонинг кун келиб қулашини кутаётган бўлса…

Муҳаббат Тўрабоева

Бошқа хабарлар