Тазйиқ ва зўравонликка қарши қандай чора бор?

72

2019 йил 9 июнда Сурхондарё вилоятининг Олтинсой тумани «Ботош»  маҳалласидан бўлган икки фарзанднинг онаси, 32 ёшли Мафтуна Бадалова (исм-фамилияси ўзгартирилган) бош суягининг бир неча жойидан синиши ва танасидаги бошқа бир қанча гематомалар билан туман касалхонасининг шошилинч тиббий бўлимига ётқизилди. Маълум бўлишича, Мафтуна мунтазам эри томонидан калтакланган. Ўн йиллик турмуши давомида эри билан 38 марта жанжаллашган бўлиб, ҳар сафар маҳалла раиси, Яраштириш комиссияси ва туман Хотин-қизлар қўмитаси аралашуви билан оилани сақлаб қолишга ҳаракат қилинган. Аммо эрга қилинган панд-насиҳатлар кор қилмасдан аёлга нисбатан зўравонликлар тўхтамаган. Мафтуна барчасини ичига ютиб яшаган. Бора-бора ҳеч кимга мурожаат ҳам қилмай қўйган. Зулмлар остида тақдирига тан бериб яшайверган. Сўнгги марта эса эрининг ваҳшийларча калтаклашидан қочиб кетолмасдан ҳушидан кетган. Энг ачинарлиси, барча таҳқирлашлар ва зўравонликлар унинг икки нафар норасида гўдаги кўзи олдида рўй берган. Афсуски, аёл шифохонада жон таслим қилди. Фарзандлари  эса бўзлаганча қолаверди…

Дарҳақиқат, хотин-қизларга нисбатан зўравонлик қилиниши, уларнинг калтакланиши ёки руҳий босимлар етказилиши каби иллатлардан халос бўлолганимиз йўқ. «Уйдаги гапни кўчага чиқарма»  қабилида тарбия кўрган аёллар кўпинча бор ҳолатни яширишга уринишади. Ҳатто ўз уйида зўравонликка учраётганини яқинларига ҳам айтишмайди, қўрқишади ёки истиҳола қилишади. Аммо буни ўзгартириш вақти келди. Оилада хотин кишига нисбатан бўладиган зўравонлик иллати ҳақида узоқ вақт мамлакатимизда ҳеч нима дейилмади. Лекин бугун бу тўғрида очиқ гапирилмоқда. Таҳлилларга кўра, уч ой ичида «1146»  ишонч рақамига келиб тушган 430 та мурожаатнинг 207 таси турмуш ўртоғи томонидан зўравонликка учраган аёллар томонидандир. Хўш, бугунги кунда бундай ҳолатларга қарши қандай чора-тадбирлар олиб борилмоқда? Зўравонликка учраётган хотин-қизлар қандай йўл тутиши керак?  Бу хусусда мутахассисларга юзландик.

Ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ҳимоя

— 2019 йил 2 сентябрда «Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди, — дейди Адлия вазирлиги масъул ходими Шаҳноза Соатова. — 35 моддадан иборат ушбу қонуннинг мақсади хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ҳамда бошқа жойларда тазйиқлар ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган. Энг муҳими, тазйиқлар ва зўравонликдан жабрланганларни ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ҳимоя қилишдир.

Шунингдек, қонун билан таянч тушунчалар жорий этилди. Яъни зўравонлик, жинсий, жисмоний, иқтисодий, руҳий зўравонликлар, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи, тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, муҳофаза ордери каби тушунчалар мазмун-моҳияти очиб берилди.

Аёлга пул бермаслик ҳам зўравонлик

Айрим эркакларнинг аёлларга нисбатан зўравонликни нормал ҳолат деб қабул қилиши энг катта муаммомиз. Оиладаги зўравонлик турли кўринишларда намоён бўлади. Мисол учун, эркак киши аёлига пул бермаса ва у уй бекаси бўлгани, фарзандларга қараётгани учун ишлашига имкон бермаса, бу — молиявий зўравонлик ҳисобланади. Аёлига ўз қариндошлари ёки дўстлариникига бориб келишга рухсат бермаса, бу — ижтимоий зўравонлик деганидир. Эркак киши аёлига қўл кўтарса, бу — жисмоний зўравонликка киради. Ўзбек аёллари ҳар қандай ҳолатда сир сақлашга уринишади. Бундай ҳолатда энг ёмони жисмоний зўравонликка гувоҳ бўлган ёш болаларнинг руҳияти жароҳатланишидир. Катталар кўпинча кун сайин ўсаётган ва уларнинг хатти-ҳаракатларидан ўрнак олаётган болаларнинг тақлидчанлигини эсдан чиқаради. Оиладаги зўравонлик болалар тарбиясига салбий таъсир қилиши билан бирга, умрининг охиригача етгулик руҳий асоратлар  ҳам қолдиради.

Аёл тиланчилик қилишга мажбур бўлган

— Бугунги кунда оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган, оилавий муаммолар, маиший зўравонлик гирдобида қолган аёлларни аниқлаш, уларни соғлом турмуш тарзига қайтариш энг долзарб масалага айланди, — дейди Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг маслаҳатчиси полковник Муроджон Каримов. — Жорий йилнинг 13 январида пойтахтимиздаги Хотин-қизлар масалалари бўйича профилактика инспекторлари кўчада сарсон бўлиб юрган бир нечта аёлга кўмак берди. Мисол учун, Чилонзор туманидаги бозор ёнида бир аёлнинг тиланчилик қилаётгани хотин-қизлар масалалари бўйича профилактика инспекторларини эътиборсиз қолдирмади. Совқотиб қолган аёл ички ишлар бўлимига олиб борилиб  аввал иссиқ чой берилди. Сўнг шахси аниқланди ва пойтахтга кимнинг олдига келгани, нима учун бундай қилишга мажбур бўлгани ҳақида сўралди. Маълум бўлишича, самарқандлик 57 ёшли Маҳбуба опа турмуш ўртоғининг вафотидан сўнг тазйиқ ва зўравонликларга учраган, фарзандлари билан кўчага ҳайдалган. Маҳбуба опанинг борар жойи бўлмагани учун пойтахтга иш излаб келган. Устига-устак, яқинда ўғли оламдан ўтгач, аёл руҳий тушкунликда, болалари билан сарсону саргардон юрган. Маҳбуба опа ва унинг фарзандлари реабилитация марказига жойлаштирилди. Афсуски, ҳақ-ҳуқуқларини талаб эта олмайдиган аёллар орамизда оз эмас.

Бугунги кунда тазйиқ ва зўравонликдан жабр чекаётган хотин-қизларга профилактика инспектори томонидан ҳимоя ордери берилишини ҳамма жабрдийдалар ҳам билавермайди.

Ҳимоя ордери нима?

— Ҳимоя ордери — тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига сабаб бўладиган ҳужжат ҳисобланади, — дейди Хотин-қизлар қўмитасининг Фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик қилиш ва халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Дилором Қўзиева. — Ҳимоя ордери билан жабрланувчи ва унга шикаст етказган шахснинг алоқаси тақиқланади. Яъни бу жабрланувчи билан зўравоннинг бир хонада бирга бўлишини тақиқлаш дегани. Зўравоннинг зиммасига жабрланувчини даволаш, унга маслаҳат бериш, уни тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказга жойлаштириш учун харажатларнинг, етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш, шунингдек, маънавий зиённи компенсация қилиш мажбурияти юклатилади.

Агар ҳимоя ордерини бериш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш чоғида зўравоннинг қилмишида Жиноят кодексида назарда тутилган жиноят белгилари аниқланса, ҳимоя ордерини бериш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш билан бир вақтда иш материаллари жиноий жавобгарликка тортиш масаласини ҳал қилиш учун тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга юборилади.

Ҳимоя ордери жабрланувчига маиший зўрлик ишлатилганлиги далили белгиланган вақтдан бошлаб бир сутка ичида берилади. Ордер 15 кунгача амал қилади, амал қилиш муддатини 30 кунга узайтириш мумкин. Ҳимоя ордерлари ҳудудий ИИБ томонидан берилади.

Ҳимоя ордери шартлари бузилса…

Бундан кейин бирон хотин-қиз тазйиқ ва зўравонликдан жабрланса ёки  шундай ҳолат содир этилиши таҳдиди бўлса, ариза билан тегишли ваколатли орган ва ташкилотларга ҳамда судга мурожаат этишга ҳақли.

Шунингдек, улар махсус марказларда ишонч телефони орқали бепул ҳуқуқий маслаҳат олиши мумкин. Ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш, ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилишга ҳақли. Ҳимоя ордери шартлари бузилган тақдирда уларни бу ҳақда хабардор қилиш, содир этилган тазйиқ ва зўравонлик натижасида ўзига етказилган моддий ҳамда маънавий зарарни қоплаш талаби билан судга мурожаат этишлари ҳам мумкин. Судга мурожаат этганида улар давлат божи тўлашдан озод қилинади.

Хулоса ўрнида

Тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган аёлларнинг давлат ва жамоат ташкилотларидан ёрдам олиши менталитетимиз учун янгилик. Лекин бу энг мақбул чора экани бугун ўз исботини топмоқда. Юртимизда 194 та зўравонлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази фаолият олиб бормоқда. Айнан мана шу марказлар ўзининг шарт-шароит ва имкониятлари билан оғир вазиятларга тушиб қолган хотин-қизларга ҳар томонлама кўмак кўрсата олиши керак. Уларда фаолият олиб бораётган ходимлар жабрдийда аёлларга астойдил, қалбан ёрдам беришга доим шай туриши лозим. Шундагина муаммоларнинг олдини олиш ёки қайсидир жабрланган аёлни жамиятга қайтариш мумкин.

Нилуфар ЮНУСОВА

Манба: “Mahalla” газетаси, 3-сон

Бошқа хабарлар