Фармон ижроси қачон таъминланади?

23

Яқинда Президентимизнинг “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинганига уч йил тўлади. Мазкур Фармон ижроси доирасида юртимизда кексаларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Хусусан, Фармоннинг тўртинчи бандига мувофиқ, 2017 йил 1 сентябргача барча туман ва шаҳарлардаги маданият ва дам олиш истироҳат боғлари ҳудудида “Нуронийлар маскани” мажмуалари қурилиб, фаолияти йўлга қўйилиши белгиланган. Бу нуронийларнинг жамият ҳаётида фаол иштирок этишини таъминлашда муҳим омил бўлди. Ишга туширилган масканларда кутубхона, шахмат, шашка, дам олиш хоналари, кексалар учун махсус тренажёрлар билан жиҳозланган жисмоний тарбия зали, шунингдек ошхона ва тиббиёт хоналари ташкил этилди, мажмуалар зарур мебель, компьютер техникаси ва алоқа воситалари билан жиҳозланди. 

Афсуски, кўрсатилган муддатдан икки йилдан зиёдроқ вақт ўтиб кетган бўлса-да, Фармон ижроси айрим жойларда таъминланмагани катта авлод вакилларининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.

Хўш, бу борада Тошкент вилоятида аҳвол қандай?

Ҳозиргача пойтахт вилоятининг учта туманида “Нуронийлар маскани” қуриб битказилган.

Пискент туманидаги “Нуронийлар маскани”да бўлганимизда кўнглимиз равшан тортди. Тумандаги “Ёшлар боғи”да жойлашган маскан замон талаблари асосида бунёд этилган.

— Ўтган йил пискентлик нуронийлар учун янгиликларга бой келди, — дейди “Нуроний” жамғармаси Пискент тумани бўлими раиси Жўрақул Отақулов. — Уч миллиард сўмга яқин маб­лағ сарфланиб, барча қулайликларга эга “Нуронийлар маскани” фойдаланишга топширилди. Масканда кексалар учун кутубхона, шахмат, шашка, дам олиш хоналари, махсус тренажёр зали, шунингдек, ошхона ва тиббиёт хонаси мавжуд. Ёшларни иш билан таъминлаш мақсадида кичик чевархона ҳам ташкил этганмиз. Асосийси, кексалар учун яратилган шароитлардан унумли фойдаланяпмиз. Жума кунлари кексалар шу ерда жамланиб, ўз ҳудудларидаги мавжуд муаммоларларни бартараф этиш юзасидан кенгашадилар. Тадбирга мутасадди ташкилотлар раҳбарларини ҳам таклиф этамиз. Суҳбат асносида аҳолини қийнаётган кўплаб масалаларга ечим топилади.

Вилоятнинг Ангрен, Олмалиқ, Чирчиқ, Янгийўл, Бекобод, Бўка, Оққўрғон, Оҳангарон, Чиноз, Ўрта Чирчиқ каби туман ва шаҳарларида “Нуронийлар маскани” учун ер майдони ажратиш тўғрисида ҳоким қарори чиқарилган-у, лекин турли важлар сабаб, ҳали-ҳануз қурилиш ишларига маблағ ажратилмаган. Жамғарманинг ҳудудий бўлимлари эса турли ташкилотларга тегишли хоналарда жойлашган.

Масалан, 2017 йил 18 майда Бекобод шаҳри ҳокимининг “Нуронийлар маскани” учун 2 гектар ер майдони ажратиш тўғрисидаги қарори чиққан, бироқ маблағ йўқлиги учун қурилиш ишлари ҳалиям бошланмаган. Жамғарма бўлими ҳокимият балансидаги бинода зарур жиҳоз ва мебелларсиз фаолият юритаётир. Вилоятнинг Бўка, Бекобод туманларида ҳам худди шундай вазият ҳукмрон.

— Вилоятимиздаги жами 22 та туман ва шаҳарда “Нуронийлар маскани” қурилиши режалаштирилган, — дейди “Нуроний” жамғармаси Тошкент вилояти бўлими раиси Жалолиддин Нас­риддинов. — Тўғриси, фармон ижроси бўйича вилоятда анча сусткашликка йўл қўйилган. Ҳатто, айрим туманларда ер майдони ажратиш учун туман ҳокимининг қарори ҳам чиқарилмагани аниқланди. Ҳозир 17 ҳудудда мазкур масала юзасидан қарор қабул қилинган. Жорий йил якунига қадар вилоят ҳокими ташаббуси билан ­Юқори Чирчиқ, Бўстонлиқ ва Паркент туманларида ­“Нуронийлар маскани” қурилиб, фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Дарҳақиқат, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида назоратсизлик, ҳуқуқбузарликнинг олдини олишда нуронийларнинг ўрни беқиёс. Агар, Фармон ижроси ўз вақтида бажарилиб, кексаларимизга муносиб шароит яратилганда, отахон-у онахонларнинг бой ҳаётий тажрибасидан фойдаланиб, кўпгина муаммоларга чек қўйилган бўларди.

Президент Фармони ижроси қачон амалга ошади? Бу борада тегишли ташкилотларнинг муносабати ва амалий ҳаракатларини кутиб қоламиз. Демак, мавзуга яна қайтамиз.

Нигора ЎРОЛОВА

ishonch.uz

манба: “Nuroniy” газетаси, 50-сон

Бошқа хабарлар