Миллий ғоя реал ҳаёт маҳсули бўлиши керак!

606

Яқинда «Ishonch» гезетасида чоп этилган «Оҳанг – янги, ёндашув – эски» сарлавҳали мақолада миллий ғояни ривож­лантириш концепцияси лойиҳасига доир айрим мулоҳазалар билан танишдим. Менда ҳам бу борада кўнглимда туғилган фикрларни қоғозга тушириш фикри туғилди.

Аввалбошдан айтмоқчиманки, матн­­да миллий ғоя тараққиётнинг янги босқичига дахлдор этиб кўрсатилгани менда савол уйғотади. Нима учун муаллифлар миллий ғояни Ўзбекис­тон тараққиётининг янги босқичи билан боғлашяпти, нима у аввалги босқичларга дахлдор воқелик эмасмиди?..
Таклиф этилган Миллий ғоя концепциясини ўқиркансиз, даставвал, бир савол кўндаланг бўлади: хўш, янги лойиҳа илгаригисидан нимаси билан фарқ қилади? Жавоб жуда лўнда ва аниқ; деярли ҳеч нимаси билан. Агар ундан «Тараққиётнинг янги босқичи», «Ҳаракатлар стратегияси», «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак», каби янги ибораларни олиб ташласак, аввалги сийқа, мавҳум, реал ҳаётдан узоқ сўз ўйинларини ўзида жамлаган матн қолади, холос. Ҳатто, унга киритилган «инновацион тараққиёт» деган сўз ҳам амалда концепцияга деярли ҳеч нима қўшмайди. Асабни тийиб айтиш мумкинки, кишилар ўй-ташвишлари-ю қизиқишларидан мутлақ узоқ, улар онги ва қалбига ҳеч нима бермайдиган гўёки «миллий ғоя» деб аталаётган сўз ўйинлари, тавтология кимга ва нимага керак, биз кимни лақиллатмоқдамиз?..
Ғояшунослар мудом «дунё миллий ғоя»га мувофиқ ривожланган, мафкуравий таҳдидлардан ҳимояланишнинг самарали усули «миллий ғоя» деган фикрни (бу фикрга уларнинг ўзлари ҳам ишониши шубҳали) далил, асос қилиб келтиришади. Ҳатто, улар «ғоялар фалсафаси» деган назарий фанни «кашф этиш»ган. Оқибат нима бўлди?! Бугун, ҳатто, олий маълумотли мутахассислар ҳам «ғоялар фалсафаси» нима, унинг маънавиятга, тараққиётга, янгиланишга нима дахли борлиги ҳақида бир нима дея олмайди. Негаки, ҳамма фикр – реал ҳаёт эҳтиёжларидан узоқ, инсон онги ва қалбидан бегоналашиб кетган…
Ҳа, кабинетларда, оромгоҳда ястаниб, ҳаётга, келажакка мадҳлар тўқиш осон, лекин оддий одамларга қисқа, лўнда ва аниқ жавоб керак. Тақдим этилаётган концепция эса, муаллифлари бизни маъзур тутсинлар-у, талабалар аудиториясига мўлжалланган дидактик маърузани эслатади.
Аслида, миллий ғояни жамиятнинг етакчи қисми – зиёлилар, тафаккури юксак, келажакни тўғри идрок эта оладиган, миллат ва халқ ғами билан яшаётганлар яратади, деган ақида мавжуд. Бу фикр билан қисман келишиш мумкин. Аммо қалбингнинг бир четида ушбу «етакчи қисм» ўз манфаатларини кўзлаётган бўлса-чи, деган иштибоҳ туради. Ахир, яқин ўтмишимиз буни тасдиқламайдими? Тақдим этилаётган концепцияни қайси «қисм» ва кимлар яратган?..
Мен миллатни, халқни умумий ғоя, яъни миллий ғоя бирлаштиради, деган сийқа қарашга қўшилолмайман. Бу, албатта, менинг шахсий фикрим. Америкалик социологлар кишиларни ҳаракатга келтирадиган бош мотивларни аниқламоқчи бўлиб 30 давлатда оммавий сўровнома ўтказишган. Жавоблар ичида биринчи ўринни иқтисодиёт, иккинчи ўринни ҳокимият, учинчи ўринни ҳирсни қондириш эгаллаган. Реал ҳаётга тик кўз билан қарайдиганлар ушбу мотивларнинг инсон ҳаётида устувор ўринда туришига шубҳа қилмайди.
Концепцияда «миллий тикланишдан миллий юксалиш сари» шиори миллий ғоянинг бош, улуғ мақсади, деб эълон қилинади. Майли, бунга қўшилдик, дейлик. Лекин «миллий тикланиш» аслида, нима? Мустақилликнинг эълон қилинишими? Ахир бу эълон қилинганида Олий Кенгашдаги бирорта ҳам депутат қўллаб-қувватламаган: Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти, нега қарсак чалмайсизлар, дегандан кейингина зўраки овоз беришганини эслаш қанчалик оғир…
«Миллий юксалиш» нима? Унинг мезони, чегараси борми? У халққа, кишилар ўйи ва қалбига нима беради? У навбатдаги сўз ўйини, онгни, қалбни чалғитувчи, тафаккурга аниқ ҳеч нима бермайдиган сийқа, бемағиз ибора эмасми? Менинг назаримда миллий ғоя ижтимоий-сиёсий установкалардан эмас, балки реал ҳаётдан, кишилар ўйи ва қалбидан униб чиқиши лозим. Бугун халқимизни нималар қийнаяпти? Улар келажагини қандай тасаввур этишмоқда? Нималарга ишонишади, нималарга эътиқод қўйган, нималарни ҳаётий идеал билади?.. Минг воҳки, концепция ушбу саволларга жавоб беришга интилмайди, чунки у реал ҳаёт қўйнидан, ундаги зиддиятли муаммоларга ечим излашдан келиб чиқмаган.
«Ягона Ватан туйғуси», «Адолат – қонун устуворлигида», «Халқ розилиги», «Жаҳолатга қарши маърифат», «Инновацион тараққиёт» миллий юксалиш ­ғоясининг асосий тушунчалари сифатида келтирилади. Нега энди улар? Инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари, умуминсоний қадриятлар, миллий ғурур, тарихий-маданий меросни асраш, ахлоқ, оила, меҳнатсеварлик каби шу пайтгача эъзозланиб келинган туйғулар ва қадриятлар қаерга кетди? Тараққиётнинг янги босқичида улар керак эмасми?!
Концепциядаги «миллий юксалиш ғоясининг асосий тамойиллари» банди кимгадир ҳисобот бериш тарзида ёзилган. Услуб ва моҳият шуни кўрсатиб турибди. Бироқ аслини олганда, бу тамойиллар кимга, нимага керак? Чамаси концепция муаллифлари ўзининг у ёки бу илмий-назарий таълимотлардан хабардор эканликларини билдиришмоқчи бўлишган. Бу билан улар яна бир бор ўз қарашларини реал ҳаётдан эмас, балки тор доирадан олишганини, тақдим этаётган миллий ғоянинг кабинет маҳсули эканини англатишган…
Мухтасар хулосам шулки, миллий ғоя ҳар қандай таҳдид, турмуш машаққатларига қарши турувчи эътиқодга айланса, эъзозлидир.

Виктор АЛИМАСОВ,
фалсафа фанлари доктори, профессор

Таҳририятдан: Мазкур мавзу юзасидан кўп фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда. Баҳс-мунозаралар, пировардида концепция лойиҳасининг такомиллашувига хизмат қилишини инобатга олиб, таҳририят ҳар бир мақолага газета саҳифаларидан жой ажратишга тайёр. Зеро, ҳақиқат баҳсларда туғилади. Шу билан бирга, билдирилаётган эътирозлар юзасидан лойиҳа ва мақола муаллифларини кўтарилаётган мавзуларни юзма-юз муҳокама қилиш учун давра суҳбатига чорлаб қоламиз. Таҳририят студиясида бу мулоқотни тасвирга олиб, кенг жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этамиз. Қолаверса, соҳага бефарқ бўлмаган зиёлиларнинг фикр ва мулоҳазаларини ҳам кутиб қоламиз.

Бошқа хабарлар