Мангуликка дахлдор ижод

172

Инсон яралибдики, вақт аталмиш олий ҳакам измига бўйсунади. Аммо дунёда бир нарса борки, у қанча замонлар ўтса-да, ўз қимматини йўқотмайди. Бу инсондан қолган яхши ном, мангуликка дахлдорликдир. Бундан беш юз йил илгари ёзилган шоҳ сатрлари, олтинга тенг битиклари билан ҳамон дунё аҳлини лол қолдириб келаётган Навоий бобомиз шахси ҳақида ана шу фикрларни айтгимиз келади. Зеро, ҳазратнинг ўзи ёзганидек:

«Бу гулшан ичра йўқдир
бақо гулига сабот,
Ажаб саодат эрур чиқса
яхшилик бирла от».

Ҳа, Навоий ҳақида, унинг жаҳон халқлари адабиётида тутган ўрни ҳақида қанча гапирсак, ёзсак – оз. Улуғ зот яратган маънавий хазина, ноёб дурдоналар инсоният йўлини ёритувчи нур, уни саодатга элтувчи йўл, жаҳолатдан халос этувчи нажот бўлиб хизмат қилмоқда.
Адабиётшунос олим А.Ҳайитметовнинг қайд этишича, Навоийнинг ўзбек тилидаги шеърлари умумий миқдори «Хазойин ул-маоний» бўйича 3 минг 130 тадан зиёд. Бунга шоирнинг «Девони Фоний»­даги, бош­­қа асарларидаги лирик шеърлари қўшилса, 4000 тадан ортади. Бироқ Навоий ҳақидаги асарларда, шу жумладан, навоий­шуносларнинг битикларида шоир яратган асарлар миқдори бир ўринда 20 та, иккинчи ўринда 26 та, учинчи ўринда 32 та деб кўрсатилади.
Бизнингча, Навоий асарларининг миқдорини бошқача санаш, унинг ҳар бир шеърини, у ғазал, қитъа, рубоий бўладими – тугалланган асар деб ҳисоблаш керак. Масалан, Пушкин ёки Лермонтовнинг ҳар бир шеърига алоҳида асар деб қаралади-ку! Навоийнинг ўзи ҳам ўзини 20 та ёки 26 та асар ёзган деб ҳисобламаган, аксинча, бир қитъасида: «Менинг асарларим миқдори мингларча, уларни ҳеч ким ўғирлаб, тўла ўзлаштириб кета олмайди», деб қайд этади.

Эй Навоий, сўз ила онча
гуҳар сочтингким,
Баҳру қон кирди карб ерга
сенинг килкингдан.
Бирига ё ўнига ё юзига ё мингига
Дегай эл, найлагай ортиқ
эса эллик мингдин.

Олимларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, буюк шоир ўз ижодий фаолияти давомида қўллаган сўзлар йиғиндиси ҳалигача ҳеч бир шоирга насиб этмаган. Унинг бадиий ва илмий асарларида бирорта сўз ноўрин ишлатилгани ҳалигача қайд этилмаган.
Навоий – бизнинг фахримиз, ғуруримиз. Кўплаб хорижий юртларда бобомизнинг ҳайкаллари ўрнатилган. Кутубхоналарида «Хамса», «Танланган асарлар», лирик ­тўпламларини севиб ўқишади.
Юртимизда ҳам бобомиз меросини ўрганиш, навоийшунослик яхши йўлга ­қўйилган. Аммо бу ҳали етарли эмасдек, назаримда. Истардимки, ҳар бир инсон қалбига Навоийнинг ўлмас сатрлари муҳрланса. Ана шундагина ҳақиқат, эзгулик, диёнат, муҳаббат доимо ғолиб бўлади.

Сайёра ҲОЖИЕВА,
Балиқчи туманидаги 12-давлат
ихтисослаштирилган мактаб-
интернат ўқитувчиси

Бошқа хабарлар