Ҳамширага ҳаддан зиёд кўп вазифалар юкланганми?

113

— Шу йил автоҳалокатга учраб, оғир тан жароҳати олдим, — дейди Тошкент шаҳар Чилонзор тумани «Кўтарма» маҳалласида истиқомат қилувчи Ноила Равшанова (исм-фамилияси ўзгартирилган). — Яқинларим зудлик билан Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказига олиб боришди. Муолажалар якунлангач, шифокор яшаш манзилим бўйича оилавий поликлиника ходимлари билан боғланиб, менга патронаж хизмати кўрсатиш зарурлиги ҳақида хабар берди. Аммо беморлик пайтим патронаж ҳамшираси бирор марта бўлса-да, хонадонимизга келмади. Бу орада касаллик янада зўрайиб, аҳволим янада оғирлашди. Сўнг ўз вақтида кўрсатилмаган тиббий муолажалар сабаб жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказдим…

Патронаж хизмати кимларга кўрсатилади?

Халқ саломатлигини сақлаш, фуқароларнинг тиббий маданиятини юксалтириш, уларнинг тиббиётдан розилигини таъминлаш соҳа олдида турган муҳим вазифалар сирасига киради. Бу мақсадларга эса тиббий патронаж хизмати билан оилаларга кириб бориш орқали эришиш мумкин.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, патронаж хизмати ҳомиладорлар, гўдаклар, ёш оилалар, кексалар, янги фарзанд кўрган аёллар ва парваришга муҳтож ёлғиз қария, ногирон ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга уй шароитида тиббий хизмат кўрсатиш тизимидир. Демак, бу соҳа бутун мамлакат аҳолиси саломатлигига жавобгар йўналиш ҳисобланади.

Патронаж ҳамшираси зиммасидаги юкламалар ҳаддан зиёд кўп

Бугун мамлакатимизда маълум тоифага мансуб беморларни патронаж хизмати билан қамраб олиш, кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдами ҳолатининг тизимли назоратини олиб бориш йўналишларида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, туман ва шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникалари, шаҳар ва қишлоқ оилавий поликлиникалари, қишлоқ врачлик пунктларида тиббий патронаж хизмати умумий амалиёт шифокорлари, патронаж ҳамширалари томонидан амалга оширилмоқда. Зарур ҳолларда эса тор соҳа мутахассислари қўшимча жалб қилинмоқда.

Соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни эътироф этган ҳолда шуни айтиш лозимки, мазкур тизимда ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар, оғриқли муаммолар мавжуд. Уларни ўз вақтида ҳал этиш орқали аҳолига бирламчи сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, патронаж ҳамшираси фаолияти самарадорлигини ошириш мумкин.

— Бугунги кунда патронаж хизматига қатор вазифалар юкланмоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Муҳаррам Дадахўжаева. — Хусусан, аҳолининг саломатлиги тўғрисида тўлиқ маълумотга эга бўлиш, ҳомиладорлар, ёш болалар, кексалар, ногиронлар ва сурункали касалликка чалинган беморлардан мунтазам уйига бориб хабар олиш, касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзи бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш, хонадоннинг тиббий-ижтимоий ҳолатини ўрганиш, аҳолини профилактик, чуқурлаштирилган, мақсадли ҳамда диспансер тиббий кўрикларига чақириш, икки ёшгача бўлган болаларни эмлаш, жазони ўташ жойларидан озод этилганлар, меҳнат мигрантлари, одам савдосидан жабрланганларни профилактик кўрикка жалб этиш, уй шифохона муолажаларини бажариш кабилар шулар жумласидан. Аммо ўрганишлар мазкур тизим фаолиятининг самарадорлигини ошириш билан боғлиқ қатор муаммо ва камчиликлар борлигини, уларга барҳам бериш зарурлигини кўрсатмоқда. Масалан, аҳолини мақсадли патронаж ва профилактик кўриклар билан қамраб олиш соҳасида ҳалигача ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилмаган. Патронаж ҳамшираларининг юкламалари, улар топширадиган ҳисоботлар ҳаддан зиёд кўп бўлиб, бу уларнинг зиммасидаги вазифаларнинг тўлақонли бажарилишига тўсқинлик қилмоқда. Қолаверса, патронаж ҳамшираларига юкламаларнинг шаҳар ва қишлоқларда турлича эканлиги ҳам ечилиши зарур бўлган масалалардан ҳисобланади.

Соҳада ягона норматив-ҳуқуқий база яратилмаган

Бугунги кунда тиббиёт ходимларининг мажбурий тиббий кўрикдан ўтиш масаласи кўплаб тушунмовчиликларга сабаб бўлмоқда. Шунингдек, сўнгги вақтларда фуқаролар томонидан тиббиёт ходимларига тез-тез тажовуз қилиш ҳолатлари учрамоқда. Афсуски, уларнинг хавфсизлиги қонун асосида таъминланмаган. Хўш, бунинг учун нима қилиш лозим?

— Энг аввало, аҳолини мақсадли патронаж ва профилактик кўриклар билан қамраб олиш соҳасида ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиб, қабул қилиш зарур, — дейди Муҳаррам Дадахўжаева. — Шунингдек, умумий амалиёт шифокори ва патронаж ҳамширасининг меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш, уларни рағбатлантириш ҳамда ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларини жорий этиш, юкламаларини қайта кўриб чиқиш бу борадаги муҳим ечимлардан бўла олади. Бундан ташқари, тиббиёт ходимларининг мажбурий тиббий кўригини бепул асосда ташкил қилиш, умумий амалиёт шифокори ва патронаж ҳамшираларининг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳаёти ҳамда соғлигига тажовуз қилиш ҳолатлари учун жавобгарлик чораларини миллий қонунчиликка, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик кодексига ҳамда Жиноят кодексига мустаҳкамлаб қўйиш муҳим аҳамият касб этади.

Қишлоқ врачлик пункти 35 километр олисда

Бугунги кунда хизмат кўрсатиш радиуси узоқ бўлган бирламчи санитария ёрдами муассасаларидан узоқ ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолини патронаж билан қамраб олиш, хусусан, бундай муассасалардаги патронаж хизмати кўрсатувчи ходимларни транспорт воситалари билан таъминлаш ҳамда аҳоли сонининг кўплиги каби бир қанча муаммолар ҳали ҳам учраб турибди. Бу эса ушбу хизматни сифатли ташкил этишга тўсқинлик қилмоқда.

— Маҳалламиз Туркманистон Республикаси билан чегарадош — дейди Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидаги «Қўрғонтош» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳусниддин Чориев. — Ҳудудимизга 4 та патронаж ҳамшираси ажратилган бўлиб, кўпинча улар маҳалла аҳолисини тўлиқ бирламчи тиббий ёрдам билан қамраб ололмайди. Бунга эса патронаж ҳамширасига аҳоли сони турлича тақсимот қилинганини сабаб қилиб келтириш мумкин. Натижада кўплаб ётоқ беморларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмайди. Қолаверса, маҳалламизда жойлашган Хўжаипак ота қишлоғи врачлик пунктидан салкам 35 километр олисда жойлашган. Одамлар, айниқса, ҳомиладор, ёш болали аёллар, кексалар, ногиронлар қиш-қировли кунларда у ерга қатнашга қийналади. Бу масала юзасидан бир неча бор мутасаддиларга мурожаат қилдик. Аммо улар яқин орада маҳалла учун ҚВП қуриш дастурда белгиланмаганлигини айтиб, вазиятдан осонгина қутулмоқда.

Ҳамшира билан меҳнат шартномаси бекор қилинади, қачонки…

Соҳада олиб борилаётган туб ислоҳотлар жараёнида патронаж ҳамшираларига услубий-амалий кўмак бериш, малакасини ошириш, фаолият сифатини баҳолаш ҳам кўзда тутилган. Жумладан, рейтинг баҳолаш тизимининг амалиётга татбиқ этилгани айни муддао бўлди.

— Ҳудудимизда 47 минг 527 нафар аҳоли истиқомат қилиб, уларга 40 нафар патронаж ҳамшираси бириктирилган, — дейди Тошкент шаҳар Миробод туманидаги 2-оилавий поликлиника катта ҳамшираси Назокат Ҳошимова. — Соҳага жорий этилган рейтинг баҳолаш тизими ҳамширалар фаолияти самарадорлигини ошириш, бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилашга хизмат қилмоқда. Агар ҳамшира ўз ишига совуққонлик билан қарайдиган, масалан, рейтинг бўйича 55 фоиздан кам балл жамғарадиган бўлса, уларга қонунда белгиланган тартибда чора кўриш, ҳатто, меҳнат шартномасини бекор қилиш белгиланган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, халқимиз эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни кўришни истайди. Шундай экан патронаж хизмати соҳасидаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш, одамларимизни сифатли тиббий хизмат олиши учун шароит яратиш лозим. Акс ҳолда ислоҳотлар қоғозда қолиб кетаверади. 

Саъдулло ТУРСУНОВ

manba: Mahalladosh.uz

Бошқа хабарлар