Шарқ тақвими

1,930

Шарқ тақвимига кўра жорий — 2018 йилнинг 16 февралидан оловли қизил хўроз ўрнини сариқ ит эгаллайди. Бу йилда туғилган инсонлар бошқа бурж вакилларидан самимийлиги, адолатпарварлиги, ҳақиқатгўйлиги, меҳнатсеварлиги, садоқатлилиги билан фарқ қилади. Уларнинг энг катта камчилиги шундан иборатки, ўзига бегона ва яқин бўлган барча инсонлардан доимо шу сифатларни талаб этади. Айнан шу нарса уларнинг ён атрофдагилар билан келишмовчилигига сабаб бўлади.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, қайси буржга мансублигидан қатъи назар ҳақиқатгўй ва ҳалол инсонлар учун жорий йил жуда омадли келади. Бироқ сариқ ит йилида ёлғончи, айёр, бевафо кишилар катта қийинчиликларга дуч келишади. Шу боис, мунажжимлар ушбу йилда тўғри, самимий, ростгўй бўлишни маслаҳат берадилар.

ИТ буржи остида туғилганлар учун  мучал йили жуда омадли келади. Бу ҳеч қандай муаммо бўлмайди дегани эмас. Энг муҳими, ҳар қандай қийинчилик ва ташвишни бартараф қилиш имкони туғилади. Бу йилда амалга ошириш зарур бўлган энг муҳим иш — келгуси ҳаёт учун мустаҳкам молиявий пойдевор яратишдир. Агар бу борадаги барча режаларини амалга ошира олсалар,  йилнинг иккинчи ярмида лавозими ошади, даромади кўпаяди, шинам ва кўркам уйга кўчиб ўтишлари мумкин.

ХЎРОЗ буржи остида туғилган кишиларнинг олдинги йилларда қилган машаққатли меҳнатлари бу йилдан ўзининг мевасини бера бошлайди. Шахсий ҳаёти ва ишдаги натижаларидан мамнун бўлган хўрозлар бироз қаддини ростлаб оладилар. Атрофидагилар олдида обрў-эътибори ошиб, даромадлари кутилганидан ҳам зиёда бўлади.

МАЙМУН буржи вакиллари ҳар йилгидан ҳам кўпроқ кишилар билан мулоқотда бўлишади. Турли  ҳамкорлик алоқалари ўрнатилади. Шериклик муносабатларида “шубҳали” суҳбатдошлардан воз кечилгани маъқул. Акс ҳолда “қопқон”га тушиб қолиш ҳеч гап эмас. Ҳаммага ҳам бирдек ишониб бўлмайди. Эҳтиёткорлик эса ҳеч қачон зарар қилмаган.

ҚЎЙ буржидагилар кутилмаган қийинчиликларга дуч келишади. Бироқ барча ғам-ташвишлар остида катта яхшиликлар яширинганлиги йил охирида маълум бўлади.

Бир ҳовлида бирга яшаётган қўйнинг манманлиги, қайсарлиги итнинг шунчалар жаҳлини чиқарадики, унинг ўтлоқда олдингидек бемалол ўтлаб юришига тинимсиз қаршилик кўрсатади. Шу боис қўй буржидагилар алоҳида яшаш уйига эга бўлиш ҳаракатига тушишади. Кўчмас мулк билан боғлиқ барча муаммолар ижобий ҳал бўлади.

ОТ Тинимсиз меҳнат қилишга кўникиб қолган от буржидагилар бу йил ўзларига таътил олишлари зарур. Чунки мунажжимлар йилқилар подасининг сони кўпайишига ишора қилишмоқда. Бўйдоқ отлар ҳеч иккиланмасдан ўзларига муносиб умр йўлдоши излашлари, агар топган бўлсалар, оила қуриш, никоҳни расмийлаштириш каби ишларни бошлаб юборсалар ҳам бўлади. Бу йилги танишувлар қанчалик таассуротларга бой бўлса, тузилган никоҳлар ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади.

ИЛОН буржида туғилган айрим енгилтак кишиларга бу йил меҳнат вазифалари зерикарли туюла бошлайди. Шу боис меҳнат жойларида ўзларини ишқий саргузашт билан чалғитишга киришадилар. Бундай муносабатлар эса йил ҳукмдорига мутлақо ёқмайди. Натижада ахлоқсиз кишилар хулқига яраша жазо олади.

Бироқ ишхонага фақат ишлаш учун бориш зарурлигини яхши биладиган, одобли, масъулиятли бурж вакилларини моддий ва маънавий мукофотлар кутади. Касбга оид чуқур билим, маҳорат ҳамда фаолликни юқори баҳолайдиган итлар бунга муносиб сахийлик билан жавоб қайтаради.

АЖДАРҲО Афсуски, аждарҳоларнинг мағрурлиги, мустақиллигини сариқ ит сира тушуна олмайди. Шу боис ҳам уни ҳар қадамда оёғидан чалишга уринади. Шунга қарамай, мазкур бурж вакилларининг ҳар доимгидай режалари катта. Улар ҳамкорлик ишларига жиддий эътибор ва эҳтиёткорлик билан ёндашмаса, алданиб қолиши мумкин.

ҚУЁН Уддабурон ва чаққон қуёнлар йил давомида пайдо бўладиган имкониятлардан унумли фойдаланадилар. Улар тинимсиз изланишлари, хушёрлиги боис йилни барча масалаларда муваффақият билан якунлайди. Бироқ омадсизликка учраганлар бунинг сабабини дангасалигидан, бетайинлигидан кўрсин!

ЙЎЛБАРСлар учун ниҳоятда баракали йилдир. Уларга саёҳатга бориш, ҳаётдан завқ олиб яшаш учун кўплаб имкониятлар яратилади. Хориж мамлакатларига қилинган сафар уларнинг доимий яшаш жойини ўзгартириш билан боғлиқ масалаларга ойдинлик киритиши ҳам мумкин. Энг муҳими, бу йил ушбу бурж вакиллари яшашдан асосий мақсади нима эканлигини тушуниб этадилар.

БУҚА Тақдир ушбу бурж вакиллари учун катта совға тайёрлаган. Буқалар мансаб пиллапояларидан кўтарилиши мумкин. Қайсар бурж вакиллари бу мақсад йўлида уларга дуч келадиган ҳар қандай тўсиқни енгиб ўтишга қодир.

СИЧҚОН Бу мучал соҳиблари уларга ҳамфикр, ҳамдард бўлган инсонлар ёрдамида ўзларининг ноёб қобилиятларини очишга муваффақ бўладилар. Натижада, уларнинг ғалати, тушуниксиз ҳаракатларидан кўпчилик норози бўла бошлайди. Ушбу бурж вакиллари бу йилда ҳаётнинг энг катта ҳақиқатини тушуниб етишлари лозим. Агар инсон уни қуршаб турган оламни хоҳлаётганидек ўзгартира олмаса, ўзини унга мослаштириши зарур.

ТЎНҒИЗ мучалига мансуб кишилар бу йил эътиқодини мустаҳкамлаш, ўз-ўзини, қалбини чуқурроқ англаш ишлари билан банд бўлишади. Улар ҳар қандай шериклик муносабатларини рад этиб, ёлғиз қолишга қарор қиладилар. Ёлғизлик кимнидир бахтсиз қилса, кимгадир эркинлик беради. Бир қарорга келишдан олдин ҳамма нарсани тарозига солиб, қалб овозига қулоқ тутинг!

Дилором АЛЛАҚУЛОВА тайёрлади

Бошқа хабарлар