Ҳудудсиз жилва қаршисида

240

– Биз боймизми ёки камбағал?
Неварасининг бу саволи олдинига Дилдоранинг кулгисини қистади, кейин жиддий торттирди.
– Албатта, бадавлатмиз, тўрт мучамиз соғ, ота-онанг ишлаяпти, аканг яхши баҳога ўқияпти, қариндошларимиз, дўстларимиз кўп, дастурхонимиз тўкин, кийимларинг чиройли, – деди.
– Шу бойликми? Ана, Шоҳидаларнинг иккита машинаси, иккита уйи бор экан, биз боймиз, деяпти.

Бу гапни эшитгач, Дилдора «Болаларимизни қандай руҳда тарбиялаяп­миз, уларнинг онгига нималарни сингдиряпмиз?» деган саволлар оғушида қолди.
…Отаси болалигида унга «Одам эҳтиёжларининг чегараси йўқ. Бугун ёғоч қошиқда овқатланяпсан. Эртага никел қошиқ сотиб олсанг, индинга кумуш, кейин олтин қошиқни истаб қоласан. Яхшиси, шу ёғоч қошиқдан қолма» деганди. Бу насиҳатга амал қилиб, адашмади. Талабалик йиллари ўтган асрнинг 90-йилларига тўғри келди. Ўтиш даври қийинчиликлари уларнинг турмушига ҳам таъсир ўтказмай қолмаган. Гоҳ иссиқ овқатсиз, гоҳ нонсиз қолиб кетган пайтлари бўлган. Битта ёзги, битта куз ва баҳорги битта қишки кўйлаги бор эди. Ўқишни тугатгунча бир пальто ва этикда юрган. Бироқ ҳеч қачон ўзини камбағал деб ҳисобламаган. Ҳеч қачон қимматбаҳо либос кийиш ёки тақинчоқ тақиш, машина миниш орзусида яшамаган. Лекин, орадан йиллар ўтиб, ҳалол меҳнати туфайли кўп нарсаларга эришди. Уйли, машинали бўлди. Бироқ шунда ҳам уларга мулк сифатида эмас, эҳтиёжига хизмат қилувчи восита сифатида қарайди. Уч фарзанди ҳам олий маълумотли экани унинг учун муҳимроқ.
Балки аёлнинг қарашлари нотўғридир? Бугун ҳаётга, моддиятга бўлган муносабатлар тубдан ўзгарган, шакл мазмундан устун турувчи, инсонларнинг жамиятдаги мавқеи унинг мол-дунёси билан баҳоланадиган замонда чўнтагингда қўшнингникидан кўпроқ пул бўлгани яхшироқдир, ахир, шунда ўзинг­­ни ундан кўра ҳурматлироқ санайсан-ку?!
– Илгарилари зиёлилар бообрў инсонлар саналарди, давраларда уларга тўрдан жой берилар, катта-ю кичик тавозе кўрсатарди, – дейди мактабда ярим асрдан зиёд ўқитувчилик қилиб, ҳозирда кексалик гаштини сураётган Комил ота Сейтжонов. – Ҳозир эса кимнинг пули кўп бўлса, тўр шуники. У ўғрими, маишатпарастми, фирибгарми, фарқи йўқ, муҳими пули кўп бўлса бас. Аслида, инсоннинг обрўси у жамиятга келтираётган фойдаси билан ўлчаниши керак.
Пулдорлар жамиятга фойда келтирмаяптими? Келтиряпти, албатта. Улар тикаётган сармоялар натижасида ишлаб чиқариш, саноат, тиббиёт ва бошқа соҳаларда ривожланиш бўляпти. Аммо аксарият одамларнинг пулга нотўғри муносабатлари туфайли жамиятдаги айрим мувозанатлар бузилаётгани ҳам бор гап.
Сир эмас, ўтган асрнинг 90-йилларидаги иқтисодий тақчиллик кўпчиликнинг тақдирини ўзгартириб юборди. Деярли ҳамма ўзини бозорга урди. Ўқитувчи, врачлар у ёқда турсин, ҳатто, профессорлар, давлат хизматчилари орасида ўз ишини ташлаб хорижга ишлаш учун кетганлар, бозорда савдо-сотиқ билан шуғулланганлар кўп бўлди. ­Ойига юз сўм иш ҳақи олиб юрганлар, бу пулни бир кунда, баъзан бир соатда топ­ганидан кейин, яшаши, сал ўтмай дунёқараши ўзгарди. Улардан бошқалар ибрат олди. Фарзандларини «Ўқиб нима қилардинг, ундан кўра, пул топ» қабилида тарбиялайдиганлар кўпайди.
Жамиятда коррупция авж олишида ҳам ана шу дунёқарашнинг ҳиссаси йўқ эмас. Улар ўзларининг пулдорлигини билдириб қўйиш учун шифокорларнинг, ҳуқуқ тартибот идоралари вакилларининг чўнтакларига пул солиб ­қўйишди, ўқитувчиларга совға-салом бериб, боласининг синфдаги обрўйини оширишди. Буни қарангки, ҳамма уларнинг ноғорасига ўйнай бошлади. Ким ўзарга уй қуриш, машина олиш, тўй қилиш, хонанда-ю раққосаларга катта миқдорда пул таклиф қилиш…
«Ҳамма нарсани пул ҳал қилади» деган дунёқараш шууримизга шунчалик сингиб кетдики, пул топиш кўпчиликнинг ҳаёт мазмунига айланди. Уни яқинларимиздан, керак бўлса, ўз ҳаётимиздан, соғлиғимиздан устун қўя бошладик. Бундай ёндашув ҳозир ҳам давом этмоқда.
Тўғри, пул инсон энг кўп эҳтиёж сезадиган воситалардан бири. Усиз ҳаётимизни, эртанги кунимизни тасаввур қила олмаймиз. Бироқ унга шунчалик интилганимиздан, биз пулни эмас, у бизни бошқарадиган даражага тушиб қоляпмиз. Бунинг оқибатида қўни-қўшнимизга, ҳатто, ота-она, ака-­укаларимизга панд бериб бўлса-да, уни қўлга киритиш учун ҳаракат қиляпмиз. Фирибгарлик авж оляпти. Коррупция барҳам топмаяпти.
Ҳар қандай вазиятда ҳам инсоннинг бош мақсади пул топиш бўлмаслиги керак назаримда. Аслида, пулга эмас, у яратиб берадиган шароитга интилишимиз тўғрироқ бўлади. Одамларни кузатиб, бир нарсани тушундимки, пулинг етарли бўлиши унинг миқдори билан боғлиқ эмас. Кимгадир яшаши учун минг сўм кифоя, кимгадир миллион сўм кам. Хўп, пул топдик ҳам дейлик. Аммо, унинг баракаси қанчалик? Ўзини бойвачча санайдиганларнинг аксарияти топганини маишатга сарфламаяптими? Ҳар қадамда кафе, ресторан… чилимхоналар ҳам кўпаймоқда. Бундан ёшларимиз ибрат олиб, пули бор одам шу тарзда яшаши керак, деган дунёқараш билан улғаймоқда. Касб-ҳунар танлашда шу касбни яхши кўргани учун эмас, шу соҳада даромад яхшилиги, таниши шу ишда ишлаб бойиб кетгани учун танлайдиганлар кўп. Аммо улар ўзлари ҳавас қилган кишилар даражасида бойиб кетолмайди. Чунки мутахассис ўз ишини яхши билиши, ишини чин дилдан бажариши, фаолиятини такомиллаштириш йўлида изланиши натижасидагина даромадга эга бўлади. Ҳатто дунёнинг энг бадавлат инсонлари сифатида донг таратганлар ҳам буни тан олишган.
Пул талвасаси туфайли қиморбоз­­га айланиб қолаётганимиз кўпроқ ташвиш­лантиради. Жамоат транспортига чиқасизми, тўй-маъракага борасизми, албатта, телеканаллардаги ютуқли шоулар, лотарея ўйинлари ҳақида гап боради. «Ўтган ҳафта фалонча машина ўйналди, фалонча одам пул ютиб олди» қабилидаги суҳбатларнинг узундан узоқ давом этиши, ҳатто ёши катта одамлар ҳам шу ўйинларга берилиши бироз ғашга тегади. Тўғри, кимдир нимагадир эга бўлса, бунинг ёмон жойи йўқ. Ёмони, бу ўйинлар ҳаммани домига тортиб, ақл-ҳушини ўғирлаётганидир. Бирданига бойиб кетиш ҳисси шууримизга ўрнашиб олганидан, машаққат билан топган икки сўм пулимизни ҳам кимнингдир чўнтагига солиб қўйяпмиз. Пулимиз увол бўлмасин деб соғлиқ учун зарарли ичимликларни болаларимизга ичиряпмиз.
Айрим китоб дўконларида энг кўзга кўринадиган жойда турган китобларнинг аксарияти пул топиш ва бойиб кетиш ҳақида. Чунки энг кўп ўқилаётганлари шулар. Аслида, пул эҳтиёж воситаси, тириклик манбаи эмас. Дунёда пулга сотилмайдиган нарсалар кўп.
Бир нарса аниқки, қонун устувор, инсонпарвар жамиятдагина пул инсоннинг ёрдамчисига айланиши мумкин. Аксинча бўлса, одамлар пулнинг қулига айланиб бораверади. Инсон қачон ўзининг пулдан устун эканини анг­лаб етади? Қачонки, унинг соғлиғи, билими, касб-ҳунар эгаси бўлишига, илмий изланишлар бажаришга етарли маблағ ажратилса, эътибор қаратилса.
Баъзи бировларнинг пулга бўлган талпинишларини кўриб, «Шу одам пул нега кераклигини билармикин?» деган хаёлга толасан киши. Пулни деб жонини хатарга қўяётган кишининг ҳаракатини тушуниб бўлмайди.
Тўғри, пулсизлик ҳам кишини таназзулга етаклайди. Камбағаллик кишини аламзада, ҳасадгўй қилиб қўйиши мумкин. Етар-етмаслик оқибатида касаллик кўпаяди, оилавий можаролар юзага келади, болалар билимсиз бўлиб улғаяди.
Бунинг олдини олиш учун жамиятда ўртаҳол қатламни кўпайтириш таклиф қилинаётгани ниҳоятда ўринли. Бироқ бу қатламни қандай кўпайтириш механизмлари аниқ ишлаб чиқилмаган. Солиқларни ёки коммунал тўловларни табақалаштириш, эҳтиёжмандларга моддий ёрдам бериш муаммога ечим бўлолмайди. Бандлик масаласини тўла ҳал қилиш, меҳнатга яраша ҳақ тўлаш, келажак эгаларига муносиб билим бериб, касб-ҳунар эгаллашларига эришиш орқали ўртаҳол қатламни кўпайтириш мумкин. Агар эҳтиёжманд одамнинг билими, ҳунар эгаллашга лаёқати бўлмаса, унга ҳар қанча ёрдам бериб ҳам, косасини оқартириб бўлмайди. Аксинча, бажарган сифатсиз иши бошқаларга зарар келтиради.
Хуллас, кўнгли тўқ, иймони бутун одамлар ҳеч қачон пулни деб ўзлигидан воз кечмайди. Аксинча, даромадини эл манфаатлари учун сафарбар қилади. Назаримда, бугун жамиятимиз мана шундай сармоядорларга кўпроқ эҳтиёж сезмоқда.

Муҳаббат Тўрабоева,

«Ishonch»

Бошқа хабарлар