ТИФ Миллий банк : ТАДБИРКОР ВА АҲОЛИ МАНФААТЛАРИ ХИЗМАТИДА

145

Режа пухта бўлса тадбиркор орқага қайтмайди

     Кўпчилигимиз тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган инсонларга ҳавас  қиламиз.  Аммо мамлакатимизда бу соҳада иш бошлашни истаганлар учун яхши имкониятлар яратилаётган бўлишига қарамасдан кўпчилик тадбиркорлик билан шуғулланишдан бироз чўчишади. Аслида эса пухта режа, бозорни ўрганиш, малакали мутахассислар гуруҳи билан ишлаш каби омиллар инсонни муваффақиятга етаклайди.

    Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки ташаббуси билан ташкил этилган Медиа турда  журналистлар банкнинг вилоят ва туман филиаллари томонидан молиялаштирилган тадбиркорлик объектлари ва уларнинг бугунги кундаги фаолияти билан таништирилди.  Куннинг биринчи ярмида иштирокчилар янги тадбиркорлик объекти — Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги «GOLDEN STYLE CERAMICS» масъулияти чекланган жамиятига ташриф буюришди.

Корхонанинг асосий фаолияти керамикадан  сантехника махсулотларини  ишлаб чиқариш ҳисобланади. Уй кранлари ва ҳожатхона чаноқлари, ошхона кранларининг мебел билан ишланган янги кўринишдаги намнуалари, жами 20 турдаги маҳсулотлар шулар жумласидандир.

— Дастлаб тадбиркорлик билан шуғулланишдан олдин 5-6 йўналишда фаолият олиб бориш масаласини кўриб чиқдик ва мамлакатимиз бозорларида сантехника маҳсулотларига талаб катталигини аниқладик. Қолаверса, бу йўналишда хомашё маҳсулотларининг асосий қисми ўзимизда мавжуд. Шу боис ишимиз яхши давом этяпти, — дейди корхона раҳбари Нурилла Маҳмудов. — Айни пайтда корхонада 25  нафар ишчи ўрни яратилган. Лойиҳа миқдори 1 514 240.1 АҚШ долларини ташкил этади. Шундан, корхонанинг 819 241 АҚШ доллари миқддорида ўз маблағлари сарфланган бўлса, Миллий банкнинг Мирзо Улугбек филиали томонидан  695 000 АҚШ доллари миқдорида банк кредити берилди.

Кредит янги технология сотиб олишга сарфланди

Ишбилармон журналистлар билан мулоқот чоғида соҳада иш юритишнинг ўзига хосликлари, бозорни ўрганиш, хомашё сифатини ошириш устида мунтазам ишлаш каби жиҳатлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.

— Айрим тадбиркорлар катта миқдорда кредит оладию, баъзида кутилган натижага эришолмагач, кредитни қайтаришда муаммо юзага келади. Бундай ҳолатлар ҳам бор ва улардан кўз юмолмаймиз,— деди Н. Маҳмудов. — Мен бундай вазиятга тушиб қолишдан чўчиётганим йўқ. Чунки бозорда бизнинг маҳсулотларга қандай талаб борлигини ўрганиб чиққанмиз. Қолаверса, Хитой, Туркия, Италия, Россия каби давлатларнинг сантехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш технологиясини ўргандик. Ўз устимизда ҳам мунтазам ишлаб, маҳсулотнинг янги дизайн асосидаги кўринишларини ҳам ишлаб чиқариш арафасида турибмиз. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон давлатларига маҳсулотларимизни экспорт қилиш бўйича битимлар имзолаш арафасидамиз.

Тадбиркор Миллий банкдан 695000 АҚШ доллари миқдорида  олган кредит маблағи эвазига Хитой давлатининг «YIWU GUANXIAOIMP AND EXP Co.LTD» корхонаси билан тузилган  импорт шартномага асосан 2 хил линия орқали 5 та жамланмада асбоб-ускуна олиб келиб ўрнатмоқчи. Бу янгилик корхонанинг имкониятларини янада кенгайтириб, корхона айни пайтда бир ойда 5-6 минг дона маҳсулот ишлаб чиқараётган бўлса, янги технология йўлга қўйилгач, ишлаб чиқариш ва аҳолини иш билан таъминлаш кўрсаткичи ҳам икки баробарга ошади.

Мини банклар — қулай, яқин ва керакли   

Кунинг иккинчи ярмида журналистлар “Саёҳат” номли аҳолига хизмат кўрсатиш марказига ташриф буюришди. Марказнинг фаолияти билан танишиш ва у қандай хизмат турларини кўрсатиши борасида маълумотлар берилди. Бугунги кунда Ўзмиллий банк томонидан Тошкент шаҳрида 6 та шундай марказлар очилган. “Саёҳат” Чилонзор туманида жойлашган, очилганига энди бир ойгина бўлган банкнинг мини филиалидир. Бу ерда катта банкларда аҳолига хизмат кўрсатиш учун қандай имкониятлар бўлса, барчаси амалга оширилади. Ҳозирги пайтда мини банк сифатида ташкил этилган ушбу марказда кунига 60-70 нафар мижоз қабул қилиниб коммунал тўловлар, халқаро пул жўнатмалари, валюта айрибошлаш каби хизматлардан фойдаланишмоқда.

— Миллий банк келгусида бундай марказлар сонини кўпайтирмоқчи, чунки катта ва марказий банкларга аҳоли ҳар доим ҳам боравермайди. Бироқ ўз ҳудудида жойлашган кичик банклар — марказлар ташкил этилса, бу аввало аҳолининг узоғини яқин қилади, аҳолига  банк хизматларидан қулай ва енгил тарзда фойдаланиш имкониятини кенгайтиради, —дейди Миллий банкнинг матбуот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаева. — Журналистлар мини банк фаолиятидан мижозлар хурсандлиги, коммунал тўловлар масаласида ҳам аҳоли бажонидил мурожаат қилаётганини кўриб, бундай марказлар ҳар жиҳатдан зарурлигига амин бўлишди.

Шундан сўнг иштирокчилар “Ёшлик” спорт-соғломлаштириш мажмуасига йўл олишди. Ўзмиллий банкнинг тизим ташкилотларидан бири ҳисобланган “Ёшлик” спорт-соғломлаштириш мажмуаси 1999  йил барпо этилган бўлиб, ёзги ва қишки сув ҳавзалари, 2 та мини футбол майдонлари, 6 та теннис корти, катта стадиони, югуриш йўлаклари ва 2 та тринажёр зали кабилардан иборат. Журналистлар у ерда аҳолиги хизмат кўрсатиш сифати, қулайликлар, ёшлар учун яратилган тўгараклар фаолияти билан танишишди.        

Медиа тур давомида Миллий банк тизимида бўлаётган янгиликлар, аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида олиб борилаётган ишлардан шу нарсага гувоҳ бўлдикки, банк тизимида ташкил этилган тўғри ва қулай хизмат, аҳоли фаровонлиги ва уларнинг оғирини  енгил, узоғини яқин қилишга ёрдам бермоқда. Зеро, халқимиз бу қулайликларга муносиб ва албатта ҳақлидир.

Зебо НАМОЗОВА,

Ishonсh

Бошқа хабарлар