Чет элга ишлашга кетаётган фуқаролар ҳаёти, соғлиғи суғурта қилинадими?

18

Чет элга ишга кетаётган фуқароларга жамғарма ҳисобидан “Ҳаёт, соғлиқ ва ишга жойлашиш учун патент берилишининг рад этилиши таваккалчилиги”ни суғурталаш бўйича субсидия жорий этилди, деб ёзмоқда Zarnews нашри.

Президентимизнинг 2019 йил 20 августдаги “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида”ги (ПФ-5785-сонли) Фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 августдаги “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги (713-сонли) қарори ижросини таъминлаш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги “Ўзагросуғурта” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда ушбу хизматларни ташкил қилди.

Жумладан, вазирлик ва суғурта ташкилоти ўртасида “Вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чет элга кетаётган фуқароларга ҳаёт, соғлиқ ва ишга жойлашиш учун патент берилишининг рад этилиши таваккалчилигини суғурталашда ҳамкорлик қилиш тўғрисида” меморандум тузилди. Мазкур ҳужжатга кўра, чет элга ишга кетаётган фуқароларга ушбу хизматлар учун патент берилишининг рад этилиши таваккалчилиги йўналишларини ўз ичига олган суғурта полиси жорий этилди.

Бунда суғурта муддати – соғлиқ ва ишга жойлашиш учун патент берилишининг рад этилиши таваккалчилиги бўйича 1 ой (Ўзбекистон чегарасидан чиққан кундан бошлаб) ҳамда ҳаёт суғуртаси (фуқаро вафот этганда жасадини репатриация қилиш (ватанга қайтариш) – 12 ой этиб белгиланган.

Суғурта мукофоти эса қуйидагича:

– бирламчи тиббий хизмат ва ихтисослаштирилган шошилинч тез тиббий ёрдам – ҳар бир йўналиш учун 1500 EUR;

– фуқаронинг жасадини репатриация қилиш (ватанга қайтариш) – 6000 EUR;

– бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этганда – 1000 EUR;

– патент ҳужжатларини расмийлаштиришда рад жавобини олганда – 2 000 000 сўм.

Шуни алоҳида айтиш лозимки, Россия Федерациясига кириш учун тақиқи бўлган фуқароларга, масалан, фуқаро Россияга бориш учун чипта сотиб олиб, маълум бир шаҳарга борганда, аэропортда тақиқи чиқса, унга суғурта мукофоти берилмайди. Фақатгина патент ҳужжатларини расмийлаштиришда рад жавобини олган тақдирда суғурта мукофоти ажратилади.

Ушбу суғурта полисига эга бўлиш учун фуқаролар фақатгина шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳузурида ташкил этилган “Ихтисослаштирилган касса”ларга мурожаат қилиб labormigartion.uz дастурий таъминотидан рўйхатдан ўтиши лозим бўлади.

Суғурта учун бир марталик субсидия харажатлари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ҳисобидан амалга ошириляпти.

Абдуазиз ҲАФИЗОВ,

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Самарқанд вилояти филиали директори

Бошқа хабарлар