Газетадан раддия талаб қилган ҳоким судда ютқазди

595

Андижон вилояти ҳокимлиги нашри – “Андижоннома” газетасининг ўтган йил 2 март кунги сонида таниқли журналист Қобилжон Асқаровнинг “Ўзи хон, кўланкаси майдонми?” сарлавҳали танқидий мақоласи чоп этилганди.

Анчайин шов-шувларга сабаб бўлган мазкур чиқишда сўнгги йилларда Андижон туманидаги ташкилотларда кадрлар қўнимсизлиги авж олганлиги, айниқса, қишлоқ хўжалигидаги қолоқлик сабаблари, унумдор ер майдонларидан бошқа мақсадда фойдаланиш ҳолатлари, фуқаролар мурожаатига эътиборсизлик, таълим тизимидаги камчиликлар хусусида сўз юритилиб, ҳоким Улуғбек Исомиддиновнинг раҳбарлик фаолияти кескин танқид остига олинганди.

Шундан сўнг туман ҳокими газетада тилга олинган ҳолатларнинг бирортаси тасдиғини топмади, мақола “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларга зид тарзда чиқарилган, деган иддао билан судга нақ 19 банддан иборат даъво киритиб, таҳририятдан раддия талаб қилди.

Фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро суди низони ўрганиб чиқиб, мақолани қисман қонун талабларига зид топди. Соддароқ тушунтирсак, даъвода келтирилган масалаларнинг қарийб олтмиш фоиз қисмига раддия чоп этиш мажбуриятини юклади.

Шундан сўнг таҳририят ФИБ вилоят судига кассация шикояти келтирдики, сизлар ҳам масалани чуқурроқ ўрганиб кўринглар, ахир журналист мақолани ҳаводан олиб ёзган эмас, деган мазмунда.

Ҳайъат ишни қарийб бешта суд мажлисида ўрганиб чиқди ҳамда ҳоким Улуғбек Исомиддинов томонидан келтирилган 19 банддан иборат даъвонинг 18 тасини рад этди. Таҳририятга мақоланинг хулоса қисмида журналист бироз ҳиссиётга берилганлиги сабаб даъвонинг мана шу 19-банди учун раддия босиш мажбуриятини юклади.

Хўш, мақоланинг раддия берилиши маъқул деб топилган хулоса қисмида нималар ҳақида сўз борганди?

Мана, танишинг: “Ўзининг исми-шарифини ошкор этмаган фахрийлардан бирининг таъкидлашича, туман ҳокими бўлмиш Улуғбек Исомиддиновнинг яхши хислатлари ҳам бор. Улардан энг муҳими, озодалик, соғлом турмуш тарзи билан боғлиқ. Ҳокимга дуч келган одам кўришгани қўл узатгудек бўлса, “Қўлингни торт! Қачон ювгансан? Совунни биласанми?” дея сўроққа тутилиши туманда жуда кўпчилик учун янгилик эмас. Ахир эл оғзига элак тутиб бўлармиди?”

Шунга қарамай, мақолада келтирилган қолган барча масалалар суд томонидан асосли деб топилганлиги ҳокимнинг танқидни ҳазм қилишга, хато-камчиликларини тан олишга ўрганиши, шу билан бирга, иш тутумини ҳам кескин ўзгартириши зарурлигини тақозо этади.

Нурилло НЎЪМОНОВ,

ishonch.uz

Бошқа хабарлар