Кенгайган ҳуқуқлар кафолати

36

Ўтган йилнинг 6 декабрида қабул қилинган «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонунда қонунийлик, ихтиёрийлик, камситишга йўл қўймаслик, мустақиллик, ўзини ўзи бошқариш, тенг ҳуқуқлилик, ошкоралик ва очиқлик каби касаба уюшмалари фаолиятининг асосий принциплари ўз аксини топган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ушбу янги қонун мазмун-моҳиятига бағишлаб ўтказилган брифингда ана шу каби жиҳатлар алоҳида эътироф этилди.

Касаба уюшмалари Федерацияси, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари, ҳамкор вазирликлар мутасаддилари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этган тадбирда таъкидланганидек, мазкур қонун фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини амалга ошириш, касаба уюшмаларини тузиш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
– Ушбу қонунни ишлаб чиқишда халқаро ҳуқуқий нормалар, хусусан, Халқаро меҳнат ташкилотининг Конвенциялари, МДҲ мамлакатлари, Финляндия, Швеция, Дания, Нидерландия, Буюк Британия, Испания, Португалия, Германия ва бошқа ривож­ланган давлатлар тажрибаси, миллий амалиёт ва қонунчилигимиз хусусиятлари инобатга олинди. Халқаро меҳнат ташкилотининг Конвенцияларига мос равишда касаба уюшмаларининг ҳуқуқ ва ваколатлари ҳамда касаба уюшмасига бирлашиш имкониятлари кенгайтирилди, – деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­­си раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев. – Янги қонунга касаба уюшмалари органларини давлат рўйхатидан ўтказишни соддалаштириш, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилишда асосий институтлардан бири бўлган касаба уюшмаларининг меҳнат инспекцияларини қайта тиклаш, меҳнат соҳасида ижтимоий шериклик ҳамда жамоатчилик назоратини амалга оширишни тартибга солувчи нормаларни қонуний ­мустаҳкамлаш каби меъёрлар киритилди.
Таъкидлаш зарурки, янги қонунда ходимларнинг касаба уюшмасига бирлашиш ҳуқуқи конституциявий ҳуқуқ даражасида кенгайтирилиб, халқаро ҳуқуқ тамойилларига мос равишда Ўзбекистон фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл фуқароларининг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқи кўзда тутилган. Бундан ташқари, касаба уюшмалари нафақат корхона, ташкилотларда, балки барча иш ўринларида тузилиши мумкинлиги белгилаб қўйилди. Бу билан Халқаро меҳнат ташкилотининг «Бирлашиш эркинлиги ва бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги 87-конвенциясининг нормаси имплементация қилиниб, нафақат битта, балки бир неча ташкилотда ишлаётган ходимларга ҳам ўзаро бирлашган ҳолда касаба уюшмасини тузиш имкони берилди.
Халқаро меҳнат ташкилотининг 98-конвенциясига мувофиқ, иш берувчилар касаба уюшмаси таъсисчиси ва сайлаб қўйиладиган органи аъзоси бўла олмайди. Қолаверса, касаба уюшмаларига иш берувчилар ташкилотлари ва сиёсий партияларга молиявий кўмак бериш тақиқланади. Ушбу меъёр касаба уюшмалари мустақиллигини таъминлаш мақсадини кўзда тутган бўлиб, янги қонунда мазкур жиҳатлар ҳам эътиборга олинган. Бу касаба уюшмалари ва иш берувчилар ташкилотларининг бир-биридан мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.
Янги қонун билан касаба уюшмаларига ходимларнинг меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва иш берувчилар томонидан меҳнат қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган меҳнат инспекцияларини тузиш ҳуқуқи берилди. Шу билан бирга, касаба уюшмалари иш берувчига қонунбузилишига йўл қўйган шахсларни интизомий жазога тортиш талабини қўйишлари мумкин.
Брифингда янги қонун билан касаба уюшмаларининг мустақиллиги янада кафолатлангани қайд этилди. Хусусан, касаба уюшмалари ўз фаолиятида давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органлари олдида ҳисобдор бўлмай, улар томонидан назорат қилинмаслиги, шунингдек, иш берувчининг касаба уюшмалари фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги мажбуриятлари белгилангани муҳим кафолат сифатида баҳоланди.

Салим АБДУРАҲМОНОВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар