Аҳвол қачон ўнгланади?

174

Қўшработдан чемпионлар чиққанми?

Бу саволга жавоб топиш осон бўлмади. Кимдир шахмат бўйи­­ча чемпион Жавоҳир Синдоров (Тошкент) номини тилга олса, бош­­қа биров бармоқ тишлаб, узоқ ўйга толди. Туман болалар ва ўсмирлар спорт мактабида бўлганимизда ҳам ушбу саволга жавоб изладик. Бор экан. Спортнинг армрестлинг тури бўйича қатор халқаро мусобақаларда ғолиблик қилаётган ўсмирлар жамоаси.

– Гарчанд улар Иштихон туманининг «Зарбанд» маҳаласида яшаса-да, спорт мактабимиз тарбияланувчилари саналишади, – дея масалага ойдинлик киритади спорт мактаби директори Давлатжон Мирзанов.
Директор ҳамроҳлигида туманнинг энг кўзга кўринарли жойида барпо этилган муҳташам ва ягона спорт мажмуасига йўл оламиз. Маҳобатли бинодан битта спорт зали ўрин олган. Бу ерда ёшлар кураш, шарқ якка кураши ва гимнастика тўгаракларида машғулот ўтказишди. Яқиндан танишиш асноси ушбу бинони бунёд этган қурувчилар «маҳорати»га тан бердик беихтиёр. Негаки, мазкур иншоотда баскетбол, мини-футбол ашёлари ўрнатилган бўлса-да, залнинг ўлчами (диаметри) мазкур турдаги спорт билан шуғулланишга мутлақо мос эмас. Қолаверса, иситиш тизими талабга жавоб бермайди. Иситгичлар (батарея) ўрнига ўрнатилган катта-катта қувурларни кўриб лол қолдик. Боз устига қувурлар атрофида ҳимоя воситалари ўрнатилмаган. Худо кўрсатмасин, спортчи бошини қувурга уриб олиши ҳам ҳеч гап эмас. Футбол ва баскетболни-ку гапирмай қўя қолайлик. Миллион-миллион маблағ эвазига қурилган иншоот қуввати бугунги кунда 30-40 нафаргина болани андармон қилишга етаяпти, холос. Шундай экан, номи улуғу супраси қуруқ бино савлатидан не наф?
– БЎСМ қошида қанча тўгарак ва қанча қатнашчилар бор, – сўраймиз спорт мутасаддисидан.
– Жойларда спортнинг 9 тури бўйи­­ча машғулотлар ўтказилади, – дейди у. – Туман бўйича 580 нафар бола жалб этилган. Мини-футбол ва баскетбол бўйича мутахассисларни ўқитаяпмиз. Яқинда спортнинг ана шу турлари бўйича ҳам тўгараклар фаолиятини йўлга қўйишни ният қилганмиз.
– Ягона спорт мажмуаси аҳволини кўрдик. Улар машғулотларни қаерда ўтказишади?
– Шу масалада бизнинг ҳам бошимиз қотиб турибди, – дейди у.
Давлатжон Мирзановнинг БЎСМга раҳбар бўлиб келганига эндигина уч ой бўлган. Ёш раҳбар минг уринмасин, аҳвол ҳали-бери ўнгланадиган даражада эмас. Ҳар ҳолда йиллар давомида ҳукм суриб келган лоқайдликдан қутулиб олиш осон кечмаслиги аниқ. 46 нафар мураббий ўрнига атиги 17 нафар мураб­бий номутаносиб шароитларда машғулотлар ўтказишётир. 29 нафар мураббий ўрни бўш. Муносиб номзодлар йўқ. Қарийб 25 минг нафар болалар ва ўсмирлар улғайиб келаётган туманда спортсеварлари сони 600 нафарга етмаса-я, бу қандай гап бўлди?!.
«Навкат» маҳалласидаги 46-мактабда бўлиб спорт-жисмоний тарбияга бўлган муносабат билан қизиқдик. Мактаб жамоаси ҳашар йўли билан сайҳонликни текислаб, битта футбол майдони «ясаб олишган». Жисмоний тарбия дарслари асосан ана шу ялангликда ўтказилади. Чанг-тупроққа беланган болалар мактабдаги ягона копток билан андармон.
– Мактабимизда спорт зали йўқ, – дей­ди жисмоний тарбия ўқитувчиси Соҳиб Рисбоев. – Спорт жиҳозлари билан таъминланмаганмиз. Копток, шахмат-шашка тахталарини ўзимиз харид қиламиз. Хайриятки, касаба уюшмалари кўмаклашиб туради.
Туманда 89 та мактаб ва бир қанча таълим-тарбия йўналишида фаолият кўрсатадиган муассасалар бор. Айни чоғда спорт залига эга мактаблар сони эса 30 дан ошмайди. Кўриниб турибдики, қўшработлик ёшлар асосан очиқ осмон остида жисмонан чиниқишаяпти. Ювиниш-ечиниш, иссиқ сув-совуқ сув деган гапларни тилга олиш ортиқча.

Қўшработ спортига бир қур назар солиб, нега чемпионлар Иштихон туманидан «ёлланаётган»гини англаб етгандек бўлдик. «Туманнинг шаъни», деган гап бор-да, ахир! «Шавла кетса кетсин, обрў кетмасин» деганлари шу бўлса керак-да…

Нурилла ШАМСИЕВ,

                                                           «Ishonch»


									
Бошқа хабарлар