Улар юрт ҳимоячиси

36

Муддатли ҳарбий хизматга келган аскарларга боқиб, уларнинг хизматга келган илк кунларини кўз ўнгимга келтираман. Кўзида бирмунча ҳадик бўлган ёшгина йигитчаларнинг бугун қалби шижоатга тўлган.

Нигоҳлари теран, ўзига бўлган ишончи босган қадамида кўриниб туради. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Ахир бугун улар Ватан ҳимоячиси. Эгнига ҳарбий кийимни кийиб, хизмат вазифасини сидқидилдан бажаришга қасам ичган. Ўтган вақт мобайнида ҳарбий билим ва жанговор кўникмалар билан биргаликда аниқ ва гуманитар фанларни ҳам ўзлаштиришга улгурган.
Шуларни кўриб, ўзимнинг ҳам хизмат даврим кўз олдимдан ўтади. У даврларда ўзбек йигитлари юртидан узоқда, асосан қурилиш ишларига жалб қилинар эди. Баъзилари эса ҳарбий билим ва кўникмаларни ўзлаштириш у ёқда турсин, ҳатто қўлига ҳарбий қурол-аслаҳаларни олиб, яқиндан танишмас эди. Ҳарбийлар ўртасида «дедовшина» деган бало кўпчилигининг майиб-мажруҳ бўлишига ҳам сабаб бўларди.
Бугунги кунда дунёда, ён-атрофимизда юз бераётган ходисалар, айниқса, биз ҳарбийлар зиммасига янада кўпроқ масъулият юклайди. Қуролли кучларни модернизация қилиш, демакки, янада юксалтириш салоҳият ва қудратини, ҳар қандай тажовузга ўз вақтида, муносиб зарба бериш қобилиятини ошириш, улуғ неъмат бўлмиш тинчликни кўз қорачиғидек асраш алоҳида аҳамият касб этади. Шунинг учун стратегия ва тактикани тинимсиз такомиллаштириш, жанговар операцияларни олиб бориш бўйича замонавий тажрибани пухта эгаллашга катта эътибор берилмоқда.
Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, бугунги кунда миллий армиямиз тарихий ва миллий анъаналаримизни сақлаган ҳолда, ҳарбий қурилиш ва ҳарбий санъат соҳасида дунёдаги энг яхши таж­рибани ўзлаштириб, юртимиз хавфсизлигини таъминлаб келмоқда. Бу ўз вақтида қабул қилинган ва чуқур ўйланган ислоҳотлар самараси ҳисоб­ланади.
Қаддини баланд тутиб, вужудида Ватан тинч­лигини ўзининг шарафли, олижаноб ва масъулиятли бурчи деб, Ватанни ҳимоя қилишдек буюк вазифани муносиб бажариб келаётган йигитларга қараб ҳамиша «Сиз борсиз, юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон бўлади», дея қалбим ғурурга тўлади.

Шуҳрат САИДОВ,
Қоровул қўшинлари Н-ҳарбий қисм
батальон командири ўринбосари, майор

Бошқа хабарлар