Танда ҳис этмагунча, дардни англамаймиз(ми?)

64

Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотига кўра, ҳозирги кунда ҳудудда 224 нафар кўзи ожиз бола бор. Вазият ўрганилганида, уларнинг умумтаълим мактаблари, бош­­қа ҳудудлардаги махсус интернатларда таҳсил олаётгани, баъзилари мактаб ёшига етмагани учун, айримлари эса мактаб ёшидан ўтса-да ҳамон уйдалиги аниқланган.

Вилоятда кўзи ожизлар учун ихтисослашган махсус мактаб-интернат мавжуд эмас.
Мактаб тўғрисида кўп­лаб мурожаатлардан сўнг Гулистон шаҳар ҳудудидан 50 сотих ажратилгани маълум қилинди. Республикадаги мавжуд шу тоифадаги мактаб интернатлар 2,5-3 гектар майдонда жойлашган. Вилоятда эса 30 сотих майдон ажратилган. Бу мактаб учун камлик қилмасмикин?
Охирги йилларда махсус мактаблар ҳафтанинг дам олиш кунларида ўқувчиларга уйга жавоб бериш тартибига ўтишган. Бу дегани ҳар ҳафтада кимнингдир ҳамроҳлигида уйга келиш ва ўқув кунида қайтиш керак. Бу бошқа вилоятда таълим олаётганларга ҳам, уларнинг яқинларига ҳам қийинчилик туғдирмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 сентябрдаги «Ногиронлиги бўлган шахс­ларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, вилоятда 2019 йилда янги қуриладиган кўзи ожизлар кутубхонаси лойиҳаси тасдиқланган. Унга кўра, 30 сотих ерда 10 та хонадан иборат бино лойиҳаси режалаштирилган. Бироқ йил якунига оз муддат қолганига қарамай қурилиш ишлари бошлангани йўқ.
Умуман олганда, вилоятда кўзи ожизлар билан боғлиқ муаммолар кўп. Жумладан, вилоят кўзи ожизлар жамияти аъзо­ларининг меҳнат билан бандлиги ҳам жиддий муаммо. Айни пайтда уй шароитида чорвачилик, қуёнчилик билан шуғулланиб келаётганлар бор. Баъзилари ўз тадбиркорлигига эга. Бироқ кўпчилиги ишсизлигича қолмоқда.
Жамият қошидаги салкам 70 йиллик ўқув ишлаб чиқариш корхонаси бу йил турли сабабларга кўра фаолиятини тўхтатган. Ҳолбуки, шу вақтгача корхонада кўрпа-ёстиқ, кигиз каби маҳсулотлар тайёрланган.
Кўриш имконияти чекланган ногиронлар саломатлигини тиклаш учун шифохонага ордер олиш, реабилитация воситалари билан таъминланишда қийинчилик­ларга дуч келишяпти.
Жамиятнинг Гулистон шаҳар бўлинмаси раиси Карима Азаматованинг айтишича, айнан ишга жойлаштириш, воситалар беришда имконият етарли эмаслиги учун ҳам вилоятдаги 4 минг нафар кўзи ожиз шахслардан атиги 1 минг 200 нафари жамият аъзоси бўлишга розилик билдирган.
Соғлом пиёдалар учун хавфли бўлаётган ўтиш йўллари имконияти чекланганлар учун катта муаммо бўлаётганини тасаввур қилиш қийин эмас. Ваҳоланки, овозли светафор, рангли йўлаклар аллақачон ихтиро қилинган. Вилоят тугул, мамлакатимизнинг ақалли махсус мактаб жойлашган кўчаларида ҳам бундай қулайлик яратилмаган.
Муаммо танада ҳис қилинганида яхшироқ англашилади. Шу боис, ҳам қонун чиқариш тизимида, депутатларимиз орасида бу тоифадаги кишилар бор бўлишига зарурат борга ўхшайди…

Озода
МАМАДАЛИЕВА,

Бошқа хабарлар