Шуҳрат Абдураҳмонов: “Ҳеч ким уйига совғасиз кетмайди…”

744

Андижонда билимдон ёшлар, фаол спортчиларни тақдирлаш мақсадида ташкил этилган маданий-маърифий тадбирда вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ўқувчилари энг зукко китобхон сифатида эътироф этилган Жалақудуқ, Хўжаобод ҳамда Қўрғонтепа туманларидаги қатор мактабларга уч машина китоб туҳфа қилди.

Президентимиз илгари сурган беш муҳим ташаббус доирасида якунланаётган йил давомида олиб борилган саъй-ҳаракатларнинг ўзига хос сарҳисоби сифатида ўтказилган тантанали маросимда вилоятда истиқомат қилаётган 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган 1 миллион 280 мингдан зиёд йигит-қизлар турли тадбир, машғулот ва беллашувларга фаол жалб қилинганлиги таъкидланди.

Шуҳрат Абдураҳмоновнинг мамнуният билан қайд этишича, якунланаётган йилда вилоят спортчиларининг кўрсаткичлари ўтган йилга нисбатан икки карра ўсган. Медал жамғариш бўйича ҳам натижалар чакки эмас – бу борада андижонлик ёшлар мамлакатимиз ҳудудлари орасида етакчи.  

Тадбирда барча йўналишлар бўйича пешқадам ёшлар китоб ҳамда спорт жиҳозлари харид қилиш учун 30 миллион сўмдан 100 миллион сўмгача бўлган сертификатлар ҳамда қимматбаҳо совға-саломлар билан сийланди. Тенгдошларига ҳар жиҳатдан ўрнак бўлувчи фарзандларни тарбиялаётган оналар ҳам уйларига ҳокимнинг туҳфаси – маиший техника жиҳозлари билан қайтишди.

ishonch.uz

Бошқа хабарлар