ОГАҲИЙНИ ЭСЛАБ…

318

…«Устина» радифли ғазали билан айтилувчи «Феруз» ашуласини қайта ва қайта тингладим. Ижодига ташналигим тобора ортганидан тонг саҳар олима Мадина Матёқубовага қўнғироқ қилдим.

– Мен ижод мактабидаман, келинг, бирга уй-музейини айланамиз, – деди опа.

Дарров йўлга тушдим. Шу пайтга қадар Огаҳий боғи сифатида фаолият кўрсатиб келган мажмуанинг янги қиёфасини кўриб, ҳайратимни яширолмай қолдим. Гўёки  фирдавс боғига тушиб қолгандай ҳис қилдим ўзимни. Бир тарафда тамомила ўзгарган боғ, бир тарафда муҳташамлиги кўзни қамаштирадиган ижод мактаби. Ўртада улуғ сиймо ҳайкали. Бу ерга келган ҳар бир инсоннинг қалбида ижодга рағбат уйғонишига шубҳа йўқ.

«Марҳола ноёб-у, манозил узоқ»

Огаҳий уй-музейи 1982 йилда шоир ва драматург  Эркин Самандар ташаббуси ва ўша пайтдаги Огаҳий номидаги хўжалик раиси  Отаназар Пирназаров хомийлигида ташкил қилинган. Яқинда қайта таъмирланиб, маънан янгиланди, янги экспонатлар билан бойитилди.

– Бу ерга илгарилари йилига бир марта, 17 декабрда ташриф буюриларди. Ҳозир эса ҳар куни Огаҳий мухлислари, ёшлар билан гавжум, – дейди Мадина опа.

Музей директори Уллибиби Абдуллаева 20 дан зиёд ёшларга Мадина Матёқубова Огаҳийшунос олима эканлигини айтганида, барча опани ўраб олди. Саволлар изидан саволлар ёғилди.

– Огаҳийни адабиётимизнинг Навоийдан кейинги йирик вакили сифатида таърифлашади.  Бунинг сабаби нимада?

– Огаҳийни олимларимиз Навоийдан кейин кўп ва хўб ёзган шоир дейишлари шоир ижодининг сермаҳсуллиги, форс ва ўзбек тилларида ижод қилгани, таржимонлиги ва тарихнавислиги туфайли, албатта. Огаҳийнинг ўзбек тилида ёзилган “Таъвиз ул-ошиқин” (“Ошиқлар тумори”) девонидан  22 жанрда ёзилган 18 минг мисра шеър ва 83 мухаммас жой олган. Уларнинг барчаси юксак истеъдод билан битилган. Огаҳий Навоий асарларини севиб мутолаа қилган, уни ўз устози деб ҳисоблаган.

Огаҳий, ким топқай эрди сози назмингдин наво,

Баҳра гар йўқтур Навоийнинг навосидин санго.

деб ёзган шоир Навоийга кўп татаббу боғлаган.

– Огаҳий кўп асарларни таржима қилганлигини ўқиганмиз. Улар ҳақида кенгроқ айтиб беролмайсизми?

– Дарҳақиқат, Огаҳий араб, форс, турк тилларини  мукаммал билган. Ўша тиллардаги асарларни аслиятда ўқиган. У 20 дан зиёд таржима асарлар муаллифи. Огаҳий бу асарларнинг ҳеч бирини сўзма-сўз таржима қилмаган. Барчасига ижодий ёндашган. Шунинг учун ҳам  у таржима қилан асарлар халқимиз орасида кенг тарқалган. Бу асарларнинг барчаси нодир намуналар бўлиб, умрбоқийликка муҳрлангандир. Мунис тугаллай олмай кетган Мирхонднинг “Равзат ус-сафо” асарининг 2-3 жилдлари, Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”,  Низомий Ганжавийнинг “Ҳафт пайкар”, Саъдий Шерозийнинг “Гулистон”, Ҳусрав Деҳлавийнинг “Ҳафт Биҳишт», Абдураҳмон Жомийнинг “Юсуф ва Зулайҳо”  каби  асарлар шулар жумласидандир. Маълумки, Муҳаммад Раҳимхон II номи билан Хива хонлигини бошқарган шоир Феруз Огаҳийнинг шогирди бўлган.  Феруз шаҳзодалик чоғида устозидан Кайковуснинг «Қобуснома» асарини таржима қилиб беришини сўрайди. Бу таржима нафақат устознинг шогирдига, балки бутун халққа муносиб туҳфа бўлди.

–  Огаҳийнинг ҳамма тарихий асарлари билан қачон кенгроқ танишамиз?

– Тарихимизни чуқурроқ ўрганишни истаган ҳар бир киши Огаҳий асарларига мурожаат қилади. Шоир дастлаб амакиси Мунис бошлаган “Фирдавс-ул иқбол” асарини давом қилдиради. Бу ишга қўл урар экан,

Пашша ким-у, фил юки тоқати,

Зарра киму, меҳри мунир улфати

дея камтарлик билан Мунисдай сўз заргари, тарих билимдонининг ишини давом этдириш осон эмаслигини таъкидлайди. Не бахтки, Огаҳий барчасини ортиғи билан уддалади. Унинг тарихий асарлари таҳлилга бойлиги, воқеалар ҳаққоний ифодалангани билан аҳамиятлидир. Гарчи ҳар бир тарихий асарини Хиванинг бир хонига бағишлаган бўлса-да, Огаҳий маддоҳлик қилмади, хонлардан мукофот олиш ёки мақтов эшитиш илинжида ҳақиқатдан кўз юммади. У тарихни бўямасдан, хаспўшламасдан, борлигича аниқ далиллар билан баён қилади.  Огаҳий Оллоқулихонга бағишлаб ёзган  “Риёз уд-давла” (“Давлат риёзатлари”, 1844) асари дебочасида «Илоҳий, қаламим ҳар не сўз айтса, халойиқ кўнглига яхши кўрсат, ўқиганга шавқи ҳавасни солиб, уни (ўқувчи) ошиқ, буни  (асар) маъшуқ қил» дейди. Аллоҳим Огаҳийнинг бу ноласини қабул қилди.  Унинг ҳар бир асари, ҳар бир сатри маъшуқ даражасида суюклидир. Огаҳийнинг тўла асарлар тўплами чоп қилинмоқда. Сиз барча асарларини ўқиш имконига эга бўласиз.

Айрим тарихий манбаларда Огаҳий умрининг охирги даврларида  муҳтожликда кун кечирганлиги айтилади.

– Огаҳий 20 ёшида Хива хонлигининг бош мироби қилиб тайинланган. Бу лавозимда узоқ йиллар фаолият кўрсатган. Аммо, у мол-дунё тўплаш ҳақида умуман ўйламаган, халқига яхшилик қилиш, ҳар бир ҳудудга сув етказиб бериб, халқ фаровонлигини таъминлаш ҳаракатида яшаган. Бўш вақт топди дегунча мутолаа, ижод билан машғул бўлган.

Адабиётшунос билан ёшлар мулоқоти узоқ давом этди. Мулоқотни кузатар эканман, Огаҳийга бўлган ташналик асло қонмаслигини яна бир бор ҳис қилдим.  Муаррих сифатида устозининг асарини давом қилдираркан, Огаҳий «Марҳола ноёб-у, манозил узоқ» деб ёзган эди. Унинг асарлари умри ҳам қиёмат қадар узундир.

«Ашкима гар канора йўқ, бўлмаса бўлмасун, нетай»

Огаҳий уй-музейидаги ҳар бир буюм қадрли. Огаҳийнинг ёшлиги, асарлари қаҳрамонлари тасвирланган расмлар, қўлёзмалар, тошбосма китоблар, Огаҳий ҳақидаги асарлар… Бир бурчакда унинг ижодхонаси акс этган. Ҳаммаси бундан 150 йиллар аввалгидек гўё: атрофига кўрпачалар тўшлаган хонтахта, ёқиш учун тайёрлаб қўйилган ўтин, ўша даврга хос уй-рўзғор буюмлари жойлашган токча, сал нарида эса қадимги чопонлар, деворга осилган дутор…булар шоир яшаган адабий муҳитни тасаввур қилишимизга ёрдам беради…Уч ёшида отадан етим қолган болакай изтироблари,  Шермуҳаммад Мунис уни ўз фарзанди каби тарбиялагани,   17 ёшида “Баёзи мутафариқа” номли баёз тузиб, бу баёзга устозларининг ўзи севган ғазаллари ҳамда ўзининг ҳам форс тилида  ёзилган 15 та ғазали ва 2 та муҳаммасини киритгани, Бухоро-Хива урушларида чеккан изтироблари, Ҳиндистондан келган Англия элчиси, Россия императори элчиси Г. И. Данилевский, машҳур сайёҳ Ҳерман Вамбери билан учрашувлари, отдан йиқилиб оёғи сингани, қирқ ёшга етмасдан умр йўлдошидан айрилгани,  касаллиги сабабли бош мироблик лавозимидан истеъфога чиқиб, илмий-ижодий иш билан шуғуллангани, Ферузга берган сабоқлари хаёл дунёимизда жонланади. 1870 йилдаиқтидорли шогирди, тутинган фарзанди Муҳаммад Яъқубхўжа вафот этганида  унинг аламлари янада ортади. Форс тилида бир тарих, ўзбек тилида марсия ёзганлиги шоир уни ҳаммадан кўп яхши кўрганлигини англатади. Булар ҳақида ўйларкансан, шоир бежиз «Ашкима гар канора йўқ, бўлмаса бўлмасун нетай» деб ёзмаганини тушунгандай бўласан. Шуниси ҳақиқатки,  Огаҳий бутун умр Ҳақ ишқи билан яшаганлиги туфайли бошдан кечирган изтироблари унинг метин иродасини қайира олмаган, баракали ижод қилишига, умрбоқий асарлар битишига монелик қилолмаган.

«Сўз заргарлари ва археологлари тайёрлаймиз»

Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 20 мартда қабул қилинган «Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий таваллудининг 210 йиллигини нишонлаш ҳамда Хива шаҳрида Огаҳий ижод мактабини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори асосида Қиёт қишлоғида Огаҳий номидаги ижод мактаби  қурилиб, фаолият бошлади.

– Мактабимиз Огаҳий боғи, Огаҳий уй-музейи билан уйғун ҳолатда, айнан у яшаб ўтган жойларда барпо этилган. Хиёбон ўқувчиларимизга ижодий кайфият бағишлайди, – дейди Огаҳий ижод мактаби директории ўринбосари Шоира Давлетова.

Дарҳақиқат, мактабда келажак эгалари муносиб билим олишлари учун барча шароитлар яратилган. Замонавий мультимедия воситалари билан жиҳозланган синфлар, муҳташам кутубхона, бетакрор  анфитеатр, спорт зали, ётоқхона ва ошхона ўқувчилар хизматида. Булар эвазига улардан фақат фанларни пухта эгаллаш, ўз иқтидорларини намоён қилиш талаб қилинади.

– Ўзбек, рус, инглиз тиллари чуқурлаштирилиб ўтилади. Қолаверса, немис, араб, француз тилларида тўгараклар ташкил қилинган. Шу билан бирга, 30 дан зиёд йўналишларда гуруҳлар ташқил қилинган. Айтайлик, ёш сценарийнавислар, ҳикоянавислар, эссенавислар, хаттотлар, нотиқлар, рассомлар, шахматчилар, — архитекторлар ва бошқа соҳаларга бўйича қизиқишларига қараб ўқувчилар билан машғулотлар олиб борилади. Биз сўз заргарлари ва сўз архитекторлари етиштириш йўлида изланяпмиз, – дейди Шоира Давлетова.

Биз Огаҳий издошлари ҳам Огаҳий каби сермаҳсул ижодкор, улуғ миллатпарвар бўлиб етишини, уларнинг асарлари ҳам Огаҳийники янглиғ суйиб ўқилишини истаб қоламиз.

Муҳаббат Тўрабоева,

ishonch.uz

Бошқа хабарлар