Миробод обод бўлади

248

Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғига биноан ташкил этилган Жамоатчилик комиссиясининг Миробод туманидаги навбатдаги учрашуви «Мир­обод», «Янги Миробод», «Байналмилал», «Темирйўлчилар», «Заминобод», «Биродарлик», «Наврўз», «Истиқлолобод», «Тонг Юлдузи», «Иноқобод», «Чинор», «Толариқ», «Юксалиш», «Зиёнур», «Билимдон», «Парвона», «Баёт», «Баратхўжа», «Янги Қўйлиқ», «Қўйлиқ ота» маҳаллалари фаоллари билан бўлиб ўтди.

Мулоқот аввалида комиссия раҳбари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла ­Рафиков мамлакатимизнинг ички ва ташқи сиёсатидаги ижобий ўзгаришлар, улкан бунёдкорлик ишлари, олиб кирилаётган салмоқли инвестициялар, янги иш ўринлари ташкил этиш, узоқ йиллардан буён ҳал қилинмай келинган конвертация масаласининг ечилиши, ҳар бир ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, тиббиёт ва таълим тизимини жиддий ислоҳ қилиш, ўқитувчиларнинг ойлик маошлари, шароитларини тубдан яхшилаш, мактабгача таълим тизимининг янгидан ташкил этилиши, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» давлат ­дастурларининг қабул қилиниши, ночор оилаларга кўрсатилаётган мисли кўрилмаган ғамхўрлик, пенсионерларга кўрсатилаётган эътибор, ишловчи пенсионерларнинг ойлик маош ва пенсиялари тўлиқ берилиши каби кўплаб тарихий, илгари кузатилмаган ислоҳот ва янгиликларга тўхталиб ўтар экан, жумладан, шундай деди:

– Давлатимиз раҳбари нега айнан Тошкент шаҳри туманларига бир эмас, қайта-қайта шахсан ташриф буюраяпти? Раҳбарларни тўплаб, уларга бир қатор муҳим масалалар юзасидан топшириқлар беряпти? Нега? Назаримда, Президентимиз Тошкентни ­дунёдаги энг илғор, энг гўзал, аҳоли яшаши учун энг қулай ­шароитларга эга бўлган, бутун дунё ҳавас қиладиган шаҳарга айлантиришни ният қилган. Боиси, Тошкент нафақат Ўзбекистоннинг пойтахти, у Ислом оламида ҳам, Марказий Осиёда ҳам гавҳар шаҳар, ҳаммага ўрнак, гўзал ва бетакрор макондир.
Шу маънода Миробод тумани пойтахт ривожида, унинг тараққиётида марказий ўринни эгаллаши зарур ва шартдир. Хўш, туманда бунга етарли салоҳият борми? Албатта, бор!
Фақат ҳамжиҳатлик, давлат раҳбари атрофида жипс­лашиш, бир ёқадан бош чиқариш, юртга садоқат керак!
Юрган йўлимизда учраётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ бўлмайлик, зеро, юртнинг фаровонлиги, давлатнинг тараққиёти унинг ҳар бир фуқаросига ҳам боғлиқ.
Шундай экан, туман ва шаҳар мутасаддилари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва маҳалла оқсоқоллари ҳамда фаолларидан ушбу ташаббус ва кенг кўламли ислоҳотларда янада фаол иштирок этишларини сўрайман.

Мулоқот чоғида туманда истиқомат қилувчи фуқаролар томонидан кўзга ташланаётган мавжуд муаммолар баён этилди. Жумладан, дастлаб ҳудудда таъмирталаб йўллар, тунги ёритгичлар, алмаштирилиши зарур бўлган эски симёғочлар мавжудлиги ҳамда уларни жорий йилда таъмирлаш кўзда тутилгани таъкидланди.
Маҳалла раислари ҳамда участка инспекторлари ҳудуддаги ҳолат, ижтимоий масалалар ва чет элга узоқ муддатга кетган фуқаролар бўйича маълумот бердилар. Шундан сўнг маҳалла фаоллари мавжуд муаммоларни баён қилишди.

Фуқаролик ололмаётган «Янги Миробод»ликлар

«Янги Миробод» маҳалласи Нукус кўчасида яшовчи Дилдора Сиддиқова ва ўғли Фаррух Сиддиқов аввал Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида яшагани, ҳозирда мазкур маҳаллада истиқомат қилиб келишаётган бўлса-да, лекин ҳалигача Ўзбекистон Респуб­ликаси фуқаролигини олишмаганини айтиб, шу масалада ёрдам сўради. Худди шу масалада Миробод кўчасида яшовчи Дилфуза Шонаҳметова ҳам Жамоатчилик комиссиясига мурожаат қилди.
Бундан ташқари, маҳалла фаоллари ҳудуддаги 3-берк Мироншоҳ ҳамда 1-берк Кичик Миробод кўчалари асфальти таъмирталаб аҳволдалигига эътиборни қаратишди. Ушбу масалаларни ўрганиш ва ижобий ҳал этиш борасида мутасаддиларга зарур тавсиялар берилди.

Муқим идораси йўқ маҳалла

«Истиқлолобод» маҳалласида мавжуд айрим кичик масалалар маҳалладошлар томонидан баҳамжиҳатликда ҳал этилиши, фақат ҳозирда маҳалла фуқаролар йиғинининг муқим идораси йўқлиги боис бироз ноқулайликлар юзага келаётгани айтиб ўтилди.

«Наврўз»даги таъмирталаб ва ёритқичсиз йўллар

Мулоқот чоғида «Наврўз» маҳалласи 4-берк Сарикўл кўчасида яшовчи, 6 нафар вояга етмаган фарзанднинг онаси Анна Ивличева уйи таъмирталаблиги, хонадонига канализация ўтказиб беришда амалий ёрдамга муҳтожлиги юзасидан мурожаат қилди.
Шу кўчада яшовчи, 3 нафар фарзанднинг онаси Н.Бобомуратова ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож экани, коммунал тўловларни тўлашда қийналаётганини билдирди.
Ишчи гуруҳнинг ўрганишлари давомида «Наврўз» маҳалласида ички кўчаларнинг асфальт қопламалари носоз, ачинарли ҳолатда экани маълум бўлди. Қолаверса, 3-берк Сарикўл кўчасидаги 300 метрдан зиёд масофада тунги ёритқич мавжуд эмас.

«Маҳалламиз бузиладими, бузилмайдими?»

«Тонг юлдузи» маҳалласида яшовчиларни бир савол кўп йиллардан бери ўйлантириб­ ­келяпти: «Маҳалла бузиладими ёки бузилмайдими?»
Мазкур масалага туман ҳокимлиги томонидан ҳалигача аниқлик киритилмагани боис маҳалладошларнинг боши қотган. Гоҳ маҳалла бузилади, дейишса, гоҳ бунинг аксини гапиришмоқда.
– Уйимиз Фарғона йўли 2-берк кўчасида, 80 ёшли онам ва яқинда жазо муддатини тугатиб қайтган укам билан яшайман, – ­дейди Ашурали Абдукаримов. – Ўзим бетобман. Электр энергиясидан 4,5 млн., газдан эса 6,5 млн. сўм қарзимиз бор. Ҳозирда хонадон электр ва газдан узиб қўйилган. 1 июнь куни мазкур масалада ёрдам сўраб туман хокими қабулида бўлдим. Лекин ҳалигача ўз ечимини топгани йўқ.
Иноқобод 1-тор кўчаси, 6-уйда яшовчи Гулнора Давлетова эса уйини ўз номига расмийлаштириш борасида 2008 йилдан бери муаммоларга ечимини тополмаяпти. Туман ҳокимиятининг уй-жой бўлимига керакли ҳужжатларни тақдим этганига қарамай, ҳокимликдаги масъул шахслар ишни пайсалга солиб келмоқда.

«Байналмилал»ликлар нима дейди?

«Байналмилал» маҳалласида яшовчилар маданий-маиший ва спорт-соғломлаштириш, мактабгача таълим муассасалари, ёшлар маркази, болалар майдончаси, тикувчилик устахоналари барпо этиш масаласини кўтарди.
Бундан ташқари, ҳудудда ўта таъмирталаб ҳолатда бўлган хонадонлар мавжудлиги айтиб ўтилди. Булар: Мироншоҳ кўчаси, 92-уй, 4-, 5-, 7- хонадонлар, 103-уй, 24-хонадон, Оқ йўл 1-тор кўчаси, 30-уй, Мироншоҳ кўчаси, 40-уй, 5-хонадон, Мироншоҳ 4-тор кўчаси, 4а-уй. Ушбу хонадонларда яшовчиларнинг аксарияти ёлғиз яшовчи кексалар, кам таъминланган оилалар бўлиб, ҳозирда жамоатчилик ёрдамисиз ўзлари бу масалани ҳал эта олмасликлари таъкидланди.
Жамоатчилик комиссияси фуқароларнинг барча мурожаатларини инобатга олиб, кўтарилган муаммолар, бажарилиши кечиккан ишлар, айрим мутасаддиларнинг бепарволиги сабаб аҳолига азият етказаётган ҳолатлар юзасидан тегишли ташкилот ва муассасаларга ваколати доирасида ўз вақтида амалга оширилиши лозим бўлган ишларни белгилаб берди.

«Зиёнур»даги нурафшон кўнгиллар

«Зиёнур» маҳалласи, Қўйлиқ-2 даҳаси, 22-уй, 26-хонадонда яшовчи Раҳима Мамасолиева уйини мукаммал таъмирдан чиқариб беришгани учун мутасаддиларга, ишчи гуруҳга ўз миннатдорлигини билдирди.
Қўйлиқ-2 даҳаси, 21-уй, 24-хонадонда яшовчи Гулбаҳор Бердиева ҳамда 11-уй, 42-хонадонда яшовчи Зилола Худойбердиева оилавий шароити инобатга олинган ҳолда бепул уй-жой билан таъминлангани учун Президентимизга, хайрли ишларда бош-қош бўлиб турган мутасаддиларга ташаккур изҳор қилди.

Навбат «Чинор»га

Қўйлиқ-1 даҳаси, 4-уй, 33-хонадонда яшовчи, ногиронлиги бўлган Зулфия Абдуллаева имтиёзли уй олиш учун бошланғич тўлов қилишга қийналаётгани сабабли ёрдам сўраб мурожаат қилди. Унга Жамоатчилик комиссияси томонидан бошланғич тўлов учун 20 миллион сўм тўлаб бериладиган бўлди.

Одобли кўчасидаги «одобсиз» трансформатор

«Билимдон» маҳалласида бир қанча ҳал этилиши зарур бўлган масалалар мулоқот чоғида юзага чиқди. Жумладан, Одобли кўчасидаги носоз трансформатор аҳолига ноқулайлик туғдиряпти. Бундан ташқари, маҳалла фаоллари Толариқ канали бўйида жойлашган уйларни кўчириш масаласини ҳам кўтарди.
– Коммунал тўловдан 5 миллион сўмга яқин қарзимиз бор, – дейди 38-уйда яшовчи Шарофат Ҳайдарова. – Тўлашга имкониятимиз йўқ. Шу масалада ёрдам беришларингизни сўрайман.
– Моддий имконимиз, шароитимиз йўқлиги сабабли коммунал қарздорликни ўз вақтида тўлай олмадик, – дейди Одобли кўчасида яшовчи Муҳаббат Новвотова. – Ҳозирда бу сумма 9 миллион сўмга етди. Қарзни узишга қурбимиз етмаяпти.
Жамоатчилик комиссияси томонидан ҳар бир айтиб ўтилган масала ҳамда фуқаролар мурожаатларини ўрганиб чиқиш, тезкорлик билан ижобий ҳал этиш бўйича туман ҳокимлиги ва масъул ташкилотларга тегишли топшириқлар берилди.

Учрашувда айтилмаган гаплар…

Маҳалла раислари билан учрашувдан сўнг боғланганимизда, улар мулоқот давомида ­регламентни ҳисобга олган ҳолда, қолаверса, фуқароларнинг жамоатчилик олдида айтишга истиҳола қилиб тилга олинмай қолган масалалари борлигини билдиришди. Уларнинг илтимосларини рад этмаган ҳолда ўқувчилар эътиборига ҳавола этишни лозим топдик.
«Чинор» маҳалласи, Қўйлиқ-1 даҳаси, 16-уй, 10-хонадонда яшовчи Нигора Педаеванинг 2006 йилда туғилган қизи жигар хасталигидан азият чекиб келмоқда. Фарзандини даволатиш учун оила ҳар куни дори-дармон харид қилишига тўғри келади. Уни чет элга жарроҳлик йўли билан даволашга юбориш учун катта маблағ зарур. Шу масалада ёрдам сўраш илинжида борган она эса жамоатчилик олдида ўз муаммосини айтишга ботинолмади.
– Нигора Педаеванинг иккинчи фарзанди соғлиғида ҳам муаммо бор, – дейди «Чинор» МФЙ мутахассиси Мавжуда Луқмонова. – Ташхисга кўра, унинг қулоғини операция қилиш керак, операция учун 3,5 млн. сўм маблағ талаб этилади. Оиланинг мушкулини осон қилиш учун мутасаддилар эътибор қаратишса, хайрли иш бўлар эди.
«Билимдон» маҳалласи раиси Алишер Юсупов маҳаллада учрашув пайтида айтилмай қолган яна айрим масалалар борлигини билдирди. Раис, жумладан, «Билимдон» маҳалласини «Обод маҳалла» дастурига қўшиш, Толариқ канали атрофини ободонлаштириш, четларини бетонлаш ва йўлак учун мақсадли пул ажратиш, шунингдек, каналдан ўтган, тўрт маҳаллани туташтирувчи авария ҳолатидаги кўприкни таъмирлаш, қолаверса, маҳалла ҳудудида спорт ва футбол майдончаси қуриш каби муаммоларни бир-бир санаб ўтди.

Аъзамжон АБУЛФАЙЗОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар