Эзгулик дояси

215

Кечиримлилик ва бағрикенглик халқимизга хос олижаноб фазилат. Унинг миллий қонунчилигимизда ҳам ўз аксини топгани эса янада қувонарли. Қонунчиликдаги мазкур институт билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолган инсонлар тақдирида ўчмас из қолдирмоқда.

Чунки бундай олижаноблик уларга қилмишга жазонинг муқаррарлигини таъминлаш баробарида келгуси ҳаёти учун муҳим хулосалар чиқаришига ёрдам беради. Буни андижонлик Салима Содиқова тимсолида ҳам кўриш мумкин.
Салима Содиқова шу йилнинг 7 май куни Тошкент халқаро аэропортининг юкларга мўлжалланган махсус лентасида турган фуқаро Робия Жумаевага тегишли юк сумкасини яширинча олиб чиқиб кетади ва унинг ичидаги қимматбаҳо буюмларни талон-торож қилади. Юк сумкаси йўқолганини билган Р.Жумаева эса бу ҳақда аэропорт маъмуриятига мурожаат қилган.
Аэропорт хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходимларининг тезкор ҳаракатлари натижасида бу жиноят «иссиғи»да фош этилди. Тергов чоғида айбдор жабрланувчига етказилган зарарни тўлиқ қоплади. Қолаверса, Р.Жумаева унга нисбатан даъвоси йўқлигини маълум қилди. Буни инобатга олган суд қонунчилигимизда бағрикенг­лик намунаси бўлган ярашув институти қоидаларини қўллаб, айбдорни жазодан озод қилди. Салима Содиқова ҳалоллик ва олижанобликнинг қадрини анг­лаб етгани шубҳасиз.

Шерзод ШОДМОНОВ,
Тошкент шаҳри аэропортларида хавфсизликни таъминлаш бошқармаси катта
терговчиси

Бошқа хабарлар