ПРОКУРАТУРА ВА ЖУРНАЛИСТЛАР ЎРТАСИДАГИ “КЎРИНМАС ДЕВОР” ОЛИБ ТАШЛАНДИ…МИ?

271

Андижон вилояти прокуратураси жорий йилнинг 10 ойи давомидаги фаолияти юзасидан матбуот анжумани ўтказди. Гарчи журналистлар мезбонларга нисбатан озчиликни ташкил қилган бўлса-да, тадбир анчайин баҳс-мунозарага бой кечди. Сабабики, кейинги йилларда прокуратура ҳамда ОАВ вакиллари ўртасида юзма-юз мулоқотлар деярли ўтказилмаганлиги боис журналистларда ҳам саволлар тўпланиб қолганди.

Вилоят прокурори ўринбосари Бахтиёр Худойбердиев тадбирни ўтказишдан кўзланган муддао хусусида қисқача фикр билдириб, ўзаро ҳамкорликни изчил йўлга қўйишга тайёр эканликларини баён этди.

Ўз навбатида прокурор катта ёрдамчиси Рустамжон Абдуллаев қонун устуворлиги, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш йўлида олиб борилаётган амалий ишлар хусусида маъруза қилди.

Қайд этилганидек, қонунчилик ижроси юзасидан ўтказилган текширишларда 4 минг 172 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилган. Айни ҳаракатлар сабаб 665 миллион 528 минг сўмга тенг миқдордаги зарарлар ихтиёрий равишда ундирилган бўлса, 1 миллиард 190 миллион сўмдан ортиқроқ зиённи жой-жойига қўйиш мақсадида судларга 284 та даъво аризаси киритилган.

Жамоатчиликка яхши маълум, бугун давлат идораларида малакали ҳуқуқшуносларга бўлган эҳтиёж юқори. Шунданми, ҳокимликлар, турли идоралар раҳбарлари томонидан қабул қилинаётган қарорлар, тегишли ҳужжатлар ҳар доим ҳам қонунчилик талабига мос келавермайди. Ҳисобот даврида қонунга зид бўлган ҳужжатларни ўзгартириш ва бекор қилиш юзасидан 1 минг 11 та протест келтирилиб, барчаси қаноатлантирилди.

Ҳудудларда турли муаммоларни ҳал қилиш юзасидан тўрт сектор амалиётининг жорий этилиши прокурорлар зиммасига-да катта масъулият юклаганлиги бор гап. Йилнинг айни даврига қадар вилоят прокурори бош бўлган секторда 125 мингдан зиёд хонадонларда яшовчи фуқаролар билан суҳбатлар асноси салкам 17 мингга яқин оилаларда турли ҳаётий муаммолар ўртага қўйилган. Уларнинг 96 фоизи ҳал этилганлиги, 613 таси йўл хариталарига киритилиб, тегишли идораларга топшириқ берилганлигию ижроси назоратга олинганлиги амалий ишлар кўлами нечоғли эканидан далолат. Кам таъминланган оилалардан 88 тасининг айни шу тоифадан чиқарилганлиги, 1 минг 433 нафар фуқаронинг иш жойига эга бўлгани сектор раҳбарияти томонидан кўрилган аниқ чора-тадбирлар самараси, албатта.

Қайд этилишича, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашув ҳолларига бутунлай чек қўйиш баробарида уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳам доим кун тартибида. Прокуратуранинг тадбиркорлар билан мулоқотлари чоғида муаммо ва таклифларга очиқ кўз билан қараляптики, 406 нафар тадбиркорга амалий ёрдам кўрсатилиб, 2 минг 23 та иш ўрни яратилганлиги ҳам ана шу ҳаракатлар меваси.

Тадбирда тилга олинган бир жиҳат ниҳоятда қувонарли: ҳисобот даврида матбуот ва интернет тармоқларида эълон қилинган ҳамда вилоятга дахлдор масалалар юзасидан 29 та ҳолат ўрганилиб, саккизта масъул ташкилотга қонунбузилиш сабабларини бартараф этиш бўйича тақдимнома киритилган. Икки нафар мансабдор шахс жавобгарликка тортилган, иккита жиноят иши қўзғатилган.

ОАВдаги чиқишларга қиёсланса, юқоридаги рақамлар озми ёки кўп? Журналистларнинг таъкидлашича, қониқарли эмас, яъники матбуотда эълон қилинаётган танқидий мақолаларни прокуратура доим ҳам илғай олмаяпти.

Биргина мисол. Ўтган йили “Андижоннома” газетасида журналист Қобилжон Асқаровнинг “Ҳар баҳорда шу бўлар такрор…” ҳамда “Эгар қайда? Узанги-чи?” сарлавҳали танқидий мақолалари эълон қилинди. Мазкур чиқишларда қишлоқ хўжалиги, хусусан, пилла етиштиришдаги аҳвол, соҳани ривожлантиришдаги шошма-шошарлик оқибатида Андижон, Булоқбоши, Избоскан, Марҳамат ҳамда Пахтаобод туманларидаги юзлаб фермерларнинг шўрига шўрва тўкилаётгани таъкидланиб, пилла режасининг етказиб берилмаган қисми учун жарима ундиришда ноқонуний хатти-ҳаракатлар, жиноят аломатлари кўзга ташланаётганлиги хусусида бонг урилганди.

Шундан сўнг “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таҳририятни судга бериб, гўёки нотўғри маълумотлар тарқатгани учун раддия ҳамда 100 миллион сўм товон талаб қилди. Бироқ судда ютқазди. Даъвонинг рад этилиши танқидий мақолалар тўғри эканлигини англатадими? Албатта!

Аммо “Андижоннома”нинг сўровига биноан мақола юзасидан терговолди текширув ҳаракатларини ўтказган бешта туман прокуратураси хулоса бердики, бирон бир шахснинг ҳаракатида жиноят таркиби аниқланмади, дея! Буни қандай тушуниш керак? Ёки қонунларни суд ва прокуратура икки хил талқин қиладими?

Юқоридаги саволга матбуот анжумани мезбонлари муносабат билдиришдики, “бу масалани атрофлича кўриб чиқамиз ва албатта, ёзма равишда асосли жавоб берамиз”.

Баъзи бир давлат идоралари раҳбарлари, хусусан, айрим маҳаллий ҳокимларда ички маданият етишмаслиги, оммага нисбатан қўполлиги, залдагиларни баъзан ҳақоратомуз сўзлар билан “сийлаши” хусусидаги гап-сўзлар тез-тез қулоққа чалиняпти. Жамоатчиликнинг эътирозларидан бири шуки, йиғилиш иштирокчиларининг шаъни ва қадр-қимматига дахл қилишдан тап тортмаётган ҳокимларнинг ёнида кўпинча прокурор ҳам ўтирган бўлади. Бироқ нима учун айни ҳолатга бир оғиз муносабат билдирмайди?

Ушбу масалада прокуратуранинг нуқтаи назари бундай: “Тўғри, айрим маҳаллий ҳокимларнинг мажлислардаги мулоқот чоғида чегарадан чиқиб кетишини ҳеч қачон оқламаймиз. Ҳақоратомуз гаплар умумий маънода айтилаётган бўлса-да, ҳокимлар одоб ва интизом масаласида юқори турувчи органлар томонидан тартибга чақирилаётганлигидан ҳам хабаринглар бор. Бироқ муайян шахсга қаратилган қўпол муносабатлар қулоққа чалингудек бўлса, албатта, қонун доирасида чора кўрамиз”.

Барчамизга маълум, кейинги йилларда прокуратура органларини нолойиқ ходимлардан тозалаш ишлари жиддий давом эттирилмоқда. Айниқса, коррупцияга чек қўйиш борасида кенг кўламда саъй-ҳаракатлар олиб борилди. Вилоят прокурорининг ўринбосари Бахтиёр Худойбердиевнинг таъкидлашича, бугун пора талаб қиладиган соҳа ходимининг нонкўрдан фарқи йўқ.

“Аниқ миқдорини айтмайман, аммо айни пайтда прокурорларнинг ойлик маоши ўртача ойликдан юқори, ходимларни рағбатлантириш мақсадида жорий этилган мукофот пуллари ҳам етарлича. Уй-жой, автомашина харид қилишда кредит билан боғлиқ кўплаб имтиёзлар берилган. Президентимиз бошчилигида яратиб берилаётган барча шарт-шароитлар ходимларнинг эҳтиёжларини бемалол қоплай олади. Шунинг учун такрор айтаман, ношукр ва нонкўр прокуроргина пора талаб қилади”, дейди Бахтиёр Худойбердиев.

Қизғин савол-жавоблардан сўнг якуний хулоса шу бўлдики, прокуратура ва ОАВ ўртасида яқин ҳамкорликни кучайтиришдан икки томон ҳам манфаатдор. Устоз журналистлардан бирининг таъбири билан айтганда, матбуот анжумани узоқ йиллардан бери ўртада турган “кўринмас девор”ни олиб ташлаш учун дастлабки дадил қадам бўлди. Прокуратуранинг ҳам, матбуотнинг ҳам пировард мақсади жамиятда қонун устуворлигига эришмоқ экан, учинчи ва тўртинчи ҳокимият ўртасидаги кўприк чинданам мустаҳкам бўлмоғи шарт.

Нурилло НЎЪМОНОВ,

ishonch.uz

Бошқа хабарлар