Ахборотни бузиб талқин этиш ва сохталаштириш тақиқланади – ахборот соҳасига оид қонун муҳокамага қўйилди

148

“Ахборотдан фойдаланиш эркинлиги ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳаси эълон қилинди, деб ёзмоқда ЎзА.
Ушбу Қонуннинг мақсади конституциявий ҳуқуқни рўёбга чиқаришда эркин ва ҳеч қандай тўсиқларсиз ахборотларни излаш, олиш, текшириш, тадқиқ қилиш, узатиш, тарқатиш, фойдаланиш ва сақлаш, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат корхоналари, ташкилотлари ва хўжалик бошқаруви органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг очиқлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Қонун лойиҳаси 32 та моддани ўз ичига олади.
Ахборотдан фойдаланиш эркинлиги ва кафолати
Ҳар бир фуқарога ахборотдан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади. Ахборот очиқ ва ошкора, ишончли ҳамда ҳамма фойдаланиши мумкин бўлиши керак, махфий ахборот бундан мустасно.
Давлат ҳар кимнинг ахборотни излаш, олиш, текшириш, тадқиқ қилиш, узатиш тарқатиш, ундан фойдаланиш ва уни сақлаш ҳуқуқини ҳимоя қилади.
Жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига қараб ахборот олиш ҳуқуқи чекланишига йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикасида цензурага ва ахборотни монополлаштиришга йўл қўйилмайди.
Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳар кимга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ахборот билан танишиб чиқиш имкониятини таъминлаб беришга, мақбул ахборот ресурслари яратишга, фойдаланувчиларни фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятларига, уларнинг хавфсизлигига доир ҳамда жамият манфаатларига тааллуқли бошқа масалалар юзасидан ахборот билан оммавий тарзда таъминлашга мажбурдирлар. Ахборотдан фойдаланиш унинг нашр этилиши ва (ёки) Интернет ахборот тармоғида жойлаштирилиши, шунингдек, қонун ҳужжатлари ва тегишли материалларни тарқатиш орқали таъминланади.
Ахборотни бузиб талқин этиш ва сохталаштириш тақиқланади.
Оммавий ахборот воситалари ўзлари тарқатаётган ахборотнинг ҳаққонийлиги учун ахборот манбаи ва муаллифи билан биргаликда қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, жамоат бирлашмаларининг, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахсларнинг фуқароларнинг ахборот олиш доир ҳуқуқларини камситувчи хатти-ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги ҳамда ахборот мулкдори эгасининг ахборот беришни рад этганлиги устидан судга шикоят қилиниши мумкин.
Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ўз фаолиятига доир фойдаланиши чекланмаган барча маълумотларнинг очиқлигини таъминлаши лозим.
Ахборот фойдаланувчиси ва унинг ҳуқуқлари
Давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти тўғрисида ахборот излаётган жисмоний ёки юридик шахс ахборотдан фойдаланувчидир.
Ахборотдан фойдаланувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ахборотни ҳеч бир монеликсиз излаш, олиш, ўрганиш, жамлаш, таҳлил қилиш,узатиш, тарқатиш, улардан фойдаланиш ва сақлаш;
давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти тўғрисида ушбу Қонуннинг 8-моддасида назарда тутилган ахборотни олиш учун бевосита ёки ўз вакиллари орқали оғзаки, ёзма, шунингдек, ахборот тизими орқали электрон шаклда сўров билан мурожаат этиш;
давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти тўғрисида сўралаётган фойдаланиш чекланмаган ахборотни олиш заруратини асослаб беришнинг шарт эмаслиги;
давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти тўғрисида ахборот олиш ҳуқуқини ҳамда уни амалга ошириш тартибини бузаётган давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг, уларнинг мансабдор шахсларининг ҳужжатлари ва (ёки) ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда шикоят қилиш;
давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолияти тўғрисида ахборот олиш ҳуқуқини бузган ҳолда етказилган зарарни қонунда белгиланган тартибда қоплашни талаб қилиш;
давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборот олишни рад этиш;
ахборотдан фойдаланувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Қонун лойиҳасида ахборотдан фойдаланиш эркинлигининг асосий тамойиллари, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги, ахборотдан фойдаланиш эркинлиги ва кафолати, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолияти тўғрисидаги ахборот, ахборот фойдаланувчиси ва унинг ҳуқуқлари, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасидаги давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларининг ваколатлари, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг матбуот хизмати, фойдаланилиши чеклаб қўйилган ахборотлар кабилар изоҳлаб берилган.

Бошқа хабарлар