Чегарачилар учун янги бино

14

Термиз шаҳри яқинида, Амударёнинг қоқ ўртасида қамишзор ва қумликларда ўзига хос табиат мўъжизаси “Пайғамбар ороли” жойлашган. Майдони  4 минг гектарлик сатҳга эга, узунлиги 8, эни 5-6 километр бўлган бу оролда турфа ҳайвонлар эркин, ёввойи ҳолда яшайди.

Мазкур ҳудуд қўшни Афғонистон Республикасига туташ бўлгани боис, чегарачилар томонидан қўриқланади. Бу ерда Ўзбекистон ДХХ Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисм бўлинмаси жойлашган.

14 январь – Ватан ҳимоячилари байрами куни ва Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 28 йиллиги бўлинма ҳарбий хизматчилари учун қўшалоқ байрамга айланди.

Бу ерда барча қулайликларга эга бўлинма биноси фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фахрийлар, ҳарбий хизматчилар ва бир гуруҳ ёшлар иштирок этди.

Янги бинони қуриб, жиҳозлаш учун 1 миллиард 200 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Кенг, шинам хоналар,барча қулайликларга эга ошхона, спорт зал, ўқув хонаси, ҳаммом, дам олиш хоналари, автосарой қурилди. Бино атрофи ободонлаштирилиб, мевали ва манзарали дарахт ҳамда турли гул кўчатлари экилди.

Тантанали тадбир давомида ҳарбий хизматчимларнинг жанговар тайёргарлигига бағишланган кўргазмали машғулотлар, концерт дастури намойиш этилди. Меҳмонлар янги биноларни кўздан кечириб, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар шайлигини ошириш, яшаш ва дам олишлари учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Рустам ДАВЛАТОВ,

ishonch.uz

Бошқа хабарлар