Эҳтиёт бўлинг: ис гази!

135

Ўтган йили куз-қиш мавсумида ис газидан заҳарланиш ва ҳаво-газ аралашмаси чақнаши билан боғлиқ ҳодисалар оқибатида бир қанча инсонлар ҳаётдан кўз юмди. Хўш, бунга нималар сабаб бўлди? Аҳолининг ис гази ва унинг инсон организмга салбий таъсири, ис газидан заҳарланганда кўрсатиладиган биринчи тиббий ёрдам қоидаларини билмаслиги, энг муҳими, хавфсизлик талабларига риоя қилмаслик ана шундай аянчли вазиятларни келтириб чиқармоқда.

Ис гази нима?

Рангсиз, таъмсиз, ҳидсиз, ис гази (углерод оксиди) ер юзида энергиянинг жадал ишлатилишидан юзага келувчи, табиатда энг кўп тарқалган заҳарловчи газлардан биридир. Қазиб олинадиган ёқилғиларнинг тўлиқ ёнмаслиги ис газининг бош манбаи ҳисобланади. У асосан кўмир, табиий газ ва бошқа ёқилғиларнинг тўлиқ ёнмаслигидан пайдо бўлади. Нафас олинувчи ҳаво таркибида 0,1 фоиз ис газининг бўлиши ўлим ҳолатига олиб келиши мумкин. Ис гази организмга тушганда қон таркибидаги гемоглабин ва кислород ташувчи эритроцитларни ўзаро боғлаб, кислороднинг тана бўйлаб ҳаракатланишини чеклайди. Бундай ҳолатда инсон ҳушини йўқотади.

Заҳарланишнинг умумий белгилари

Одамда уйқу тортиш, бош айланиши, бош оғриғи, ҳушини йўқотиш, кўз олдининг қоронғилашиши, эшитиш қобилиятининг пасайиши, терлаш, нафас олишнинг оғирлашиши, йўтал, юрак уришининг тезлашиши, қалтираш каби белгилар юзага келса, у ис газидан заҳарланган бўлади.
Қандай ҳолатларда ис газидан заҳарланиш хавфи юқори бўлади?
Шамоллатиш тизими яхши ишламайдиган органик моддаларни ишлаб чиқарадиган корхоналар, автоуловлар тураргоҳлари, янги бўялган ва шамоллатилмаган хоналар, уй шароитларида табиий газ чиқиб турганда, шунингдек, печка билан истиладиган уйлар, ҳаммомлар, дам олиш палаткаларида ёнувчи модданинг тўлиқ ёнмаслиги натижасида заҳарланиш хавфи юқори бўлади.
Бундан ташқари, савдо дўконларида сотилаётган, газда ишлайдиган ҳар хил турдаги газ ускуналаридан нотўғри фойдаланиш ҳам заҳарланишга олиб келади.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, хорижда ишлаб чиқарилган айрим газ ускуналарини ўрнатиш ва фойдаланишга доир техник паспорт – йўриқнома ўзбек тилига таржима қилинмаган. Бунинг оқибатида ундан фойдаланишда хавфсизлик қоидалари билан танишиш имкони бўлмаслиги ёки бу турдаги иситиш воситаларининг мутлақо хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги ҳолатлари учраб туради. Шу боис газ ускуналарини сотиб олишда мазкур жиҳатларга ҳам эътибор қаратиш лозим.
Умуман, мутахассиснинг кўрсатмасисиз қурилиш меъёрлари ва қоидалари талабларини бузган ҳолатда ўзбошимчалик билан иситиш мосламаларининг ўрнатилиши ис газидан заҳарланишга олиб келиши мумкин.

Табиий газдан фойдаланишда нималар тақиқланади ?

– Ўзбошимчалик билан уйни газлаштириш, газ асбоби ўрнини алмаштириш, уни янгилаш ва тузатиш;
– газ асбоблари ўрнатилган хоналар режасини ўзгартириш;
– дудбурон ва шамоллатиш тизимларини ўзгартириш;
– хавфсизлик ва созлаш автоматикасини узиб қўйиш;
– мактабгача ёшдаги болалар, шунингдек, ўз ҳаракатларини назорат қила олмайдиган шахсларнинг газ асбобларидан фойдаланиши;
– газ ва газ асбобларидан бошқа мақсадларда фойдаланиш;
– газ асбоблари ўрнатилган хонада ухлаш ва дам олиш;

Нималар мумкин эмас?

– бўш ва суюлтирилган газли баллонларни хона ҳамда ертўлаларда сақлаш;
– газлаштирилган хонага 50/55 литр сиғимли баллондан биттадан ортиқ ёки 27 литрли баллондан иккитадан ортиқ қўйиш;
– баллонларни қизишдан сақлайдиган тўсиқ ўрнатилган бўлса, баллон билан иситиш асбобининг оралиғи 0,5 метргача қисқартирилиши мумкин. Баллон билан тўсиқнинг ораси эса 10 сантиметрдан кам бўлмаслиги керак;
– баллонлар билан ўт ёқиш эшигининг оралиғи 2 метрдан оз бўлмаслиги лозим;
– хонага ўрнатилган баллонлар алмаштирилаётганда электр ёриткичларни ёқиб-ўчириш, очиқ оловдан, электр иситиш асбоблари ва иситиш печкаларидан фойдаланиш;
– баллонларни алмаштириш ишлари билан боғлиқ бўлмаган шахслар борлигида баллонларни алмаштириш.

Биринчи ёрдам қандай кўрсатилади?

Барча ҳолатдаги оғир заҳарланишларда зудлик билан тез тиббий ёрдам чақириш зарур. Шифокор етиб келгунга қадар қуйидагиларни амалга ошириш керак:
– жабрланувчини зудлик билан газланган ҳудуддан тоза ҳавога олиб чиқиш;
– қўл ва оёқларини кўтарилган ҳолатда ётқизиш;
– нафас олишига халақит берувчи барча нарсаларни йиғиштириш (тугмаларни ечиб, ёқани очиш, камарни бўшатиш ва бошқалар);
– ухлаб қолмаслигини назорат қилиш. (Юргизиш тақиқланади);
– нафас олмаётган бўлса, унга тоза ҳавода ёки ҳавоси яхши айланадиган хонада сунъий нафас олдиришни бошлаш лозим;
– нашатир спиртини ҳидлатиш;
– ҳушига келган вақтида йиқилиб, жароҳатланмаслиги учун чоралар кўриш;
– ҳолати яхши бўлса, иссиқ чой ёки қаҳва ичириш;
– кислород ёстиғи ёрдамида кислород бериш.
«103» телефон рақами орқали «Тез тиббий ёрдам»га, «104» телефон рақами орқали газ таъминоти хизматига, «1050» телефон рақами орқали Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг Қутқарув хизматига мурожаат қилишни ёдда тутиш зарур.
Азиз юртдошлар! Табиий ва ис газидан заҳарланиш, газ-ҳаво аралашмасидан чақнаш билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олишни унутманг. Бунинг учун газдан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларига риоя этинг. Бу ҳаёт учун жуда муҳим.

Аброр ХОЛИҚОВ,
Қашқадарё вилояти Фавқулодда
вазиятлар бошқармаси ходими

Бошқа хабарлар