Ниқоб ортига яширинган виждон

268

Мен бозордаги вазиятдан кўз-қулоқ бўлиб турадиган, аҳён-аҳёнда қуюшқондан чиқадиган «учарлар»нинг танобини тортиб қўядиган (тўғрироғи, тортиб қўйиши керак бўлган) назорат идораларининг «дўқ-пўписалари»га унчалик ҳам ишонмай қўйганман. Уларнинг иш тутуми худдики ёш бола кимдандир шикоят қилиб келганда, «Ҳали шошмай турсин у, адабини бериб қўяман» қабилидаги ёлғон манзиратга ўхшайди. Бундан бошқача эмас…

Эсингиздами, 2018 йил охири, 2019 йил бошларида газ «заправка»ларда нарх бирданига 2000-2200 сўмгача кўтарилиб кетганда, ЎзА ва бошқа оммавий ахборот воситалари роса ёзди, «Нега?», «Нима учун?» деган саволларни кўндаланг қўйди. Гап-сўз кўпайгач, ноилож Молия вазирлиги катта саҳнага чиқди. «Нархни оширганни у қиламиз, бу қиламиз» деди.
Ёлғон бўлмасин-у, ўша ҳафталарда айрим «заправка»ларда газ баҳоси 1800 -1900 сўмга пасайган бўлса, баъзиларида атиги 100 сўмга туширилиб, ҳееееч қўрқмай 2100 сўмдан сотилаверди. Шу билан бу мавзу ёпилди, «алдагани шофёрлар яхши» бўлди… Икки орада барибир таъминотчи ютди: 400-500 сўмдан доимий қўшимча даромадни йўлга қўйволди… Шу воқеадан тахминан 6-7 ой ўтиб, нарх 2600 -2650 сўмга чиқди. Аммо бу гал Молия вазирлиги «қораси»ниям кўрсатмади… Кўрсатганда нимаям дерди? «Сабр, укам, сабр» дерди-да…
Нега энди яқин ўтмишни эслаб қолдинг, дерсиз? Хуллас, кеча Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг аптекаларда «маска» нархи ошиб кетаётгани ҳақида билдирган муносабатини ўқиб, беихтиёр газ воқеаси ёдга тушиб кетди. Агентлик нима деяпти? «Ваколат доирамизда назоратга оламиз», «Лицензия талаблари ва шартларини бузганларнинг лицензиясини олиб қўямиз», деяпти.
Ўша ваколатнинг кучи қай даражада? Кимга етади? Биров писанд қиладими? Лицензиясини олиб қўйса-чи? «Ўзбекконцерт»га ўхшаб, босимдан қўрқиб, бир кунда дарров яна қайтариб бермайдими? Ҳар нарса бўлиши мумкин…
Билмадим, шахсан менда ишонч йўқ. Ҳисобот учун 10-15 та дорихонадаги нархни «ушлаб» қўйиб, кўкрагига урмаса, қолганида вазиятни ўзгартира олади, деб ўйламайман. Бўлмаса, ҳали-ҳануз «маска»лар 1500 – 2000 сўмдан сотилиб ётмасди.
Аслида, одамда қалб, виждон, миллатпарварлик, оқибат бўлса ҳеч қандай назоратчи-ю агентлик керак эмас… Вазиятдан унумли фойдаланаётган «тадбиркор» дўстим, айтинг, ўша ниқобни ким тақади? Бегона эмас. Санаб берайми? Кексалар, оналар, оталар, сингиллар, укалар, болалар, дўстлар, яқинлар, қондошлар…сиз, мен, биз, ҳаммамиз, бутун юртимиз! Қаранг, орамизда бегона борми? Йўқ! Демак, инсоф-у диёнатни, виждонни ўртага қўйиб, чуқур ўйлаб кўринг…

platforma.uz

Бошқа хабарлар