Косонлик ўқитувчи китоб ўқиб “Spark” олди

48

Тошкент шаҳрида “Ёш китобхон” кўрик-танловининг республика босқичи ғолиблари аниқланди. Эътиборлиси, Косон туманидаги 15-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Сурайё Шодиева 20-30 ёшлилар орасида 1-ўринни эгаллаб, Президент совғаси – “Спарк” автомобили билан тақдирланди.

Сурайё 1992 йилда Косон туманидаги Мудин қишлоғида туғилган. Самарқанд давлат университетининг филология факультетидаги таҳсил давомида Муслиҳиддин Муҳиддинов, Гулсанам Холиқулова, Дилором Салоҳий сингари фидойи олимлардан сабоқ олган. Воҳид Абдуллаев номидаги стипендияга сазовор бўлган. Қарши давлат университетида эса магистратура босқичида филология фанлари доктори Нафас Шодмонов раҳбарлигида “XVIII аср охири – XIX аср ўрталарида Қашқадарё воҳасининг адабий манбалари ва уларнинг илмий тавсифи” мавзусида илмий тадқиқот олиб борган.

Аҳамиятлиси, у ҳали мактаб ўқувчиси эканидаёқ турли китобхонлик танловларида фаол қатнашиб келган. Ургут тиббиёт коллежида ўқиб юрганида китобхонлик бўйича ўтказилган вилоят танловида иккинчи ўринни эгаллаган.

– “Ёш китобхон” танловида ўтган йили ҳам иштирок этганим, ўшанда ўқиган китобларим бу сафар анча қўл келди, – дейди Сурайё Шодиева. – Низомга кўра, ўзбек ва жаҳон адабиётидан сараланган 100 та китобни ўқиб чиқишимиз керак эди. “Буюк мутафаккирлар ва адиблар” шартига эса мустақил тайёргарлик кўрилди. Танловнинг биринчи шартида Тўлепберген Қайипбергеновнинг “Қорақалпоқнома” асаридан савол келди. Кейинги    шартда ўқиб эшиттирилган парча Эрнест Хемингуэйнинг “Алвидо, қурол” асаридан олинган, деб жавоб бергандим, хато чиқди, Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо”сидан экан. Шунда 50 баллни йўқотдим, лекин парчани  шарҳлаганим учун юқори баҳо олдим. Бу асарни турли йилларда, кўп ўқиганман. Адиб тобора йўқолиб бораётган виждон, орият, инсонийлик туйғулари ҳақида, шайтонга бўйсуниб, унинг гумаштасига айланиб бораётган гумроҳ қалблар хусусида ҳикоя қилади ва инсон деб аталмиш буюк мавжудотнинг ички дунёсини шафқатсиз ва фавқулодда аёвсиз фош этишга уринади. Хуллас, танловнинг учинчи шарти осон кечмади, натижада бешинчи ўринга тушиб кетдим. Лекин якуний шартда ўзбек адиби Хуршид Дўстмуҳаммад ва грузин ижодкори Шота Руставели ижоди ҳақидаги фикрларим ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланди ва ғалаба мен томонда бўлди.

Сурайё Шодиеванинг ютуғи шундаки, у кўп китоб ўқишга эмас, ўқиганларини уқишга, таҳлил қилишга ҳаракат қилади. Бу жараёнда унинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси экани қўл келаётгани, ўз тилимизда тополмаган адабиётларига инглиз тилидан дарс берадиган қайнонаси ёрдам бериши ҳам бор гап. Китобни эса танлаб ўтирмайди: босмами, электрон шаклдами ё аудиокитобми (айтишича, аудиокитоблари сони мингдан ошибди) ўқийди, тинглайди, вақтни зое кетказмайди. Бунинг натижаси эса юксак марра – Республика миқёсидаги ғолибликка олиб келди. Албатта, китоб ўқиб машина олиш кўп ёшларни мутолаа, демакки, эзгулик сари бошлаши шубҳасиз. Сурайё эришган натижанинг аҳамияти айнан шунда кўринади.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, “Ёш китобхон” танловининг республика босқичи 4 та: “Ўзбек адабиёти билимдони”, “Жаҳон адабиёти билимдони”, “Шеърият” ва “Буюк мутафаккир ва адиблар” шартлари бўйича 10-14, 15-19 ва 20-30 ёшлилар ўртасида ўтказилади. Ўз ёш тоифаларида 1-ўринни эгаллаган иштирокчиларнинг ҳар бири “Президент совғаси” – енгил автомобиль, 2-ўрин соҳиблари компьютер жамланмаси (моноблок), принтер, 3-ўринни эгаллаганлар эса ўзбек ва жаҳон адабиётининг дурдона асарларидан иборат (200 та) китоблар жамланмаси билан тақдирланадилар.

Акмал АБДИЕВ,

ishonch.uz

Бошқа хабарлар