Олий суд раисининг таклифларини Андижон вилояти ҳокими инобатга олдими?

401

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари ҳар доим ҳам қонун ҳужжатларига мос келадими? Бу саволга ҳеч иккиланмай “Йўқ!” дейиш мумкин. Биргина мисол – маъмурий судлар томонидан 2018 йилда Андижон вилоятидаги шаҳар ва туман ҳокимларининг 39 та қарори ҳақиқий эмас деб топилган. Хусусан, Избоскан тумани ҳокимининг 8 та, Андижон, Балиқчи, Жалақудуқ тумани ҳокимларининг 5 тадан, Олтинкўл, Шаҳрихон тумани ҳокимларининг 4 тадан қарорлари бекор қилинган.

2019 йилнинг биринчи чорагида эса вилоят бўйича шу каби 11 та ҳужжат ҳақиқий эмас деб топилиб, тадбиркорлар, фермерлар, фуқароларнинг мулк ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқлари тикланган.

Тўғри, шошма-шошарлик билан қабул қилинган қарорларга нисбатан даъво киритган фуқаронинг қонуний манфаатлари судда ҳимоя қилиниши турган гап. Бироқ адолатни қарор топтириш ўз-ўзидан бўладими: оворагарчиликлар, асаббузарликлар, адвокат харажатлари… Аксар ҳолларда ҳокимлик вакилларининг суд мажлисларига келмаслиги оқибатида жараённинг чўзилишини-ку, айтманг.

Хуллас, Олий суд раиси Козимжон Комилов томонидан айни жиҳатлар таҳлил қилиниб, ўтган йил 28 май куни Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновга расмий хат йўлланган, унда фуқаролар ва юридик шахсларнинг мулкий манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида олтита таклиф берилганди. Таклифлардан энг муҳими ҳокимликларнинг юридик хизмат ходимларини адлия органларида ўқитиш, малака ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, шунинг баробарида ҳокимларнинг қарор лойиҳаларини тайёрлаш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказишдаги роли ва жавобгарлигини кучайтириш билан боғлиқ эди.

Куни кеча вилоят адлия бошқармаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида мутасаддилардан айни шу масалага изоҳ сўралди.

Бошқарма бошлиғининг ўринбосари Отабек Бозоровнинг таъкидлашича, адлия органлари ҳокимларнинг барча учун мажбурий тусдаги қарорларини экспертизадан ўтказиши керак. Шунга қарамай, вақти-вақти билан умуммажбурий характерга эга бўлмаган қарорлар ҳам мутахассислар томонидан ўрганиб турилади. Наинки судда, балки адлия тақдимномалари ҳамда прокурор протести асосида бекор қилинган ҳужжатлар ҳам талайгина.

Юқоридаги каби муаммоларнинг олдини олиш мақсадида ўтган йили 124 нафар юридик хизмат ходими Юристлар малакасини ошириш марказининг сайёр ўқувларида малака оширди, 90 нафари аттестациядан ўтказилди. Давлат органлари ва ташкилотларга 100 нафарга яқин ҳуқуқшунос лавозимга тайинланди. Уларнинг иш фаолиятини тўғри ташкил этишлари учун турли қўлланмалар ишлаб чиқилиб, тарқатилмоқда. Қайд этилдики, барча давлат идораларини бирданига кучли салоҳиятга эга бўлган ҳуқуқшунослар билан таъминлашнинг имкони йўқ, мусулмончилик аста-секин, деган гап бор ахир. Шунга қарамай, жорий йилда ҳам уларни ўқитиш, саводхонлигини ошириш ва муайян натижага эришиш юзасидан адлия бошқармасининг режалари катта.

Анжуманда таъкидланишича, ҳисобот даврида адлия бошқармаси ва бўлимларига келиб тушган 5 минг 540 та мурожаатнинг 72 фоизи қаноатлантирилган. Улар асосида турли идораларга 393 та тақдимнома, судларга 3 миллиард 400 миллион сўмдан зиёд маблағларни ундириш юзасидан 520 та даъво ариза ҳамда 100 та маъмурий таклиф киритилган.

Дарвоқе, журналистлар билан мулоқотда яна бир жиҳат очиқланди: 2019 йилда нотариусларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан келиб тушган шикоятларни ўрганиш натижаларига кўра, 3 нафар нотариусга интизомий жазо қўлланилди. Давлат нотариал идораларининг аттестациядан ўтказилган 48 нафар ходимидан 18 нафари эса лавозимига нолойиқ деб топилган.

Нурилло НЎЪМОНОВ,

ishonch.uz

Бошқа хабарлар