Тунги навбатчилик мажбурий меҳнат саналадими?

27

Гоҳида билиб, гоҳида билмай меҳнат муносабатларини бузамиз. Керак жойда ҳуқуқимизни талаб қила олмаймиз. Баъзида эса зиммамиздаги мажбуриятни бажармаймиз. Шунинг учунми, аксарият кишилар ишидаги тартибдан қониқмаётгани, иш вақтининг кўп ёки кам эканидан нолийди. Биргина мисол: «Байрамда яна мен навбатчиман», «Ҳар ҳафтанинг биринчи санасида ишхонада тунги навбатчиликка қоламан», «Ўзи кун бўйи ишласам, яна навбатчилик ҳам қилишим керак экан» ва ҳоказо, деб ёзмоқда “Mahalla” газетасининг электрон сайти.

Яқинда Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги йиғилишида Сенат раиси Танзила Норбоева ҳам бу ҳақда ўз фикрини билдириб: «Мажбурий меҳнатнинг Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан белгилаб берилган 11 та сифати бор. У конвенцияга киритилган. Тунги навбатчилик — мажбурлашга киради. Чунки у ўз хоҳиши бўлмаса ҳам, кечаси билан ўтиришга мажбур» деди.

Сенат раиси комиссия аъзоларига тунги навбатчиликка оид ягона муносабатни шакллантириш ва агар давлатга кўнгиллилик асосида қўшимча ишлар зарур бўлса, буни янги таҳрирда ишлаб чиқилаётган Меҳнат кодексида инобатга олиш кераклиги ҳақида кўрсатма берди. Тўғри-да, қонунда белгиланмаган нормани ким ҳам оғринмасдан бажарарди? Бу борада қонунларимизда нима дейилган? Навбатчилик қилингани учун қўшимча ҳақ тўланадими? Кимлар навбатчиликка қолмаслиги керак?

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевдан шу каби саволларимизга жавоб олдик:

— Байрамлар арафасида кўплаб корхона ва ташкилотларда кундузги ёки тунги навбатчиликлар ташкил қилиш йўлга қўйилган. Бундан кўзланган мақсад — жамоат хавфсизлигини сақлаш, юзага келиши мумкин бўлган турли кўнгилсизликларнинг олдини олиш, ўз вақтида бартараф этиш, шунингдек, бу ҳақда ваколатли идораларга тезкорлик билан хабар бериш, дея баҳоланади.

Навбатчиларнинг
3 тоифаси бор

Биринчи тоифа — штат жадвалида бевосита у эгаллаб турган лавозими «навбатчилик» билан боғлиқ бўлган ходимлар. Масалан, аэропортдаги навбатчилар, меҳмонхона навбатчиси, навбатчи диспетчерлар ва ҳ.к. Бундай ҳолларда уларнинг навбатчилиги асосий иш вақти сифатида баҳоланади ва ҳақ тўлаш ҳам умумий тартибда амалга оширилади.

Иккинчи тоифа — меҳнат шартномасида ишлаб чиқариш зарурияти ҳамда у эгаллаб турган лавозимнинг хусусияти туфайли асосий иш вақтидан ташқари навбатчиликда туриш белгилаб қўйилган ходимлар. Масалан, бу тоифага шифокорлар яққол мисол бўла олади.

Учинчи тоифа — бу айнан биз кўриб чиқаётган навбатчилик, яъни байрам кунларида жадвал асосида «оператив» ташкил этиладиган бир марталик навбатчиликдир. Ушбу тоифадаги навбатчиликнинг юқоридаги иккитасидан асосий фарқи шундаки, бундай «оператив навбатчилик»ка жалб қилинган ходимлар ўзларининг асосий функционал вазифаларини бажаришмайди. Яъни бундай навбатчилик вақтида ўқитувчи дарс бермайди, шифокор даволамайди, бухгалтерлар ҳисоб-китоб қилмайди, ҳуқуқшунослар ҳужжатларнинг қонунийлигини текширмайди ва ҳ.к. Улар шунчаки идорада маълум бир соатни ўтказишади. Хуллас, белгиланган вақтда белгиланган жойда туриб беришса бўлди.

Бу тоифанинг яна бир фарқи шундаки, байрамлар арафасида навбатчиликда қоладиган аксарият ходимларнинг меҳнат шартномасида бундай навбатчиликда қолиш мажбурияти белгиланмаган бўлади. Яъни аслида улар бундай навбатчиликда туришга мажбур бўлмайди.

Шу сабабли ҳам айрим мутахассислар байрамлар арафасидаги «оператив навбатчилик»ни иш вақтидан ташқари иш (Меҳнат кодекси 124-модда) дея ҳисоблашмайди. Чунки ходим бу вақтда меҳнат шартномасида ўзига юклатилган вазифани бажармаяпти-ку, дейишади. Уларнинг фикрича, бундай навбатчилик кўпроқ юқоридаги кодекснинг 166-моддасига тўғри келади, яъни иш берувчи ва меҳнат жамоаси манфаатларига доир вазифаларни бажариш, дея баҳоланади.

Муаммо нимада?

Амалиётда энг кўп учрайдиган муаммолардан бири — байрам кунларидаги навбатчиликлар ҳеч қандай ҳуқуқий асосга эга бўлмасдан ташкил қилинишидадир. Яъни иш берувчининг буйруғи (фармойиши) чиқарилмасдан, шунчаки оғзаки кўрсатма билан белгиланади. Нари борса, навбатчилик жадвали ташкил қилиниб, унинг тепасига «тасдиқлайман» дея раҳбар имзо ва муҳр қўяди, бўлди.

Лекин бу навбатчилик ташкил қилиш ва унга тегишли тартибда ҳақ тўлаш учун асос бўлолмайди. Шу сабабли деярли барча ҳолатларда бундай «оператив навбатчилик» учун ходимларга ҳеч қандай ҳақ тўланмай келинмоқда. Нари борса, уларга навбатчиликнинг эртаси куни ишга чиқмаслик ёки кечикиброқ ишга чиқишга рухсат берилади, холос. Бироқ бу мутлақо нотўғри.

Навбатчилик — қонунчиликда борми?

Меҳнат кодексида навбатчилик ҳақида ҳеч қандай қоида белгиланмаган. Шу сабабли навбатчилик тартиби фақат локал ҳужжатлар билан белгиланади. Аммо амалиётда кўп гувоҳи бўламизки, байрам кунларидаги навбатчиликни ташкил қилиш тартиби ва унга тўланадиган иш ҳақи бирорта ҳужжатда қайд этилмаган бўлади.

Навбатчиликда туриш одатда ходимларнинг меҳнат шартномасида кўрсатилмайди ва уларнинг мажбуриятлари ҳам ҳисобланмайди. Агар ходим розилик бермаса, унда ходимни иш вақтидан ташқари (тунда, байрам ва дам олиш кунларида) навбатчиликка жалб этиш мумкин эмас. Шунингдек, ўн саккиз ёшга тўлмаган ва иш сменасининг муддати ўн икки соатдан иборат бўлган ходимлар бу каби ишларга жалб этилмайди. Меҳнат шароити ўта оғир ва ўта зарарли ишларда банд кишиларни ҳам иш вақтидан ташқари ишларга жалб этиш тақиқланади.

Қўшимча ҳақ тўланадими?

Меҳнат кодексининг 157-моддасига кўра, иш вақтидан ташқари ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади. Ходимнинг илтимосига кўра, иш вақтидан ташқари иш учун иш соатларига тенг келадиган миқдорда «отгул» берилиши ҳам мумкин. Бундай ҳолатда камида бир ҳисса миқдорда меҳнат ҳақи тўланиши лозим.

Иш кунида ва иш вақти давомидаги навбатчилик (масалан, жума куни соат 09.00 дан соат 18.00 гача) — бунда ходимга одатдаги тартибда иш ҳақи тўланади. Дам олиш кунлари (шанба, якшанба, байрам кунлари) кундуз кундаги навбатчилик — бунда ходимга камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади. Ёки ходимнинг хоҳишига қараб бир ҳисса ҳақ ва бошқа иш куни учун дам берилади. Иш куни ва дам олиш куни тундаги навбатчилик учун худди шу тартибда ҳақ берилади.

…Ҳар нарсанинг ўз тартиб-қоидаси бор. Мажбурият юклатилдими, албатта, бажариш керак. Лекин у сизнинг ҳуқуқларингизга дахл қилмаслиги лозим. Адолатли меҳнат шароитини яратишда эса ҳар икки томон: иш берувчи ҳам, ходим ҳам бирдек жавобгардир.

Хўш, сиз бунга нима дейсиз?

Садоқат МАХСУМОВА

Бошқа хабарлар