Тошкент – қайси мамлакатнинг пойтахти?

164

Саволга тушунмадингизми? Ҳайрон бўлманг!
Агар Тошкент кўчаларини дилда миллий ғурур билан айлансангиз, сиз ҳам шундай савол берган бўлардингиз…
Рост-да, азим шаҳар кўчаларидаги бинолар пештоқига битилган ажнабий сўзларни кўравериб, гўёки ўзингизни Европа давлатларидан бирига тушиб қолгандек ҳис қила бошлаётган бўлсангиз ҳам, ажаб эмас.

Мана пойтахт кўчаларидаги хизмат кўрсатиш шохобчалари, бинолар-у емакхоналар пештоқидаги ёзувларни англар-англамас, ўқишга ҳаракат қиламиз: «Kami», «Salvatini», «Skechers», «Sabono»… (Буёғига яна минглаб сатр шу каби номларни келтириш мумкин).
Бири-биридан ажойиб-у ғаройиб номлар. Оддий йўловчи у ёқда турсин, ҳатто унча-мунча мутахассис ҳам тушунмайдиган бу сўзлар орасидан ўзбек тилида битилган номни топиш душвор.

Шу топда ё биз саводсиз ва замондан ортда қолганмиз ёки кўчаларни ажнабий ёзувларга тўлдириб ташлаган юртдошларимиз ўта замонавий бўлиб кетган, дея хаёлга борамиз.
Замонавийлик десак, бирорта ривожланган давлат халқи ўз тилига бундай нописанд бўлганини эшитмаганмиз…
Асабни тийиб бўлса-да, айтиш керакки, бу кўр-кўрона эргашиш! Қайсидир маънода манқуртликнинг бир белгиси!
Қани, айтинг, биз кимга эргашяпмиз? Шу номларни танлаган тадбиркорларимизнинг ўзлари ҳам баъзан бу сўзларнинг асл маъносини билишмайди. Бирорта ўзга миллат вакили ишламайдиган ва аксарият хўрандаси, мижози ўз халқимиз вакиллари бўлган хизмат кўрсатиш шохобчаларини турли тушунарсиз номлар билан аташдан мақсад не?
Ҳар ҳолда, бу мамлакатда давлат тили – ўзбек тили!
Пойтахт ҳокимлиги кейинги йилларда матбуотнинг бу мавзудаги ўнлаб чиқишларига ҳатто жавоб беришни ҳам ўзига эп кўраётгани йўқ. Бу қонунларга очиқдан-очиқ беписандликдан бошқа нарса эмас!
Яқин йилларгача шаҳар ҳокимлигида ташқи ­реклама матнларининг ғоявий ҳамда имловий тўғрилигини кўриб чиқадиган комиссия ишлар эди. Айтиш­ларича, шаҳар раҳбарияти бундай комиссиянинг зарурати йўқ, деб топибди.
Баракалла!

Мана, оқибат – шаҳар кўчаларидаги реклама баннерларига қаранг, шоввозлар нималарни тарғиб қилишмаяпти… Биз оммавий маданиятга қарши курашмаяпмиз, балки унинг очиқдан-очиқ тарғиб қилинишига йўл очиб беряпмиз.
Қачонгача бундай шармандаликка кўз юмиш мумкин? Ишқилиб, мутасаддилар Тошкент Ўзбекистоннинг пойтахти эканини унутиб қўйишмаган бўлишсин…
2019 йил 21 октябрда Президентимизнинг «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Тилимизга Давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллигини кенг нишонлаганимиз, ушбу ҳужжатга биноан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилгани, Атамашунослик комиссияси иш бош­лагани барчамизни юз чандон қувонтирган эди. Бироқ, ҳали бирон нуқтада, бирон босқичда амалий иш бошланган эмас. Бу борада ишлар қачон, қаерда, нимадан бошланади, биз амалий ҳаракатларни яна қанча кутишимиз лозим? Бу саволлар ҳали жавоб кутмоқда.
Она тилимизни ривожлантириш ва асраб-авайлаш йўлида қанча кўп гапирмайлик, пойтахт кўчаларидаги миллатимизга, феъл-у атворимизга ёт бўлган бундай «безаклар», худди ёмғирдан сўнг чиққан қўзиқориндек кўпайиб бораётган ажнабий ёзувларга барҳам берилмас экан, бари бефойда!

Ғулом МИРАҲМЕДОВ,
«Ishonch»

Бошқа хабарлар