ОРЗУГА АЙБ ЙЎҚ

172

2163 йилнинг декабри. Буюк Британия пойтахти. Мана, бир ҳафтадан ошибдики, «Жаҳон футболи тарихи» музейига келиб-кетувчиларнинг қадами узилмаяпти. Чарм тўп ўйинининг асосий қоидалари ишлаб чиқилгани-ю дастлабки футбол ассоциацияси тузилганига уч юз йил тўлиши муносабати билан очилган бу даргоҳ кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда. Бевосита ФИФА ташаб­бусига кўра футбол ватанида шундай катта лойи­ҳага қўл урилди.

Якшанба куни Итон коллежининг ўн чоғли талабаси Лондон четидаги бир ярим гектарча жойда барпо қилинган ўша музейга боришди. Шулар орасида Сьюзен деган қиз ҳам бор эди. У футболга унчалик қизиқмаса-да, дўстларига эргашиб келди. Ҳарқалай янги маскан. Кўпчилик мақтаяпти. Кўнгилочар акциялари, аттракционлари, диско клуби, яхшигина рес­торани ҳам бор эмиш. Сьюзен шунинг учун ўша ёққа боришга қарор қилди.
У ер копток шаклидаги бешта асосий ҳамда яна бир неча чоғроққина бинолардан иборат бўлиб, XIX, XX, XXI ва XXII асрлардаги футболга, шунингдек, жаҳон чемпионатларига мўлжалланган. Кўплаб миллий чемпионатлар, профессионал-у ҳаваскор клублар, терма жамоалар, барча қитъалардаги нуфузли мусобақалар тарихи, машҳур ўйинчилар-у мураббийлар суратлари, сўнг­­ги уч асрдаги ўйинлар видеолавҳалари, футбол оламига бевосита ёки билвосита боғлиқ воқеалар тафсилоти ва ҳоказолар – бир пайтнинг ўзида минг-минглаб кишилар шулар билан танишиб, у залдан бу залга ўтиб боришарди.
Сьюзен ўртоқлари билан йўл-йўлакай биринчи футбол клуби «Шеффилд Юнайтед»га, қизил ҳамда сариқ карточкаларга, ҳуштакка, олтин кубокка, мундиаллар асос­чиси Жюль Риме, қирол Пеле ва ­бошқа шахс­ларга ўрнатилган ёдгорлик­ларни томоша қилди. Сўнг ҳаммалари ажабтовур маълумотлар бўлимига ўтишди. Голограммалар, ҳаво ва деворлардаги электрон ­тасвирларда турли ёзувлар, суратлар галма-гал акс этарди: ўз дарвозаси ёнидан рақибга гол киритган дарвозабон, Африкадаги бир ўйинда кўплаб футболчиларни чақмоқ ургани, автогол учун колумбиялик ҳимоячини ўлдиришгани, виртуал ва кибер футболдаги натижалар, 1969 йилдаги саралаш баҳси сабаб Гондурас ва Сальвадор ўртасида уруш чиққани, 1986 йилда Марадона деганлари инглизлар дарвозасига қўли билан гол ургани, 2078 йилда Ватикан терма жамоаси илк бор мундиалда қатнашгани, XXII асрдаги илк чемпионат Антарктидада ўтказилгани, мундиалда, кўҳна қитъа чемпионатида, Европа чемпионлари лигасида энг кўп чемпион ва ­совриндор бўлган терма жамоа ҳамда клублар…
Сьюзен буларга юзаки кўз югуртирар, футбол ҳақида тасаввури унчалик кенг эмаслиги боис уларнинг айримларига тузук-қуруқ тушунмасди ҳам. Қиздан олдинроқда турган курсдоши, ашаддий фанат Кристофер эса ҳар бир маълумотни эринмай ўқир, видео ва фотолавҳаларни қайта-қайта томоша қиларди. Айтгандай, у бултур Афғонистонда бўлиб, узоқ йиллик урушдан сўнг ниҳоят тинчлик қарор топ­ган бу мамлакатда ўтказилган жаҳон чемпионати баҳсларини стадионлардан кузатган эди. Бирдан ана шу йигит «Вой, бечоралар-э» деб қолди. Сьюзен «Нима гап экан?» деган ўйда бир Кристоферга, бир голограммага тикилди. Сўнг экрандаги жумлаларни ўқиди-ю, беихтиёр тўхтаб қолди. Лавҳаларда олис 1979 йилда авиаҳалокатга учраган «Пахтакор» жамоаси ҳақида сўз борарди. Бир-биридан кўркам, юз-кўзларида шижоат, мардлик, ватанпарварлик акс этган ўн етти нафар футболчи. Улар ўша пайтда дунёдаги энг катта мамлакатнинг чемпионатида юқори ўринлар учун курашган, Европани зир титратган «Динамо» (Киев), «Динамо» (Тбилиси) каби клублар билан тенгма-тенг ўйнашган. Бу йигитларнинг ўйинини кўргани минг чақиримлаб узоқдан ишқибозлар Тошкентга боришган, мухлислар билан лиқ тўлган «Пахтакор» ўйингоҳидаги ўзига хос муҳит, атмосфера «Олд траффорд», «Энфилд» ёки «Ноу камп»дан сира қолишмаган… Қаранг-а, ўша фожиага икки юз йилча бўлиб қолибди.
Сьюзен пахтакорчиларга бирма-бир разм солиб, улар ҳақидаги таъриф-тавсифларни кўздан кечираркан, йигитларга чин дилдан ачинди. Қиз кичкиналигида тарих китобларида ўқиганди: бир вақтлар одамлар самолёт-у вертолёт деган нарсаларда учишган экан. Лекин бундай транспортлар анчайин хавфли бўлган, шу сабаб тез-тез авиаҳалокатлар юз берган. Эндиликда уларнинг ўрнини эйркар-у эйртрейнлар эгаллаган. XXII асрнинг ярмидан ошибдикки, ер юзида ҳали бирор марта ҳавода фалокат юз бергани йўқ.
Қиз, негадир, «Пахтакор»га қизиқиб қолди. Қўл билан голограммани суриб, бу жамоа ҳақидаги бошқа маълумотларни ўқишга тушди: 1956 йил… Ўзбекистон…, айрим ўйинчилари бурчакдан голлар ургани…, Красницкий деганлари тўпни зарб билан тепиб, дарвоза тўрини тешиб юборгани…, «Пахтакор» айни кучга кирган чоғида самога сочилиб кетганидан сўнг янги жамоа тузилгани…, бир футболчиси ёшлар ўртасида Европа ва жаҳон чемпиони бўлгани… Клуб ҳақидаги эътиборга молик фактлар шу билан тугаган.
Сьюзен шериклари билан бинодан чиқиб, ресторанда нари-бери тамадди қилди. Истар-истамас виртуал футбол ўйнади. Кишининг ваҳмини келтирадиган аттракционларга эса қарагиси ҳам келмади. У, негадир, хомуш тортиб, ўйчан бўлиб қолганди. Кэтрин, Майк деган ўртоқлари буни сезиб, «Сенга нима бўлди, Сьюзен?» деб сўрашса, қиз ўзига-ўзи айтгандек «Ҳеч нарса», деди. Ҳалиги пахтакорчилар хаёлидан сира кетмас, атрофга бепарво боқарди.
Шу тариқа у шериклари ортидан пештоқига катта қилиб «Мундиаллар» деб ёзилган бошқа бир бинога кирди. Бу ер фақат жаҳон чемпионатларига бағишланган экан. Ҳаводаги электрон лавҳаларда шу бўйича сон-саноқсиз маълумоту суратларни кўриш, финал ўйинларини томоша қилиш мумкин эди. Жаҳон чемпионатларида мўъжазгина Сан-Марино уч марта, Кипр, Лихтенштейн, Фарер ороллари тўрт марта, Фаластин, Гонгконг, Тайвань, Гуам ва шу кабилар икки бора, Афғонистон терма жамоаси атиги бир бор қатнашгани дейсизми, тўпурарлар рўйхати дейсизми, Бразилия, Италия, Германия, Нидерландия, Франция, Англия ҳамда бошқа етакчи жамоаларнинг ўйинлари муҳрланган видео тасвирлар дейсизми…
Туйқус Сьюзенда эрта сўнган пахтакорчиларнинг ворислари мундиалларда қандай иштирок этишганини билиш иштиёқи туғилди. Шунда шоша-пиша голограмма саҳифаларини сура бошлади. Ора-орада мақол-у ибораларга кўзи тушди: «Ҳамма хоҳласа-ю, ўзинг хоҳламасанг, мундиални тушингда кўрасан», «Футболнинг энг катта ёви – коррупция», «Болалар футболи йўқ – катталар футболи йўқ», «Селекция – ғалабалар калити», «Эшикдан қувишса, тешикдан кирибди» ва ҳоказо. Қиз бу гапларнинг кўпига тушунмади. Айниқса: «коррупция» дегани нима экан-а?, деб елка қисиб қўйди-да, электрон саҳифалардан ўзига керакли нарсани излашда давом этди. Аммо ҳарчанд уринмасин, элликдан ортиқ мундиал ҳақидаги маълумотномаларнинг ҳеч бирида Абдураимов-у Хадзипанагисларнинг, Фёдоров-у Анларнинг издош­ларини тополмади. Ахийри, экран четида ёзилган қуйидаги фактга кўзи тушди-ю, ҳайратдан ёқа ушлади: «Ҳозиргача футбол бўйича жаҳон чемпионатларида ФИФАга аъзо мамлакатлар терма жамоаларининг деярли барчаси иштирок этган. Мундиалга чиқмаган фақат битта жамоа қолди. У ҳам бўлса…»
Сьюзен чўчиб уйғонди. Хайрият, кўрганлари туш экан. Ўзи ҳам ҳайрон бўлган эди-я, шундай жаннатмонанд юрт вакиллари, наҳотки, бирор марта жаҳон чемпионатида қатнашмаган бўлса, деб?..
Ғойибона меҳри тушиб, кўнгил тўридан жой олган юртда бошқа соҳаларда бўлгани каби футболда ҳам ислоҳотлар ўз самарасини астойдил истагани ҳолда ўзига ўзи деди:
— Мана, кўрасизлар, яқин йиллар ичида Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатида, албатта, қатнашади!
Ажнабий мухлислар шундай деб турганда, нима, биз қаршилик қилармидик?!. Фақат истардикки, ўша кунлар тезроқ келсин!

Рустам ИБРАГИМОВ,
«ISHONCH»

Бошқа хабарлар