Янги Ўзбекистоннинг янги депутати қандай бўлиши керак?

59

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи ташкилий мажлисида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ишонч, журъат, депутатлардан кутилаётган асосли таклифлар, халқ вакилининг ҳалол ва принципиаллиги, депутатнинг қалби ва виждони уйғоқлиги, мавжуд муаммоларни ҳал этишдаги жонбозлиги, ташаббускорлиги, қатъияти билан ҳар бир депутат ўз тарихини яратиши, ҳар қандай қарама-қаршилик ва тўсиқларга қарамай эмин-эркин гапира олиши лозимлиги ҳақида очиқ ва айни пайтда аччиқ гаплар айтилди.

Давлатимиз раҳбарининг парламент биносидан туриб журналистларга миннатдорлик билдиргани эса бир неча соатда ижтимоий тармоқларни ларзага келтирди. “Кимларгадир журналистлар ёқмаслиги мумкин, аммо менга ёқади”, каби самимий фикрлар эса кейинги уч йилда эришган энг катта ютуғимиз – сўз ва матбуот эркинлиги жамият учун қанчалар муҳим эканини яна бир карра исботлагандек бўлди.

Очиғини айтиш керак: шу кунларда барчамиз Юртбошимизнинг Олий Мажлисга мурожаатини интиқлик билан кутяпмиз. Давлатимиз раҳбари томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг, Олий Мажлис Сенатининг биринчи ҳамда ҳар икки палатанинг қўшма мажлисларида билдирилган таклифлар, илгари сурилган ташаббуслар салмоғи эса мурожаатда кўтариладиган долзарб масалалар миллионлаб юртдошларимиз ҳаётида, ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизда кескин ўзгаришлар ясашидан далолат беряпти.

Шу ўринда парламент қуйи палатасининг дастлабки йиғилишида илгари сурилган ташаббуслар қонун чиқарувчи органнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ролини янада оширишга қаратилгани билан ниҳоятда муҳим бўлганини таъкидлаш жоиз.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, бундан буён қуйи палата сайловчилар манфаатини ҳимоя қилишга ваъда берган депутатлар учун ҳақиқий баҳс-мунозаралар майдонига айланиши лозим. Бунинг учун парламентда мухолиф фракция бўлиши ҳамда у кўпчилик ўринни эгаллаган партия фракцияси билан рақобатлаша олиши керак. Хусусан, мухолиф фракциянинг қонун лойиҳаларининг муқобил вариантини киритиш учун қонуний ҳуқуқларидан самарали фойдалана олиши ниҳоятда муҳимдир.

Тан олиш керакки, шу кунгача қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан киритилаётган қонун лойиҳаларининг сифати хусусида ҳар доим ҳам ижобий фикр билдириб бўлмасди, яъни қуйи палата уларни Конституция ва қонунларга ҳамда юридик техника қоидаларига мослигини таъминлаш билан шуғулланарди, холос. Ўтган давр мобайнида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳаларининг қарийб 70 фоизи депутатлар томонидан қайта ишлангани ҳам бунга мисол бўлиши мумкин.

Ваҳоланки, парламент кўпроқ концептуал масалаларни ҳал этиши, агар қонун қабул қилинадиган бўлса, депутат ушбу қонундан халққа қандай наф тегади, каби саволларга жавоб беришга эришиши лозим.

Бунинг учун эса депутат ўз қатъий позициясига эга бўлиши, аҳоли манфаатига хизмат қилмайдиган қонунларнинг қабул қилинишига йўл қўймаслиги шарт.

Шу ўринда Давлатимиз раҳбарининг парламент назорати таъсирчанлигини кучайтириш борасидаги таклифлари ҳам қонун чиқарувчи органнинг ҳокимиятлар ўртасидаги мувозанатни таъминлашга хизмат қилишини таъкидлаш жоиз. Айниқса, бюджет ижросини назорат қилишда парламентнинг талабчанлиги кучайтирилиши лозим. Зеро, давлат бюджетининг ҳар бир сўми учун ижро ҳокимияти парламент олдида ҳисобдор бўлиши, Президентимиз таъбири билан айтганда, Молия вазири доимо парламентдан “ҳайиқиб туриши” лозим. Гарчи “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, парламент назоратининг 15 та шаклидан 6 тасида қўмиталарнинг бевосита иштироки назарда тутилган бўлса-да, аксарият ҳолларда бундай имкониятлардан самарали фойдаланилмаётган эди. Шунинг учун ҳам, энди парламент қўмиталари қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан доимий мониторинг олиб бориши лозим бўлади.

Яна бир масала. Бу мансабдор шахслар номига юборилаётган депутатлик сўровларидир. Таъкидлаш лозимки, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, депутат мансабдор шахсларга, қоида тариқасида, тегишли сайлов округи сайловчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан сўров юборади. Яъни, ҳар қандай сўров ортида сайловчи манфаати туради. Бироқ, амалиётда айрим мансабдорлар бундай сўровларга беписанд қараб, унга ўз вақтида жавоб қайтармасдилар. Ёки депутат сўровига жавобни мансабдор шахснинг ўзи эмас, бунга ваколати бўлмаган бошқа шахслар қайтарар эди.

Масалан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ўтган 5 йил ичида 856 та сўров юборилган. Таъкидлаш лозимки, ўтган 2019 йилда жами 242 та депутат сўрови муайян идоранинг биринчи шахси (раҳбари) номига юборилган бўлса, уларнинг 175 тасига (72 фоиз) ўринбосарлар томонидан, 13 тасига (5 фоиз) қуйи ташкилот раҳбарлари ва 2 тасига (1 фоиз) умуман бошқа идора вакиллари томонидан жавоб қайтарилган.

Халқ вакили сўровига бундай беписандликни ҳам Президентимиз кескин танқид қилдилар. Шу билан бирга, депутат сўровига жавоб хати кимга юборилган бўлса, айнан ўша мансабдор шахс томонидан имзоланиши зарурлигини қонунда белгилаш таклиф этилди.

Президентимизнинг ушбу таклифлари депутатлик фаолияти кафолатларини кучайтиришга, мансабдор шахсларнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини оширишга хизмат қилади, албатта.

Бир сўз билан айтганда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи мажлиси мазмун-моҳияти билан тарихий мажлис бўлди. Энг муҳими унда янги Ўзбекистоннинг янги депутатлари қандай киши бўлиши лозим, деган саволга мукаммал жавоб қайтарилди.

Жаҳонгир ШИРИНОВ

Манба: “Иқтисодий газета”

Бошқа хабарлар