ЯНГИЛАНАЁТГАН ОРОЛБЎЙИ

27

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан бундан икки йил аввал Орол денгизининг сувдан бўшаган ерларида ҳамда Мўйноқ туманида бошланган кенг кўламли ишлар бугун ўзининг самарасини бермоқда. Илгари 12 минг гектар майдонда саксовул уруғи экилган бўлса, ўтган  йилнинг ўзида ушбу кўрсаткич 500 минг гектарга етди. Орол тақдири ва Юрт келажаги учун даҳлдорлик ҳиссини туйган ҳар бир ўзбекистонлик хайирли ва саҳоватли ишлар бошланган худудга шошилди.

Бугунги Мўйноқда бундан уч йил аввалги ночор ва кўримсиз қиёфадан асар ҳам қолмаган. Орол бўйида қад ростлаган янги Мўйноқ, том маънода   бахтиёрлик ҳамда орзу-ҳаваслар ушаладиган афсонавий шаҳарга айланиб бормоқда. 

– Мен ҳаётимда ҳеч бир давлатнинг раҳбари бизнинг Президентимиз каби ёшлар учун жон куйдираётганини ҳали кўрганим йўқ, – дейди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон кенгашининг раиси А.Данияров. – Биз ёшлар юртимизда бўлаётган ҳар қандай жараёнда кузатувчи бўлиб тураолмаймиз. Бунга ҳаққимиз ҳам йўқ. Юртбошимиз даъватига жавобан Орол ва Мўйноқ туманида амалга оширилаётган ишларда фаол қатнашиш ниятимиз бор.      

Орол денгизининг қуриган тубида яшил ўрмонзорлар барпо этиш мақсадида бугун бу ерга барча вилоятлардан мингдан кўпроқ қишлоқ хўжалиги ва муҳандислик техникалари ҳамда икки минг беш юз нафар ишчи кучи жалб этилган. Жорий йилда денгиз сувидан бўшаган 700 минг гектар ерга уруғ сепилиб, кўчат экишга тарадуд кўрилмоқда.

Орол денгизида амалга оширилаётган оламшумул ишлар бугун чет мамлакатлари олимларини ҳам қизиқтираётир. Испания, Хитой каби давлатлардан келган олимлар оғир ва мураккаб иқлим шароитида, ўта шўрланган тупроқ қатламида уруғ сепиб, кўчат экиш ва ўстириш осон эмаслигини тан олишмоқда. Ўтган йили асосан чўл ўсимликлари экилган бўлса, бу йил Мўйноқ шаҳри иқлим шароитига мослашиб кетадиган ўсимлик турлари ҳам танлаб олинаётир.

– Президентимизнинг оқилона ва узоқни кўзлаб амалга ошираётган ислоҳатлари туфайли бугун, денгиз сувидан бўшаган ерларда халқимиз манфаатлари учун хизмат қиладиган ва ўта фойдали соҳаларни ривожлантириш сари дадил қадамлар ташланмоқда, – деди академик З.Новицкий. – Айниқса, чорвачилик соҳасини ривожлантириш мақсадида Мўйноқ тумани худудида минг гектар ва Қораўзак тумани худудида икки минг гектар яйловлар барпо этиш вазифаси юклатилди.Ўтган йили бир ярим гектар ерга ўн икки турдаги ўсимлик уруғлари экилган эди.Жорий йилда уч гектар майдонда яшил оазис ташкил этиб, ўн олти турдаги ўсимлик кўчатларини етиштириш ниятимиз бор.

– Мўйноқ туманини 2019-2021 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида 1 трилион 485 миллиард сўмлик лойиҳаларнинг амалга оширилиши режалаштирилган эди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев. – Ўтган 2019 йилда 622 млрд. сўмлик иш кўлами бажарилди. Биргина Ёшлар марказининг қурилиши учун етти миллиард сўм маблағ сарфланди. Маълум бўлишича бунга қиёслайдиган марказ ҳали Тошкентда ҳам йўқ экан.

  Бугун Оролнинг энг шўрланган ерларида ҳам саксовуллар кўкариб, яйловлар пайдо бўлмоқда. Денгиз тубида 54 та қудуқ кавланиб, ер ости сувлари чиқарилган. Натижада авваллари ушбу худудларга хос бўлмаган сайғоқлар галаси келмоқда. Ҳар хил ёввойи қушлар, ҳайвонлар Оролни ошён тутаётир. 

  Бугун денгиздан бўшаган майдонда ўрмонзор ҳамда яйловлар барпо этилмоқда. Жорий йилда уч минг гектар ерда яйлов ташкил этилса кейинги йили унинг кўламини йигирма минг гектарга етказиш режалаштирилмоқда. Агар бир бош эчки ёки қўйга икки гектар яйлов талаб этиладиган бўлса, йил охирига бориб 1500 бош қўй учун, келгуси йилда 10 минг бош эчки учун ўтлоқ барпо этилади. Воҳада чорвачиликни ривожлантиришга ҳам алоҳида аҳамият берилаётгани бежиз эмас. Зеро, худудда майда шохли молларни кўпайтириш баробарида катта лойиҳаларни амалга ошириб, аҳолини иш билан таъминлаш кўзда тутилмоқда.

  Қамишдан целюлуза ва қоғоз ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Маҳаллий хомашёдан мебел ишлаб чиқариш саноатини ривожлантиришга аҳамият берилаётир.

  – 2017 йил сентябрь ойида Президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг минбаридан туриб Орол муаммосига тўхталган эди, – деди “Америка овози”мухбири Н.Имомова. –Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракати, бугунги сиёсати туфайли жаҳонҳамжамияти орасида унинг нуфузи ошиб бормоқда. Хусусан, БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси берган маълумотларга кўра, бугун ўнта агентлик Орол денгизи худудида фаолият кўрсатмоқда.       

  Хуллас, оламшумул ишларга гувоҳ бўлаётган Мўйноқ ҳамда Оролда янги Ўзбекистоннинг имкониятларга бой худудларидан бири кашф этилаётир. Тарихий аҳамиятга молик жараёнларда қатнашиш истагида юрган ватандошларимизга таклиф ва маслаҳатимиз шуки, Орол ва Мўйноққа шошилинг! Бу ерда Сизларни ҳаётий ва афсонавий саргузаштлар кутмоқда.

      Ортиқбой МАМУТОВ, 

Бошқа хабарлар